Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонасида ҳамда Кенгаш раиси ўринбосари Н.Бобохонова томонидан Хоразм вилояти Халқ қабулхонасида фуқаролар учун сайёр қабул ташкил этилди.Аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг мурожаатларини тинглаш, кўтарилаётган масалаларни атрофлича ўрганиш ва қонуний ечим топишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилган сайёр қабулда жами 39 нафар фуқаро иштирок этди. Қабулга келган 2 нафар фуқаронинг масаласи жойида ҳал этилди, 7 нафар фуқаронинг аризаси қабул қилинди.Қолган 30 та мурожаатлар бўйича вазифалар белгиланиб, масалаларни ўз ваколатлари доирасида қонуний ҳал этиш ҳамда ижросини назоратга олиш юзасидан топшириқлар берилди.Кенгаш раиси ўринбосари Н.Бобохонова томонидан ўтказилган сайёр қабулда жами 64 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг суд қарорларидан норозилиги, низоларни кўриб чиқиш тартиби, мурожаатларнинг тегишлилиги юзасидан важлари эшитилиб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.Бундан ташқари, 8 та ёзма ариза қабул қилинди.Фуқароларга амалдаги қонунчилик талаблари, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиби ва мавжуд ҳуқуқий имкониятлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Бундай очиқ мулоқотлар фуқаролар билан суд тизими ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини бевосита жойида ўрганиш ва инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши қуйидаги бўш судьялик лавозимларига танлов эълон қилади: Фуқаролик ишлари бўйича судларда: Андижон вилояти ФИБ Андижон туманлараро судининг судьяси ФИБ Хўжаобод туманлараро судининг судьяси Сурхондарё вилояти ФИБ Термиз туманлараро судининг судьяси Фарғона вилояти ФИБ Қўқон туманлараро судининг судьяси Тошкент вилояти ФИБ Зангиота туманлараро судининг судьяси Тошкент шаҳри ФИБ Учтепа туманлараро судининг судьяси ФИБ Яккасарой туманлараро судининг судьяси Жиноят ишлари бўйича судларда: Самарқанд вилояти ЖИБ Пастдарғом туман судининг судьяси Сирдарё вилояти ЖИБ Сирдарё туман судининг тергов судьяси Тошкент шаҳар ЖИБ Миробод туман судининг тергов судьяси ЖИБ Сирғали туман судининг тергов судьяси Иқтисодий судларда: Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси Маъмурий судларда: Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси Муддат: 2026 йил 28 октябрь соат 17:00 га қадар.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси судьяси Х.Камолов томонидан ўтказилган хизмат текшируви жараёнида гўёки “ёзиб олиш воситаларидан ноқонуний фойдаланилганлиги”, олинган аудиоёзувнинг фақат бир қисми тақдим этилганлиги ва асл техник қурилма утилизация қилинганлиги тўғрисида тарқатилаётган хабарлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади. Тарқатилаётган иддаолар асоссиз бўлиб, амалдаги қонунчилик нормаларини ва жиноят-процессуал тартиб-таомилларини бузиб кўрсатиш мақсадини кўзлайди. “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ Кенгаш судьяларга нисбатан хизмат текширувлари ўтказишни ташкил этиш ваколатига эга бўлиб, мазкур суҳбат расмий хизмат жараёни ҳисобланади. Текширувчи томонидан аудиоёзувдан фойдаланилиши тушунтиришларнинг холислиги, тўлиқлиги ва аниқлигини таъминлашга қаратилган. Суҳбат жараёнида ҳуқуқбузарлик аломатларини тезкорлик билан ҳужжатлаштириш ва далилларнинг йўқолиши (йўқ қилинишини)нинг олдини олиш мақсадида шахсий телефондан фойдаланилганлиги мазкур қонуний мажбуриятнинг бажарилиши билан тўлиқ асосланади. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига асосан давлат хизматчилари ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактлари тўғрисида зудлик билан хабардор қилишлари шарт. Амалдаги жиноят процесссуал қонунчиликда далиллар дахлдорлиги принципидан келиб чиқиб тергов органларига фақат содир этилган эҳтимолий жиноят предметига бевосита дахлдор бўлган ҳамда жиноят аломатларини ўзида акс эттирган аудиоматериаллар тақдим этилади. Ишга, яъни коррупциявий ҳолатга алоқаси бўлмаган, шунингдек қонун билан қўриқланадиган хизмат ёки маслаҳат хонаси сирини ташкил этувчи суҳбатнинг бошқа қисмларини терговга топшириш қонунчилик талабларига зид бўлиб, махфийлик тартибининг бузилишига олиб келган бўлар эди. Бинода Кенгаш судьяларининг шахсий телефондан фойдаланиши тақиқланмаган. Шахсий телефон текширувчи шахснинг хусусий мулки ҳисобланади. Унга ёзиб олинган суҳбат тегишли тартибда тақдим қилинган бўлиб, мосламани муддатсиз сақлаш мажбуриятини юкламайди. Энг асосийси, мазкур жиноят иши ҳозирда мазмунан кўриб чиқилмоқда. Далилларни текшириш, уларга баҳо бериш ва мақбул деб топиш суднинг мутлақ ҳуқуқидир. Суд ҳукми чиққунга қадар далилларни матбуотда шубҳа остига олиш ва бирёқлама талқин қилиш судга жамоатчилик орқали босим ўтказишга интилиш сифатида баҳоланади. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати