Кеча ФИБ судлари, бугун тергов судьялари кенгашиб олди
Кеча Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг фуқаролик ишлари бўйича аъзо судьялари онлайн-форуми бўлиб ўтгани хабари берилганди.
Бугун шундай тадбир тергов судьялари иштирокида ўтказилди.
Форум аввалида таъкид этилдки, суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини “Инсон қадри учун” тамойили асосида янги босқичга кўтариш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш устувор аҳамият касб этмоқда. Тергов судьялари институти жорий этилиши эса жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтиришга қаратилган ишларнинг амалий натижаси ҳисобланди.
Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тергов судьялари ваколатига берилиши судлар фаолияти самарадорлигини оширишда судьялар ихтисослашуви муҳимлигининг яна бир далолатидир.
Форумда Ўзбекистон Судьялар клуби электрон платформаси доирасидаги муҳокамаларда айрим процессуал чоралар кўришга доир илтимосномалар ҳамда оилавий (маиший) зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликка доир маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқишда қонунчиликни бир хилда қўлланилиши юзасидан тавсия берилишига эҳтиёж юзага келгани қайд этилди.
Айтилдики, оилавий (маиший) зўравонликнинг бир қанча шакллари мавжуд (жисмоний, руҳий, иқтисодий ва жинсий) бўлиб, шу тоифадаги ишларни кўриб чиқиш, қилмишга тўғри ҳуқуқий баҳо беришда муайян тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Бу эса шахснинг қилмишини тўғри баҳолаш ва жазо тайинлашда суд амалиётини бирхиллаштириш учун қўшимча чораларга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатади.
Шунингдек, шаҳвоний шилқимликка доир ишларни кўриб чиқишда вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаати устувор аҳамият касб этиши, айниқса, шахс хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби борлигига тегишли равишда баҳо бериш чораларини кўриш лозим эканига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Баҳс-мунозараларга бой ўтган форумда Судьялар клуби масъул аъзолари ҳамда Олий суд судьялари томонидан кўплаб саволлар юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилди. Бундан ташқари муайянлар ишлар бўйича хусусий ажрим чиқариш чиқариш орқали ҳам муносабат билдириш мақсадга мувофиқлиги айтилди.
Якунда муҳокама этилган мавзулар юзасидан қонунчилик нормаларига янада аниқлик киритиш ва амалий шарҳ бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.






