СУД ТИЗИМИ УЧУН ЯНГИ ЗАМОНАВИЙ МЕДИА-СТРАТЕГИЯЛАР
ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
МАЪНАВИЙ КЎПРИККА ҚИЁС МУЛОҚОТ суд фахрийлари билан учрашувлар давом этмоқда
ХАЛҚАРО ЎҚУВ КУРСИ ЯКУНЛАНДИ: халқаро экспертлар таассуротлари
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2026 йил 24 апрелдаги қарори билан 3 нафар судья судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига, 8 нафар судья ваколат муддати даврига бошқа судьялик лавозимларига, 4 нафар судья раҳбарлик лавозимларига тайинланди. (https://qaror.sjco.uz/pdfs/2122) Шу билан бирга, 4 нафар судья лавозимидан озод этилди. (https://qaror.sjco.uz/pdfs/2123) Судьялар олий кенгашининг қарорлари билан https://qaror.sjco.uz/ платформасида танишиш мумкин.
Бугун “Суд журналистикаси” ўқув курси тингловчилари Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида амалий машғулотда иштирок этишди. Улар талончилик жиноятига оид суд жараёнини кузатиб, жиноят ишлари кўриб чиқилишининг ўзига хос хусусиятлари билан яқиндан танишишди. Ушбу амалиёт бўлажак суд журналистлари учун энг муҳим бўлган жиҳат – суд процессларини ёритиш жараёнида холислик ва масъулиятни янада чуқурроқ англашга кўмаклашади. Курс тингловчилари суд залида айтилган ҳар бир маълумотни текширувсиз эълон қилиш нотўғри эканини ҳамда ҳар бир сўзнинг ортида катта ҳуқуқий оқибатлар туришини амалда ҳис этишди. Муроджон Шерматов, Одил судлов академияси ўқув бўлими бош мутахассиси: — Биз “Суд журналистикаси” курси тингловчиларини дуал таълим тизими асосида тайёрлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Курс бошланганидан кейин, унинг биринчи босқичида Академияда суд органлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, умуман суд институтининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва роли билан боғлиқ фундаментал назарий билимлар берилди. Дарс машғулотларини журналистика соҳасида катта тажрибага эга машҳур журналистлар, шунингдек узоқ йиллар суд тизимида фаолият юритган малакали мутахассислар (собиқ судьялар) олиб боришди. Жумладан, журналистларнинг суд залида кузатувчи сифатида иштирок этиш тартиби, маълумотларни тўплаш ва уларни кенг жамоатчиликка холис етказишнинг ҳуқуқий асослари ўргатилди. Таълимнинг иккинчи босқичи — бевосита амалиёт билан уйғунлаштирилди. Бу босқичда тингловчилар олган назарий билимларини суд залларида синовдан ўтказмоқдалар. Улар судья, прокурор, адвокат, даъвогар ва жавобгарнинг процессуал мақомини бевосита суд жараёнини кузатиш орқали чуқур англаб етишмоқда. Бундай ёндашувдан кўзланган асосий мақсад — келажакда ўз ишининг устаси бўлган профессионал суд журналистларини тарбиялашдир. Абдуллаева Рушана, “Суд журналистикаси” курси тингловчиси: — Дастлабки амалий машғулотда биз Тошкент шаҳар маъмурий судида суд процессини кузатган бўлсак, бугун жиноят ишлари бўйича суд ишида иштирок этдик. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар икки суднинг иш юритиш тартиби ва қўлланиладиган ҳуқуқий терминологиясида сезиларли фарқлар мавжуд экан. Шу маънода айтаманки, ушбу амалиёт биз учун суд тизимининг ўзига хос қирраларини очиб бермоқда. Олган билимларимиз ва орттирилган тажрибаларимиз кейинги машғулотларга бўлган қизиқишимизни янада оширмоқда. Суд жараёнларида иштирок этиш орқали шаклланган кўникмалар келгусида суд жараёнларини ёритишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Мутахассис воқеани фактларга таяниб, айбсизлик презумпциясига амал қилган ва ахборотни мувозанатли тақдим этган ҳолда ёритишни ўрганади. Натижада, журналист шунчаки хабар берувчи эмас, балки жамоатчиликка аниқ ва ишончли маълумотларни етказувчи профессионал сифатида шаклланади...
Меҳр-оқибат, садоқат ва эзгулик тимсоли бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни асраб-авайлаш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бошқарув тизимида фаолият юритаётган аёл раҳбарлар ҳиссаси сезиларли даражада ўсиб бораётганлиги ҳам ушбу саъй-ҳаракатлар самарасидир. Бугунги кунда қайси бир соҳани олиб қараманг, муҳтарама аёлларимиз, дилбар опа-сингилларимиз янги Ўзбекистон тараққиёти учун ўзларининг чинакам иқтидорларини намоён қилмоқда. Суд органларида ҳам гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг одил судловдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ва энг муҳими суд тизимидаги ушбу ислоҳотлар ўзининг аниқ амалий натижаларини бермоқда. Ҳозирги пайтда 250 нафардан ортиқ аёл судьяларимиз одил судловни амалга оширишдек ниҳоятда масъулиятли ва шу билан биргаликда шарафли касбда фаолият юритишмоқда. Аёл судьялар орасида энг қуйи суд тизимидан бошлаб, Олий судгача бўлган барча бўғинларда раҳбарлик лавозимларида ишлаётганликлари аёл судьяларимиз нечоғли билимли, зукко ва талабчан эканликларидан далолат беради. Ана шундай муҳим натижалардан яна бири, мамлакатимиз судьялар ҳамжамиятида янги бир мустақил тузилма – Ўзбекистон аёл судьялари ассоциациясининг ташкил этилганлигидир. Янги ташкил этилган ушбу Ассоциация олдида аёл судьяларнинг юксак ахлоқий мезонларга содиқлиги, уларнинг касбий мустақиллиги ва масъулиятини таъминлаш сингари муҳим устувор вазифалар турибди. Ўзбекистон суд тизими тарихида биринчи бор ушбу ассоциациянинг вужудга келиши, ниҳоятда муҳим институционал янгилик сифатида баҳоланади. Чунки, бу тузилма Ўзбекистонда илк бор аёл судьяларни ягона платформа асосида бирлаштирган, уларнинг касбий фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ва малакасини оширишга қаратилган алоҳида ташкилот сифатида шаклланади. 2026 йил 5 март куни куни Тошкент шаҳрида халқаро аҳамиятга эга бўлган 10 март – Халқаро аёл судьялар куни ҳамда Ўзбекистон Аёл судьялар ассоциацияси ташкил этилганлиги муносабати билан жуда катта тантанали байрам тадбири, шунингдек “Одил судловни амалга оширишда аёл судьялар ўрни” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу халқаро конференцияда бир қатор хорижий мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар иштирок этишиб, Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси ташкил этилганини юксак баҳолашди. Хусусан, Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди судьяси Фу Лейнинг фикрича: – Ҳақиқатдан ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон суд тизимида кенг кўламли демократик ислоҳотлар ўтказилмоқда. Жумладан, судьялар ҳамжамияти тизимида алоҳида мустақил ташкилий тузилма сифатида Аёл судьялар ассоциациясининг ташкил этилиши одил судловни амалга оширишда аёл судьянинг ўрни ва роли янада мустаҳкамланишига олиб келади. Ривожланган мамлакатларнинг тажрибасида бундай мустақил тузилмалар суд органлари демократик тамойиллар асосида ривожланишига олиб келганлигини кўришимиз мумкин. Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг судьяси Жунуспекова Салтанат Серикжановнанинг фикрига кўра, “Аёл судьялар ассоциациясининг ташкил этилишини Ўзбекистон суд тизими тарихига алоҳида ҳарфлар билан ёзиладиган муҳим воқеа сифатида баҳолаш керак. Ушбу янги тузилма суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш орқали аёл судьяларнинг жамиятдаги нуфузи юксалишига ҳам олиб келади. Юқорида халқаро экспертлар томонидан тўғри таъкидланганидек, Ўзбекистон аёл судьялари ассоциациясининг ташкил этилиши, аввало, мамлакатимизда гендер тенглик тамойиллари амалий мазмун касб этаётганининг ёрқин далилидир. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, бунда айниқса, аёллар, болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар манфаатларини суд органлари орқали самарали таъминлаш Ассоциация фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўрни келганда алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур тузилма орқали аёл судьяларнинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланиб, уларнинг суд ҳокимиятидаги роли янада кучаяди. Шу билан бирга, Ассоциация аёл судьяларнинг касбий ривожланиши, тажриба алмашиши ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим институтга айланади. Ўзбекистон Аёл судьялар ассоциация ўзининг фаолиятида суд амалиётини такомиллаштириш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали адолат мезонларини ҳаётга изчил татбиқ этишга интилади. Шунингдек, аёл судьяларнинг касбий малака ошириш, илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва замонавий ёндашувларни жорий этиш орқали судьялар фаолияти самарадорлигини юксалтиришга алоҳида аҳамият қаратилади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур ташаббус нафақат миллий доирада, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилди. Хусусан, Халқаро аёл судьялар ассоциацияси томонидан Ўзбекистон аёл судьялари ассоциациясининг эътироф этилиши – бу Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг суд ҳокимиятидаги ролини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил давлат сиёсатининг халқаро миқёсда эътироф этилганлигини англатади. Айни пайтда, ушбу эътироф Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси фаолиятини янги босқичга олиб чиқиб, унинг халқаро ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ҳамда суд амалиётини янада такомиллаштириш учун мустаҳкам асос яратади. Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон аёл судьялари ассоциациясининг ташкил этилиши давлат сиёсати даражасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон аёл судьялари ассоциациясининг ташкил этилганлиги – бу мамлакатимизда адолатли жамият барпо этиш, гендер тенгликни таъминлаш ва суд тизимини янада такомиллаштириш йўлида қўйилган муҳим қадамдир. Ушбу ташаббус нафақат бугунги кун, балки келажак тараққиёти учун ҳам мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Янги ташкил этилган Ўзбекистон Аёл судьялар ассоциацияси тез орада судьялар ҳамжамиятининг энг муҳим ва обрўли тузилмаларидан бири сифатида эътибор қозонишига ва суд тизимида амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга камарбаста бўлишига ишонамиз. Маликахон Қаландарова, Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси раиси, Олий суд раисининг ўринбосари