Янгиликлар

РАСМИЙ АХБОРОТ

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2026 йил 5 июндаги қарорлари билан 2 нафар судья навбатдаги ўн йиллик муддатга, 5 нафар судья судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига, 10 нафар судья бошқа судьялик лавозимларига тайинланди.Шунингдек, 3 нафар судья лавозимидан озод этилди.Судьялар олий кенгашининг қарорлари билан https://qaror.sjco.uz/ платформасида танишиш мумкин.

5 Июнь 2026 180

Мақсад – ихтисослашган суд журналистларини тайёрлашга кўмаклашиш

курс битирувчиларига Сертификатлар топширилди   Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Суд журналистикаси” махсус ўқув курсини тамомлаган тингловчилар – Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг 30 нафар талабасига тегишли Сертификатлар топширилди. Жорий йилнинг 6 апрелидан 25 майига қадар давом этган мазкур медиа-лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тўлақонли етказа оладиган, суд органлари фаолияти тўғрисида холис ва ҳаққоний ахборотларни тайёрлайдиган бўлажак суд журналистларини тайёрлашга кўмаклашишдан иборат. Курс давомида асосий эътибор, бўлажак суд журналистларида суд тизими тўғрисида билим ва тушунчаларни шакллантириш, суд жараёнларини холис, қонуний ва профессионал асосда ёритиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда суд ҳокимиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш ва унинг шаффофлигини оширишда профессионал суд журналистикасининг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади ва қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди: "Бугун миллий медиа-майдонда суд-ҳуқуқ тизимини шунчаки кузатувчи эмас, балки профессионал даражада таҳлил қила оладиган, вазиятга ҳуқуқшунос нигоҳи билан қарай оладиган холис журналистларга эҳтиёж бор. Айтиш мумкин бўлса, дастлабки эксперимент тарзида ташкил этилган ушбу лойиҳа – келажакда суд журналистикаси соҳасида фаолият юритадиган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни шу соҳага йўналтиришга хизмат қилади.  Биз суд органлари фаолиятини ёритишда холисликни таъминлайдиган ихтисослашган кадрлар захирасини шакллантиришни мақсад қилганмиз". Шундан сўнг, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б Ш. Орипов сўзга чиқиб, ушбу ўқув курси бўлажак журналистлар учун ҳақиқий маҳорат ва дунёқараш мактаби бўлганини эътироф этди. У ўз нутқида ҳуқуқий мавзуларни ёритишда ОАВ вакилларининг масъулияти, этика стандартлари ва ахборот хавфсизлиги масалаларига тўхталиб, Судьялар олий кенгашининг ушбу ташаббуси журналистлар ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланишини қайд этди. Икки ойлик ўқув дастури янгича ёндашув – дуал таълим тамойили асосида ташкил этилди. Курс доирасида жами 30 соатлик машғулотлар ўтказилиб, уларнинг 22 соати назарий, 8 соати эса бевосита амалий машғулотлардан иборат бўлди. Назарий босқичда: тингловчилар суд ҳокимиятининг конституциявий асослари, суд тизимининг ташкилий-ҳуқуқий тузилиши, суд қарорларини шарҳлаш маданияти ҳамда медиакоммуникациянинг ҳуқуқий ва этик стандартлари бўйича билим ва кўникмалар олишди. Амалий босқичда: суд биноларида бўлиб, очиқ суд мажлисларини бевосита кузатдилар. Судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш жараёни билан яқиндан танишиб, назарий билимларини амалиётда мустаҳкамладилар. Машғулотларга журналистика соҳасида катта тажрибага эга мутахассислар, ҳуқуқшунос олимлар, Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари ҳамда кўп йиллик тажрибага эга бўлган амалиётчи судьялар жалб этилди. Дарслар интерактив шаклда, қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Тадбирда курс битирувчиларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ҳам тингланди. Шунингдек, ўқув курси доирасида тингловчиларнинг ижодий салоҳияти ва олган билимларини баҳолаш мақсадида ташкил этилган очерклар танлови ғолиблари ҳам тантанали равишда тақдирланди. Рашидова Нуржаҳонбегим (1-ўрин соҳиби): “Ушбу ўқув курси биз, бўлажак журналистлар учун чинакам маҳорат мактаби бўлди. Икки ой давомида суд-ҳуқуқ соҳасига оид жуда кўп керакли ва фундаментал маълумотларни ўргандик, илгари бизга мураккаб туюлган ҳуқуқий атамалар ва айниқса суд процессларининг моҳиятини чуқур англаб етдик. Назарий билимларни бевосита суд биноларида, реал суд мажлисларини кузатган ҳолда амалиёт билан мустаҳкамлаганимиз бизга катта тажриба берди. Мана шундай шароит ва имкониятни яратиб берган Судьялар олий кенгаши раҳбариятига ва барча устозларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Олган билимларимиз келгусида тизимни холис ва профессионал ёритишимизга хизмат қилади, деб ишонч билдираман”. Чориев Азизбек (2-ўрин соҳиби): “Суд журналистикаси курси бизнинг касбий дунёқарашимизни бутунлай ўзгартирди десам муболаға бўлмайди. Машғулотлар давомида соҳанинг энг етакчи экспертлари ва кўп йиллик тажрибага эга судьялар билан бевосита мулоқотда бўлиб, суд органлари фаолияти юзасидан фактларга асосланган ахборот тайёрлаш ва суд қарорларини шарҳлаш маданиятини ўзлаштирдик. Курс давомида олган билим ва кўникмаларимиз бизни эртанги суд журналисти сифатида шаклланишимизда муҳим пойдевор бўлди, деб айтсам муболаға бўлмайди. Айниқса, бугун бизга тарқатилган “Судлар фаолиятини ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритишнинг ҳуқуқий асослари” тўғрисидаги амалий қўлланмани кўриб чиқиб, жуда қувондим. Сабаби, бунда суд журналисти учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга ҳуқуқий нормалар келтирилган экан”. Тантанали тадбир якунида, ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаган барча тингловчиларга Судьялар олий кенгаши раҳбарияти ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан махсус сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбирда қайд этилганидек, мазкур лойиҳа суд тизими ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги конструктив мулоқотни янада мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда суд журналистикаси соҳасида профессионал кадрлар захирасини шакллантиришга амалий ҳисса қўшади.  

2 Июнь 2026 305

Раҳбарлик масъулиятининг мезонлари: янги босқич, янги мезонлар

Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида вилоят ва уларга тенглаштирилган судлар раислари ўринбосарлари учун ташкил этилган малака ошириш курси бошланди. Беш кунлик ўқув дастурида республика ҳудудларида фаолият юритаётган 35 нафар суд раислари ўринбосарлари иштирок этмоқда. Жами 38 академик соатдан иборат курс суд тизимидаги замонавий ёндашувлар, долзарб ҳуқуқий масалалар ҳамда раҳбарлик фаолияти учун муҳим бўлган кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган. Ўқув курсининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров ҳамда Олий суд раиси биринчи ўринбосари А. Усмонов қатнашди. Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, суд тизими олдида турган устувор вазифалар ҳамда раҳбар кадрларнинг масъулияти хусусида сўз юритилди. Хусусан, Кенгаш раиси Х. Ёдгоров кириш сўзида: Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида суд тизимида фаолият юритаётган раҳбар кадрлардан нафақат юксак ҳуқуқий билим, шу билан биргаликда ҳалоллик, ташаббускорлик, адолат тамойилларига садоқат ва самарали бошқарув кўникмалари ҳам талаб этилмоқда. Бугунги жамият суд тизимидаги ҳар бир раҳбардан юксак масъулиятни талаб этади. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, адолат қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни беқиёс. Бу вазифаларнинг самарали ижроси эса раҳбар кадрларнинг билим ва тажрибаси, фидойилиги ҳамда масъулиятига бевосита боғлиқ – дея алоҳида таъкидлаб ўтди. Ўқув дастури доирасида иштирокчилар кейинги йиллардаги суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий аҳамияти, судлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик, глобал геосиёсий жараёнларни таҳлил қилиш, шунингдек, стрессни енгиш ва вақтни самарали бошқариш масалалари бўйича билимларини бойитадилар. Малака ошириш курси суд раҳбарларининг касбий маҳорати ва бошқарув компетенцияларини янада ривожлантириш, одил судловнинг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

2 Июнь 2026 166
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech