Судьялар олий кенгашининг
2025-йил 5-декабрдаги
2075-сонли қарори билан тасдиқланган
Суд тизимида мавжуд бўш судьялик лавозимларига танлов ўтказиш
ТАРТИБИ
- Умумий қоидалар
1.1. Ушбу Тартиб суд тизимида мавжуд бўш судьялик лавозимлари (туманлараро, туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар, ҳарбий судлар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, шу жумладан раҳбарлик лавозимларини) учун танловни ўтказиш ҳамда танловда иштирок этиш тартибини белгилайди.
1.2. Судьялик лавозимларига танлов муқобиллик асосида ўтказилади.
Бўш судьялик лавозимига танловда камида икки нафар номзод иштирок этганда у муқобиллик асосида ўтказилган ҳисобланади.
Эълон қилинган бўш судьялик лавозимига бир нафар номзод ариза берган тақдирда танлов ўтказилмайди. Такрор ўтказилган айнан шу бўш судьялик лавозимига бошқа ариза келиб тушмаган тақдирда танловни муқобиллик асосида ўтказмасликка йўл қўйилади.
1.3. Ушбу Тартиб:
а) илк бор судьялик лавозимига тайинлаш;
б) амалдаги судьяларни бошқа судьялик лавозимига тайинлаш (сайлаш);
в) раҳбар судьялик лавозимига тайинлаш;
г) юқори турувчи судларга судья этиб тайинлаш (сайлаш) билан боғлиқ танловларга татбиқ этилади.
1.4. Судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
1-босқичда танлов эълон қилинади;
2-босқичда танловда иштирок этиш учун тақдим этилган аризалар сони эълон қилинади;
3-босқичда номзодлар ўрганилади ва Кенгаш мажлиси ўтказилади;
4-босқичда Кенгаш қарори эълон қилинади.
1.5. Мавжуд бўш судьялик лавозимларига оид маълумотлар ва танловда иштирок этиш тартиби, шунингдек, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотлар Кенгашнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
- Танловни эълон қилиш
2.1. Танлов бўш судьялик ва раҳбар судьялик лавозимлари учун эълон қилинади.
2.2. Танлов эълонида қуйидагилар кўрсатилади:
а) суднинг номи ва жойлашган ҳудуди;
б) бўш судьялик лавозими;
в) ариза ва ҳужжатларни тақдим қилиш муддати;
г) номзодларга қўйиладиган асосий талаблар;
д) тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати.
2.3. Танловга ариза ва тегишли ҳужжатларни тақдим қилиш муддати 5 иш кунидан ошмаслиги лозим.
Мазкур муддат ўтгандан сўнг топширилган аризалар кўриб чиқилмайди.
- Танловда иштирок этиш
3.1. Судьялик лавозимига ариза берган номзод Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 67-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунинг 21-23-моддаларида белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.
3.2. Илк бор судьялик лавозимига тайинланувчи номзодлар, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясини (Судьялар олий мактабини) тамомлаган бўлиши шарт. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим номзодлар учун истисноларга йўл қўйилиши мумкин.
3.3. Номзод танловда кўрсатилган муддат ичида доимий яшаш ҳудудидаги тегишли судьялар малака ҳайъати орқали Кенгаш раиси номига ариза ва талаб этилган ҳужжатларни тақдим этади.
3.4. Илк бор судьялик лавозимига номзод ёки собиқ судья томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ариза;
паспорт (ИД карта) нусхаси;
иш жойидан тавсифнома;
камида уч нафар, қоида тариқасида юқори малакали судьялардан ёки нуфузли ҳуқуқшунослардан фикрнома;
3,5 х 4,5 ўлчамдаги рангли фотосурат (2 дона);
сўровнома ва таржимаи ҳол (қўлёзма);
меҳнат дафтарчаси нусхаси;
шахсий варақа (объективка) ва яқин қариндошлар тўғрисида маълумотнома;
белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома;
Одил судлов академияси сертификати ёки Судьялар олий мактаби дипломи нусхаси (қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
3.5. Ишлаб турган судьялар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ариза;
камида уч нафар, қоида тариқасида юқори малакали судьялардан ёки нуфузли ҳуқуқшунослардан фикрнома;
охирги уч йилдаги фаолияти тўғрисида иш жойидан маълумотнома (иш сифати);
шахсий варақа (объективка) ва яқин қариндошлар тўғрисида маълумотнома;
хизмат (интизомий жавобгарлиги тўғрисида) маълумотномаси.
3.6. Ариза ва тегишли ҳужжатларни тақдим қилиш муддати тугагандан сўнг
судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари 3 иш кунида танловда иштирок этиш учун тақдим этилган аризалар ва ҳужжатларни Кенгашга тақдим қилади.
3.7. Танловни ўтказиш муддати тугагандан сўнг 10 иш кунида танловда иштирок этиш учун тақдим этилган аризалар сони Кенгашнинг веб-сайтида эълон қилинади.
- Номзодларни ўрганиш ва Кенгаш мажлисини ўтказиш
4.1. Кенгашнинг Судьялар корпусини шакллантириш шубаси белгиланган муддат ичида ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонуний расмийлаштирилганлигини текширади. Камчиликлар аниқланган тақдирда, номзодга уларни бартараф этиш учун қисқа муддат берилиши ёки ҳужжатлар белгиланган тартибда қайтарилиши мумкин.
4.2. Илк бор судьялик лавозимига амалдаги қонунчилик асосида ҳал этиладиган амалий кейс ёки қисқа асослантирилган қарор лойиҳасини ёзиш вазифаси берилади. Унда қуйидагилар 10 баллик тизимда баҳоланади:
ҳуқуқий фикр юритиш қобилияти;
таҳлил қилиш қобилияти;
норматив-ҳуқуқий асосга таяниб хулоса чиқариш;
аниқ, тушунарли ва савияли баён услуби.
4.3. Суд инспекцияси номзоднинг касбий, ишчанлик ва шахсий фазилатларини, иш жойидаги обрў-эътиборини, интизомий жавобгарликка тортилган-тортилмаганлигини, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа манбалардан олинган маълумотларни, шунингдек жамоатчилик фикрини ўрганиб, хулоса тайёрлайди.
4.4. Кенгаш мажлисида Котиб номзод ҳақида қисқача ахборот беради, номзод электрон билет дастуридан савол танлайди ва Кенгаш аъзолари томонидан қўшимча саволлар берилиши мумкин.
4.5. Суҳбат давомида номзоднинг ҳуқуқий билим ва дунёқараши даражаси, амалий тажрибаси, мустақил фикрлай олиш қобилияти, одил судлов ва судья мустақиллиги бўйича тасаввури, суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан хабардорлик даражаси баҳоланади.
4.6. Кенгаш мажлисида номзод бўйича муҳокама ўтказилиб, ёпиқ овоз бериш йўли билан қарор қабул қилинади. Қарор оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади, бетараф овоз беришга йўл қўйилмайди.
4.7. Судьялик лавозимига муносиб деб топилган номзодлар бўйича тегишли судларга тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинади ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимнома киритилади.
4.8. Судьяни бошқа судьялик лавозимига кўрсатишда қўшимча равишда қуйидагилар ўрганилади:
қабул қилган суд қарорларининг барқарорлиги;
одил судловни амалга ошириш сифати;
интизомий чоралар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;
хизмат текширувлари натижалари;
судьянинг касбий ўцисҳи, илмий ва ўқув салоҳияти мавжудлиги ва уни ўз фаолиятида қўллай билиши.
4.9. Судьяни ёки собиқ судьяни бошқа судьялик ёки раҳбарлик лавозимига тайинлашда ҳам ушбу Тартибда назарда тутилган босқичлар (ҳужжатларни йиғиш, хулоса ва тавсиялар тайёрлаш, суд инспекцияси томонидан ўрганиш, Кенгашда суҳбат ва овоз бериш) қўлланилади.
- Кенгаш қарорларини эълон қилиш
5.1. Кенгаш қарори Кенгаш мажлиси ўтказилгандан сўнг кейинги кундан кечиктирмасдан Кенгашнинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилинади.