Янгиликлар

РАСМИЙ МУНОСАБАТ!

ФОЖИА — ТАХМИННИ ФАКТГА, ҚАЙҒУНИ ЭСА АХБОРОТ МАНИПУЛЯЦИЯСИ ВОСИТАСИГА АЙЛАНТИРИШ УЧУН АСОС БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК   2026 йил 15 август куни жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси Азиза Асатовна Мирзаеванинг фожиали йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этгани ҳақидаги хабар кенг жамоатчиликни, шу билан биргаликда судьялар ҳамжамиятини чуқур қайғуга солди. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор чуқур ҳамдардлик изҳор этади. Марҳуманинг хотирасига ҳурмат сақланиши лозим бўлган ушбу оғир дамларда айрим ижтимоий тармоқ саҳифаларида тасдиғини топмаган, текширилмаган тахминлар билан Судьялар олий кенгашининг қонуний фаолияти ҳақида жамоатчиликда нотўғри тасаввур уйғотувчи нохолис фикрлар тарқатилмоқда. Тарқатилган материалда бирор-бир тасдиқловчи ҳужжат ёки ишончли манба келтирилмасдан, марҳума судьянинг жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси лавозимига тайинланиши гўё “ихтиёрий эмас, мажбурий розилик натижаси” бўлгани тахмин қилинган. Шунингдек, судьяларнинг яшаш жойидан бошқа ҳудудда фаолият юритишига нисбатан “сургун” ибораси қўлланиб, фожиали йўл-транспорт ҳодисаси мазкур тайинловнинг оқибатидек талқин қилинган. Бу иддаолар ҳеч қандай ишончли далил ва ҳуқуқий асосга эга эмас: биринчидан, Судьялар олий мактабини тамомлаш номзоднинг автоматик тарзда ёки дарҳол судьялик лавозимига тайинланишини кафолатламайди. “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, бўш судьялик лавозимлари ҳақидаги ахборот Кенгашнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга оширилади. Номзод эса муайян бўш судьялик лавозимини эгаллаш учун ўтказиладиган танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза беради. Шу сабабли, Судьялар олий мактабини тамомлаш билан судьялик лавозимига тайинланиш ўртасида маълум вақт ўтганини номзоднинг тайинланиши атайлаб кечиктирилгани сифатида кўрсатиш қонунчиликда белгиланган танлов тартибининг моҳиятига мувофиқ эмас; иккинчидан, А.Мирзаева жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси лавозимини эгаллаш учун танловда ўзининг ёзма аризаси ва розилиги асосида иштирок этган. Кенгашнинг 2024 йил 18 декабрдаги қарори билан у судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси лавозимига тайинланган. Шундай экан, номзоднинг ўз хоҳиш-иродаси ва розилиги асосида амалга оширилган қонуний тайинловни “мажбурий розилик натижаси” сифатида талқин қилиш ҳақиқатга зид; учинчидан, А. Мирзаева судьялик лавозимига тайинланган 2024 йил 18 декабрь ҳолатига кўра, у яшаб ва меҳнат қилиб келган Самарқанд вилоят судида бўш судьялик лавозими мавжуд бўлмаган. Судьялик лавозими номзоднинг яшаш манзилига қараб яратилмайди. Номзод қонунчиликда белгиланган тартибда эълон қилинган мавжуд бўш лавозим учун танловда ўз хоҳиш-иродаси билан иштирок этади. Судьяларнинг, шу жумладан аёл судьяларнинг оилавий ва ижтимоий шароитларига имкон қадар эътиборли ёндашиш зарурати инкор этилмайди. Аксинча, Кенгаш судьяликка номзодларни кўриб чиқишда уларнинг оилавий ва ижтимоий шароитларини ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Жумладан, Кенгашнинг ўтган ҳафта ўтказилган сўнгги мажлисида Навоий вилоятида истиқомат қилувчи аёл номзоднинг Қарши туманлараро иқтисодий судидаги бўш судьялик лавозимини эгаллаш масаласи кўриб чиқилди. Муҳокама жараёнида номзоднинг оилавий шароити ҳамда унинг бошқа вилоятда фаолият юритиши оиласи учун қийинчилик туғдирмаслиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Номзод мазкур лавозимда ишлаш истаги қатъий эканини билдирди. Турмуш ўртоғи ҳам бу қарорни қўллаб-қувватлашини, оиласи билан Қашқадарё вилоятига кўчиб боришини ҳамда ўз иш фаолиятини шу ҳудудга ўтказишини маълум қилди. Номзод танлов натижаларига кўра Қарши туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига тайинланди. Ушбу мисол Кенгаш аёл номзодларни судьялик лавозимига тайинлашда уларнинг оилавий ва ижтимоий шароитларига имкон қадар эътибор қаратишини кўрсатади. Бироқ, ҳар бир аёл судьяни айнан ўзи истиқомат қиладиган ҳудуддаги лавозимга тайинлаш имконияти ҳамиша ҳам мавжуд эмас. Чунки, тайинлов масаласи мавжуд бўш судьялик лавозимлари, қонунчиликда белгиланган танлов мезонлари, номзодларнинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда уларнинг эркин хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилади; тўртинчидан, судьяни унинг розилигисиз бошқа судьялик лавозимига ўтказишга қонунчилик йўл қўймайди. Хусусан, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 73-моддасига мувофиқ, судья ваколатлари муддати даврида фақат ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан бошқа судьялик лавозимига ўтказилиши мумкин. Мазкур талаб судьянинг жинсидан қатъи назар, барча судьяларга бир хилда татбиқ этилади. Ушбу қоида Кенгашнинг амалий фаолиятида ҳам қатъий таъминланади. Шунингдек, судьянинг муайян ҳудудда хизмат қилишига нисбатан “сургун” иборасининг қўлланилиши ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо нотўғри. Қолаверса, бундай ёндашув қонуний тайинловни жазолаш ёки мажбурлаш сифатида кўрсатибгина қолмай, Томди тумани ва у ерда яшовчи аҳолига нисбатан ҳам ҳурматсиз муносабатни ифодалайди. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида яшаётган фуқаролар малакали судьялар томонидан одил судлов амалга оширилишидан тенг даражада манфаатдор. Томди туманида судьялик вазифасини бажариш «сургун» эмас, балки ўша ҳудудда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган шарафли касбий фаолиятдир. Алоҳида таъкидлаш лозимки, фожиали йўл-транспорт ҳодисаси билан марҳума судьямизнинг судьялик лавозимига тайинланиши ўртасида сабабий боғлиқлик мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай расмий хулоса йўқ. Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва бошқа ҳолатларига ҳуқуқий баҳо фақат ваколатли органлар томонидан, қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказиладиган текширув натижаларига кўра берилади. Текширув якунланмасдан туриб, марҳуманинг ўз розилиги асосида амалга оширилган қонуний тайинловни унинг фожиали вафоти билан боғлаш ва шу орқали Судьялар олий кенгашини маънан масъул қилиб кўрсатувчи тасаввур уйғотиш мутлақо асоссиздир. Кенгаш судьялар корпусини шакллантириш ва суд тизими фаолиятига оид асосли танқид, таклиф ва жамоатчилик муҳокамаларини ҳурмат қилади. Бироқ, нохолис, ҳақиқатга зид ва текширилмаган тахминларни тасдиқланган факт сифатида талқин этишга ҳам йўл қўймайди...  Ўзбекистон РеспубликасиСудьялар олий кенгашиМатбуот котиби

17 Август 2026 2435

РАСМИЙ МУНОСАБАТ!

САРАЛАШ САБАБСИЗ ЭМАС...судьяликка муносиблик ҳал қилувчи мезондир “GENERALISSIMUS” телеграм каналида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг касбий қайта тайёрлаш курсларига кириш синовларида иштирок этувчи талабгорлар рўйхатини шакллантириш тартиби юзасидан билдирилган фикрлар Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилди.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ–141-сон Фармонига мувофиқ, касбий қайта тайёрлаш курсларига кириш учун талабгорларнинг тегишли ҳужжатлари Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилади.Кенгашнинг 2025 йил 23 августдаги 2040-сон қарори билан тасдиқланган қабул тартибининг 16-бандига кўра, белгиланган тартибда ўрганилган ва ўрганиш натижалари ижобий баҳоланган талабгорларгина кириш синовларида иштирок этиши мумкин.2026/2027 ўқув йили учун кириш синовларида иштирок этиши мумкин бўлган талабгорлар рўйхати Судьялар олий кенгашининг 2026 йил 5 августдаги 2155-сон қарори билан коллегиал тартибда тасдиқланган.“Мен Ички ишлар органи ходимиман. Қабул учун белгиланган барча параметрларга тўғри келаман: интизомий жазоим йўқ, иш жойимдан ижобий тавсифланганман” деган даъволар – номзод барча мезонларга жавоб бериши учун етарлича асос бўлмайди. Саралашда фақат хизмат интизоми эмас, балки олий юридик маълумот, камида етти йиллик юридик иш стажи, ёш талаби, тиббий чекловлар, фуқаролик ва бошқа ҳуқуқий талаблар ҳам текширилади. Энг муҳими, Судьялар олий кенгаши номзоднинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқатлилиги бўйича унинг судьялик касбига муносиблигини ўрганади.“Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, Кенгаш мажлисларидаги маслаҳатлашув жараёни, аъзоларнинг овози ва фикри сир сақланади. Шу сабабли муайян талабгор бўйича Кенгаш аъзоларининг фикрлари ва овоз бериш тафсилотлари ошкор қилиниши мумкин эмас.Бундан ташқари, постда муаллифнинг шахсига оид маълумотлар келтирилмаганлиги сабабли муайян номзод бўйича ҳолатни текшириш имкони бўлмади.Нозодлар ҳақидаги ахборотларда шахсга доир маълумотларни мавжуд бўлганлиги сабабли, буни жамоатчиликка ошкор қилиш қонунга зид.Номзодларда ўрганиш натижалари бўйича саволлар бўлган тақдирда шахсан Судьялар олий кенгашига келиб маълумот олиши мумкинлиги маълум қилинади.Судьялар олий кенгаши қабул жараёнини янада такомиллаштиришга қаратилган асослантирилган фикр ва таклифларни эътиборсиз қолдирмайди. Саралаш тартиби бузилганини кўрсатувчи асосли далиллар тақдим этилган тақдирда, улар холис ва ҳар томонлама кўриб чиқилиб, қонуний хулоса қилиниши кафолатланади.Шу билан бирга, жамоатчиликка тарқатилаётган маълумотга масъулият билан ёндашиш сўралади.Маълумот учун: қабулга “1000 нафардан ортиқ номзод” эмас, жами 849 нафар талабгор ҳужжат топширган.Ўзбекистон РеспубликасиСудьялар олий кенгашиМатбуот котиби

15 Август 2026 207

Жорий йилнинг 11-13 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг бир гуруҳ судьялари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида

Жорий йилнинг 11-13 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг бир гуруҳ судьялари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида жойлашган судлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида хизмат сафарида бўлишди. Ташриф давомида судьялар Central Criminal Court, London Tribunals Centre, Central London County Court ва Westminster Magistrates’ Court каби турли инстанция ва йўналишдаги судларда бўлиб, маҳаллий судьялар ва суд маъмурияти вакиллари билан учрашиб, фикр-мулоҳазалар алмашишди. Учрашувларда судларни маъмурий бошқариш, ишларни судьялар ўртасида тақсимлаш ва иш юкламасини бошқариш, судьяларнинг кундалик иш жараёни, суд фаолиятини рақамлаштириш ҳамда суд мажлисларини самарали ташкил этиш борасидаги амалий тажриба ўрганилди. Буюк Британиялик ҳамкасблар билан бевосита мулоқотлар жараёнида судьяларимиз электрон иш юритиш тизимлари, судьяларга кўрсатиладиган ташкилий-техник ёрдам, шунингдек фуқароларнинг суд хизматларидан фойдаланиши билан боғлиқ масалаларда амалий кўникма ва тажриба орттиришди. Ушбу сафар доирасида ўрганилган тажриба келгусида Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, жумладан «Суд маъмурчилиги» институтини жорий этиш борасидаги ишларда амалий аҳамият касб этади.

14 Август 2026 237
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech