Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Судьялар кенгашлари раҳбарларининг тўртинчи йиғилиши нафақат суд-ҳуқуқ соҳасидаги навбатдаги халқаро мулоқот, балки туркий дунё ҳуқуқий тафаккурида янги саҳифа очган, адолат, қонун устуворлиги, суд мустақиллиги ва инсон қадри каби конституциявий қадриятлар атрофида муштарак масъулиятни янада кучайтирган муҳим сиёсий-ҳуқуқий воқеа бўлди.Юклаб олиш
Кузнинг совуқ шабадаси Вобкент кўчаларида изғиб, дарахтларнинг сўнгги заъфарон япроқларини аёвсиз тўкарди. Осмон худди бугун шу ерда якун топадиган аянчли қисматдан хабардордек, туман устига оғир булутлардан кафан ёпганди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди биноси атрофида тўпланган одамларнинг юз-кўзида ваҳимали, оғир бир жимлик ҳукмрон эди.Юклаб олиш
Ахборотда судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари, судьяларни касбий тайёрлаш вамалакасини оширишни ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, фуқаролар мурожаатларининг таҳлили, замонавий ахборот-технологияларни жорий этиш, судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолаш натижалари, суд фахрийларини рағбатлантириш, халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик, Кенгаш ташаббуси билан нашр этилган китоб ва қўлланмаларҳамда ибрат мактабини яратиш билан боғлиқ қилинган ишлар жамланган.Юклаб олиш
Ахборотда судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари, судьяларни касбий тайёрлаш вамалакасини оширишни ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, фуқаролар мурожаатларининг таҳлили, замонавий ахборот-технологияларни жорий этиш, судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолаш натижалари, суд фахрийларини рағбатлантириш, халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик, Кенгаш ташаббуси билан нашр этилган китоб ва қўлланмаларҳамда ибрат мактабини яратиш билан боғлиқ қилинган ишлар жамланган.Юклаб олиш
Ахборотномада судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари, судьяларни касбий тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, фуқаролар мурожаатларининг таҳлили, замонавий ахборот-технологияларни жорий этиш, судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолаш натижалари, суд фахрийларини рағбатлантириш, халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик, Кенгаш ташаббуси билан нашр этилган китоб ва қўлланмалар ҳамда ибрат мактабини яратиш билан боғлиқ қилинган ишлар жамланган.Юклаб олиш
Судья маънавияти, одоби ва масъулияти китобини юклаб олиш
Инсоният тараққиётининг энг ноёб кашфиётларидан бири бўлган китоб ҳар бир шахснинг маънавияти юксалишида муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, фанга оид китоблар муайян касбни эгаллашда муҳим ўрин тутса, бадиий китоблар инсон камолоти йўлида бебаҳо хазинадир. Мутахассисларнинг фикрича, ҳар куни китоб ўқиш инсоннинг мулоқот қилиш қобилиятини яхшилайди. Масалан, яхши ёзилган асарни ўқиганда киши унинг ёзилиш услуби, ритми ва композициясини табиий равишда кузатиб боради. Бу эса, ўз навбатида, тафаккурга кучли таъсир кўрсатади. Бундан ташқари мунтазам равишда китоб мутолаа қиладиган инсоннинг сўз бойлиги ва дунёқараши кенг бўлиши айни ҳақиқат. Китобнинг яна бир хусусияти шундаки, атиги 30 дақиқалик мутолаа қон босими, юрак уриш тезлиги ва руҳий тушкунликка ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, китоб ўқиш — юриш, бир пиёла чой ёки қаҳва ичиш билан таққослаганда, чарчоқ ва тушкунликдан халос бўлишнинг энг яхши усулидир. Бу тиббиётда "библиотерапия” деб аталади. Зеро, ўқишнинг инсонни турли хил ўткинчи муаммолардан халос этиб, ҳаётдан завқ олиб яшашга кучли таъсири аллақачон илмий асосда исботланган. Шунингдек, айнан мутолаа инсонга ҳаётда муваффақиятларга қандай эришишни ўргатиши шубҳасиз. Шахсан мен ўзим учун Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссаси бош қаҳрамонининг жасорати ва қатъиятини ҳамиша ибрат намунаси деб биламан. Бу қаҳрамон мени тинимсиз изланиш ва турмушда учрайдиган муаммоларни қатъият билан енгиб ўтишга ўргатган. Албатта, вақт ўтиши билан китобларга бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам ўзгариб бориши ҳеч кимга сир эмас. Энг масъулиятли ва шарафли касб бўлган судьялик лавозимига тайинланганимдан кейин соҳага оид китоблар мутолааси ҳам ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланди. Чунки судья лаёқатлилик принципига амал қилиши, қолаверса, юритувидаги ишлар бўйича қонуний ва асосли қарорлар қабул қилиши шарт. Шунга қарамасдан бадиий китобларни ўқишга бўлган истагим ҳамиша баланд. Зеро, болаликдан шаклланган мароқли эҳтиёж ҳар қандай вазиятда мени ўзига чорлайверади. Оғир иш кунидан кейин яхши кўрган асар ёки янги бир китобни ўқишнинг ўзгача гашти бор, албатта. Шундай китоблардан бири Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат» романидир. Унда сайёрамиз тақдири, ўткир фалсафий, ахлоқий ва ижтимоий муаммолар юксак бадиий тафаккур қудрати билан чуқур таҳлил этиб берилган. Эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш, инсон ва табиат ўртасидаги муносабат бўрилар образи орқали ишонарли тарзда очиб берилган. Асарда табиий мувозантнинг бузилиши, худбинлик, моддият ортидан қувиш, табиатнинг азалий қоидаларини менсимаслик каби инсон ҳаётига бевосита дахлдор масалаларнинг аянчли оқибатлари маҳорат билан баён этилган. Ўзимнинг ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб ёш ҳамкасбларимга машҳур ёзувчи Агата Кристи асарларини синчиклаб ўқиб чиқишни тавсия қиламан. Чунки ушбу асарларда замонавий криминологияга тааллуқли бир қанча йўналишлар ўз аксини топган. Шунингдек, инсон руҳияти чуқур таҳлил этилган китоблар сирасига Ф.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, Г.Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” каби кўплаб асарларни киритиш мумкин. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон ҳамиша билиш, ўзлигини англашга эҳтиёж сезади ва бу борада энг яхши ёрдамчи китоб ҳисобланади. Нигора Кенжаева, Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳозирги босқичида давлатимиз раҳбарининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (2020 йилнинг 7 декабрь, ПФ-6127-сон) туб бури лиш ясади.Мазкур Фармон билан судьялар дахлсизлиги бузилиши ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқий тартиблар янада такомиллаштирилди. Ахбротномани юклаш
“Қози” атамаси араб тилида (“қаза” сўзидан ясалган) “ижро этувчи”, “амалга оширувчи”, “ҳукм чиқарувчи” маъноларини англатиб, мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланган ва шариат асосида суд вазифасини бажарувчи, судья, шаръий маҳкама раиси тушунилади. Унинг “ижро этмоқ”, “бартараф қилмоқ”, “суд қилмоқ”, “ҳал этмоқ” сингари маъноларни ифодаловчи яна бир қанча шакллари ҳам мавжуд. Асрлар давомида қозилик судларида иш юритиш тартиб-қоидалари, тамойиллари, қозилик мақоми ва бу мансаб эгаларининг одоб-аҳлоқига оид талаблар такомиллашиб, сайқалланиб борган. Ислом фиқҳшунос олимларининг жиноят ва жазо, низоларни ҳал этиш, суд ишларини юритиш масалаларида олиб борган илмий изланишлари ҳозирги замон ҳуқуқий докториналарининг вужудга келишига замин яратди. Тарихда илк бор “Қози ал-қуззот” (буюк қози) номига сазовор бўлган Абу Юсуфнинг (113—182 ҳижрий/731—798 милодий) ислом ҳуқуқи ва жиноят ва жазога оид дастлабки манба ҳисобланган “Хирож” китобида далиллар назарияси ҳамда айбсизлик презумпцияси (хабеас корпус), бир неча жиноятлар учун жазо масаласи, қозиларга давлат хазинасидан маош тўланиши ҳақидаги принципиал қоидалар ёритилган. У ўз фаолияти давомида орттирган тажрибалари ва илмига асосланиб, қозилик одоби ва вазифаларига бағишланган илк китоб “Адабул-Қози” асарини ёзган. Қозилик одоби ҳақида битилган алоҳида китоблар ичида Имом ал-Мовардийнинг “Одоб-ул қозий” китоби машҳурдир. Бу асарда қадимда қозилик ишлари қанчалик мукаммал тарзда, энг нозик томонларини ҳам ҳисобга олинган ҳолда юритилишини кўриш мумкин. Ҳаттоки, қози ҳукм чиқариш учун ўтирганда қандай кийимда бўлиши лозимлигигача кўрсатиб қўйилган. Қозиликка тааллуқли илк рисола Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб Тамартошийнинг “Ал-Аҳком фима ятааллақу бил қузоти вал ҳукком” (қози ва ҳокимларга тааллуқли ҳукмлар) китобидир. Унда ҳанафий мазҳаби қозисига қўйилган талаблар санаб ўтилган. Жумладан, асарда қози лавозимига даъвогар шахс ақл-заковатли, балоғатга етган, мусулмон, озод (ҳур), кўзи ожиз бўлмаган, гапира оладиган, жисмоний соғлом ҳамда туҳмат билан ҳад урилмаган (судланмаган) бўлиши кераклиги зикр этилган. Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарининг “Қозилик мақоми” бўлимида қозилик мансабига қўйиладиган талаблар баён этилган бўлиб, унга кўра қози шариат илмларини яхши билиши, озод бўлиши, мустақил қарорлар қабул қилиш лаёқатига эга бўлиши, адолат ила ҳукм этиши, ҳуқуқ ва муомалада ишончли бўлиши ҳамда ақли расо шахс бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Улар Қуръон ва Суннат илмлари билимдони, фиқҳ бобида моҳир олим, шариат қонунларини тадбиқ этувчи шахслар саналган. Қозилик учун асосий қўлланма “Умар ибн Хаттобнинг Абу Мусо Ашъорийга мактуби” ҳисобланган. Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу вилоятлардан бирида қози бўлган. Ушбу мактуб кейинчалик қозилик ишлари дастурига айланган. Европа тилларига таржима қилиниб, қозилик маҳкамаларида кенг қўлланилган, ўқув юртларида дарслик сифатида ўрганилган. Ушбу машҳур мактубда қозилар учун муҳим қоидалар ўз аксини топган: “Қачон сенга бирор ҳужжат келтирилса, уни яхшилаб фаҳмлаб ол. Ҳақ равшан бўлган ҳолда уни юзага чиқар... Икки тараф орасида юзинг, мажлисинг ва адолатинг бир хил қилгин. Тоинки, сенинг жавринг (ён босишинг)га шараф (томон) тамаъ қилиб қолмасин ва заиф (томон) сенинг адолатингдан ноумид бўлиб қолмасин”. Бу қоидалар кейинчалик замоний суд ишларини юритиш принциплари сифатида қонунчиликда мустаҳкамлангани бежиз эмас. Булардан ташқари қози мустаҳкам хотира, ўткир сезги ва зеҳнга ҳам эга бўлиши талаб қилинган. Айтишларича, замонасининг машҳур қозиларидан Абу Усмон Салам ибн Ҳафс: “Аллоҳ таоло менга уч фазилат ато этган. Биринчиси, бир кишидан бир марта исмини сўрайман. Кейин уни эллик йил кўрмай учратсам, исмини эслай оламан. Иккинчиси, қаршимда икки киши ўтириб бир масала хусусида гувоҳлик беради. Рост ё ёлғон гапираётганини билиб тураман. Учинчиси, ҳузуримга икки киши келади. Қараб, хайрли ё жанжалли масала бўйича келганини сезаман”, дея таъкидлаган. Шу тариқа замонлар оша ислом одоблари қаторида муайян қозилик одоблари шакллана борди. Уларнинг муҳимлари қуйидагилардан иборат: 1). Эзгу ниятда бўлиш. Бу касб соҳибларининг нияти пок, холис ва эзгу бўлиши лозим. Улар бу касбни катта даромад топиш, жамиятда юқори мавқега эга бўлиш учун эмас, балки Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, одамлар орасида адолат ўрнатиш, кишиларнинг дардига малҳам бўлиш учун танлашлари жоиз. 2).Қози бўлишга интилмаслик. Номзод қозиликка таклиф қилинмасдан олдин бу лавозимга интилмаслиги, мол-давлати, таниш-билишлари орқали лавозимга эришишга уринмаслиги керак. Бу унинг нияти холис эмаслигидан далолат беради. Илмсиз, иқтидорсиз кишилар зинҳор бу лавозимга яқин йўламасликлари лозим. 3).Ҳукм чиқаришда шошилмаслик. Қози қарор чиқариш, ҳукм қилишдан аввал “етти ўлчаб бир кесиши” керак. Шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, пухта ўйлаб, сўнг хулоса қилиши лозим. 4). Даъвогар билан жавобгар ўртасида адолат қилиш. Қозининг тарафлардан бирига алоҳида ҳурмат қўрсатиши, улардан бирини ўзига яқин тутиб, сўзда, имо-ишорада ёки бошқача шаклда унга ён босиши адолатсизлик ҳисобланади. 5).Икки томоннинг ҳам гапларини эшитмай туриб ҳукм чиқармаслик. Негаки, фақат бир томонни эшитиб, ундан таъсирланиб, нотўғри қарор чиқариб қўйиши мумкин. Қози ҳар қандай шароитда ҳам тарафларни тўла эшитиб, важларини тинглаб, сўнг хулоса чиқариши зарур. 6). Мажлиснинг аввалида даъвогар ва жавобгарларни ёлғон, туҳмат ва зулмдан огоҳлантириши. Бунга риоя қилмаслик оқибатларини тушунтириши, уларни ҳақиқатни айтишга чақириб, ваъз қилиши лозим. Бу чора тарафларнинг масъулиятини ошириш билан бирга, ишнинг тўғри ва адолатли ҳал этилишига замин яратади. 7). Ғазабланган ҳолда ҳукм чиқармаслик. “Жаҳл чиқса, ақл кетади”, деган нақл бор. Қози асабийлашган, ғазаб отига минган ҳолда қарор қабул қилганда ҳиссиётларга берилиб, нотўғри хулосага келиши табиий. Шунингдек, қози қаттиқ оч қолганда, ўта чанқаганда, уйқу босиб турганда, сиқилган ва бошқа қалб жароҳати таъсирида қарор қабул қилиши жоиз эмас. 8).Пора олмаслик. Пора араб тилида “ришва” деб аталиб, шаръий истилоҳда адолатни йўққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсага ишлатилади. Пора олиш Қуръон ва суннат ҳамда ижмоъга кўра ҳаром. Муборак ҳадисда: “Амирнинг совға олиши ҳаром ва қозининг пора олиши диндан чиқишдир”, дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлаган. 9).Ҳадя қабул қилмаслик. Ҳар қандай турдаги совғани рад этиш. Муқаддас китобларда ҳадя-совғанинг уч хили санаб ўтилган: биринчиси, ҳадя берувчи тарафга ҳам, олувчига ҳам ҳалол. Бу меҳр-муҳаббат сабабли совға олди-бердисидир. Иккинчиси, икки тарафга ҳам – ҳадя берувчига ҳам, уни олувчига ҳам ҳаромдир. Бу зулмга ёрдам бериш учун ҳадя беришдир. Учинчиси, ҳадя берувчи томонга ҳалол. Бу ўзига қаратилган зулмни тўсиш учун ҳадя беришдир. Бу олувчига ҳаром. (Шу ўринда муҳим маълумот:Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 4 август кунги қарори билан “Судьялар томонидан совғалар қабул қилинганлиги ҳақида хабар бериш, топшириш, баҳолаш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра судьяга хизмат сафарлари ҳамда бошқа расмий тадбирларда берилган совғанинг қиймати БҲМнинг уч бараваридан қиммат бўлмаслиги ва одатий ҳамда ахлоқий меъёрларга мос келиши лозим. Судьянинг бирор тадбир иштирокчиси сифатида бериладиган канцелярия анжомлари ёки рағбатлантириш (мукофотлаш) мақсадида топширилган кичик эсдалик совғалар ҳамда тез яроқсиз ҳолга келадиган буюмлар, маҳсулотларни (масалан, гуллар, торт ва ҳоказо) қабул қилишига ҳеч қандай монелик йўқ. Агар совға беминнат, бироқ қиймати белгиланган миқдордан қиммат бўлса, судья бу ҳақда тегишли малака ҳайъати ёки Судьялар олий кенгашига хабар бериши лозим. Бу ҳолда совға Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларига топширилади. Шундан сўнг, судья икки ой муддатда совғани (агар у беминнат берилган бўлса) қайта сотиб олиши мумкин). 10).Бошқалардан алоҳида хослаб чақирган жойга бормаслик. Негаки, келажакда қози шу шахс иштирокидаги низони кўришга тўғри келганда холислик ва адолат мезонлари бузилишига сабаб бўлади. 11). Шубҳали ўринлардан йироқ бўлиш. Қози туҳматга қолиш эҳтимоли бўлган жойларга боришдан, гап-сўзлардан ва бошқа хатти-ҳаркатлардан тийилиши, шаън, қадр-қимматини асраши лозим. 12). Бевосита шахсан ўзи тижорат қилмаслик. 13).Инсонларга намуна бўлиш. Қозилар муносиб ҳулқи, ижобий ҳислатлари, фазилатлари билан ишда, ҳаётда, оилада бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Бу уларнинг кишилар ўртасида низоларни кўриш, адолат тарозисини қўлда тутишларига манъан ҳақли бўлишини англатган. Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, қадимдан қозилар алоҳида мақомга эга мансабдор шахс сифатида жамият ҳаётида муҳим ўрин тутган. Бу касб эгаларидан юксак масъулият ва жавобгарлик ҳисси талаб этилган. Асрлар силсиласида сайқалланган қозилик одоблари бугунги давр судьялари учун муқаддас манба, муҳим қўлланма, ўзига хос дастуруламал бўлиши табиий. Комил Синдаров, юридик фанлар доктори, профессор, Бахтиёр Қиличев, мустақил изланувчи (Изоҳ: мақола “Odillik mezoni” журналининг 2023 йил, 11-сонида чоп этилган бўлиб, бироз қисқартиришлар билан эълон қилинди)
Хабар қилинганидек, Конституция куни арафасида Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Ибрат мактаби” туркумидаги яна бир китоб нашрдан чиқиб, тақдимоти ўтказилди. “Одиллик ва оддий саодати” (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрисит Бахтиёр Мирбобоев ҳақида ўқилмаган ҳақиқатлар, тўқилмаган афсоналар) номли мазкур китобда тизимнинг ҳурматли вакили бўлган суд фахрийсининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Каналимиз обуначиларнинг истакларидан келиб чиқиб, қуйида мазкур китобдан парча эълон қилинмоқда. *** Бахтиёр Мирбобоев маҳрам гапларга ўрин қолдирмади. Навоийдан келтирган байти (“Кимсани дард аҳли деб, сирримға маҳрам айладим, / Ўз-ўзумни куч била расвои олам айладим”) шеъриятга шайдолигини билдириш асносида хосроқ мавзуларда гаплашиш нияти йўқлигини ҳам англатардики, шу тариқа осон ўтмаган болалиги, бўз йигитликнинг ранго-ранг лаҳзалари, биринчи муҳаббат, оила, фаолиятида дуч келган катта-кичик синовлар ва бошқа масалаларда “чуқур” кетмаслигимиз лозимлиги ўз-ўзидан маълум бўлди-қўйди. Эътирозга ўрин йўқ. Дарҳақиқат, дуч келган кимсани “дард аҳли билиб”, сирга “маҳрам айламоқ” кун келиб, одамни “расвои олам” қилиши мумкин. Шу боис оғизга маҳкам бўлмоқ лозимким, бошга балолар суяксиз тилдан келади доим... Шунга қарамай, баёнимиз кемтик бўлиб қолмаслиги эътиборидан, хаёл жиловини яна хиёл бўшатишга тўғри келмоқда. Яъниким, Бахтиёр Мирбобоев ҳам бола бўлган, онасию опаларидан танбеҳ эшитган, Бўзсувда чўмилиб, балиқ тутган, тенгқурлари билан чиллак ўйнаган, велосипеддан йиқилиб, у-бу жойи шилинган, латта сумкани бўйнига осиб, мактабга қатнаган; мўйлаби сабза урган пайтда илгари ҳис қилмаган туйғулар вужудини чулғаган, кўзига бутун олам анвойи гулзор, ҳатто эски супурги ҳам гулдастадай кўриниб, бунинг таъсирида шеър-пеър машқ қилган бўлса не тонг?! Атоқли шоиримиз бежиз ёзмаган: “Ўн саккизга кирмаган ким бор?” У ёғи энди дахлсиз ҳудуд. Шу ҳудуд чегарасидан мўралаб айтиладиган яна бир-икки гап борки, тақдирига битган аёл ўзи каби ҳуқуқшунос эканидан домла ҳатто уйланишда ҳам принципларидан оғишмагани кўринадигандай. Буям тақдирнинг ҳикмати: Бахтиёр Мирбобоевдай қонуну қоида, тартибу таомилга муккасидан кетган одамга тан маҳрам бўлмоқ секин айтиладиган гапми! Бунга жуфти ҳалол ҳамкасб эканининг ўзи камлик қилади: унинг либоси сабрдан, рўмоли қаноатдан бўлишиям шарт. Акс ҳолда, бирга бош қўйилган ёстиқ тошга айланиши ҳеч гапмас... Алқисса, бу борада домланинг омади чопган. Ёлғончи бўлмайлик: учма-уч рўзғор, бирин-кетин вояга етаётган икки қизнинг сеп-сидирға ташвиши, турмуш ўртоғи билан бақамти ишлаётганларнинг аксари тобора “казо-казо”ларга айланаётгани муҳтарама келинойимизга оздир-кўпдир таъсир қилиб, эргинасининг биқинидан бир-икки чимчиган бўлиши эҳтимоли тасаввуримизда йўқ эмасди. Ўзича йўл-йўриқ кўрсатадиган “устамонлар”-ку доим топилган: окажон, ойдан тушганмисиз, наҳот сиздай закий инсон арабларнинг машҳур мақолини эшитмаган бўлса: яланғочлар шаҳрида либос киймак уятликдур?! Тасаввуримиздан уялдик, гумонимиздан хижолатга тушдик (бу гапни “устамонлар”га алоқаси йўқ, улар доим топилган, бу ёғига ҳам топилади). “Ўхшатмагунча учратмас” деган ҳикмат, домланинг хонадонида кечган суҳбат жараёнида иккисининг қўш кабутар мисол бир-бирига бақамти ўтириши, қолаверса, ҳар тонг жуфти ҳалолини ишга кузатаркан, хизмат машинаси ортидан қўли дуога очиқ ҳолдаги келинойини кўрган кўп гувоҳларнинг шаҳодати иштибоҳларимизни парчалаб ташлади. Тақдир ҳақида гап кетар экан, Бахтиёр Мирбобоевнинг пешонасига тўрт қиздан кейин дунёга келган ягона ўғил, икки қизнинг отаси бўлиш қисмати битилгани ҳам эътибор тортади. Бундай қисмат катта саодат эканини биров билар, биров йўқ... Опа-сингилларга яхшилик қилишнинг ажру савоби улканлиги, қиз фарзанд вояга етказиб, турмушга узатган ота-онани Яратганнинг буюк неъматлари кутаётганини айтиб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Бунга муқаддас манбаларда исботу далиллар етарли. Бу дунёнинг эвини қилолмай, у дунёни башорат қилишга биз гуноҳкорга йўл бўлсинку-я, аммо эътиқод нуқтаи назаридан, қаҳрамонимизни Худонинг суйган бандаси дейишга жазм этсак, шаккоклик бўлмас, валлоҳу аълам! Бахтиёр Мирбобоев тақдиридаги яна бир ҳикмат, унинг ўзи айтмоқчи, “амалга ошмаган бир орзуси”да ҳам яққол кўринади. Ашаддий китобхўрлиги, айниқса, Артур Конан Дойлнинг “Шерлок Холмс”и, Жорж Сименоннинг “Комиссар Мэгре”си, Лев Шейниннинг “Изқуварнинг ёзишмалари”ни “хатм” қилиши ортидан кўнглида терговчи бўлиш иштиёқи туғилади. Ўшанда, яқиндагина олий таҳсилни битириб, имтиёзли дипломини қўлтиқлаганча ички ишлар органи остонасига бош уриб борган йигитнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтади. Тиббий кўрик пайтида кўзидан топилган кичик нуқсон орзуни ўрага кўмиб ташлашга мажбур қилади. Бироқ ўша нуқсон унинг ҳарбий хизмат ўташига тўғаноқ бўлмайдики, бу домлага ҳалигача нашъа қилади: “Узоқни яхши кўрмас экансан деб ишга олишмади, лекин оёқни ерга теккизмай армияга олиб кетишди, қаранг! Хўб ажойиб замон эди ўша пайт!” Бу тарихнинг ҳикмати шундаки, изқувар бўлиш орзуси сароб бўлгач, домла ўзини илмга урди, олимлик рутбасига эришди, юзлаб шогирдларнинг устозига айланди, катта-кичик мансабларга муносиб кўрилди, обрў-эътибор қозонди. Орзуси амалга ошганда ҳам Бахтиёр Мирбобоев тергов органларида узоқ қолиб кетмаслигини бугун ҳам бемалол тасаввур қилиш мумкин. Одиллик ва оддийлик этагидан маҳкам тутган одам мустабид давр айблов машинасининг бир қисмига айланмаслиги, айлана олмаслигига кимда шубҳа бор, айтинг! Мана, орадан замонлар ўтди, тузумлар эврилди, ўттиз йилнинг буёғида тизимда озмунча ислоҳотлар ўтказилгани йўқ, шунга қарамай тергов органларидаги “хос талаб, хос тартиблар” ҳозир ҳам лоп этиб кўриниб-билиниб қолмоқда. Буни гуррос-гуррос оқланаётган шахслар, айниқса, тергов изоляторига оёғи билан кириб, тобутда чиқаётган айрим бахтиқаро гумондорларнинг фожеавий қисмати фош этиб қўяётгани кимга сир?! Илму тадқиқот, қонун ижодкорлиги озмунча меҳнат, озмунча заҳмат талаб қилмайди. Домла бир умр шундай меҳнат, шундай заҳмат ичида юрди. Энг муҳими, на ўзига, на ўзгага хиёнат қилди: дурадгорликда ҳам, олийгоҳда ўқитувчилигу катта-кичик лавозимларда ишлаганида ҳам. Яна бир нарсага шубҳа йўқ: дасти калталик пайтида ҳам, дасти узун пайтида ҳам дийдорига тўймаган отасини қўмсагани, соғингани рост. Бунинг баёнига ожизмиз. Бундай соғинч изтиробини етимликнинг қаттиқ нонидан тиши қонамаган кимса билмайди, ҳис этмайди...
“Қози” арабча сўз бўлиб, “ижро этувчи”, “ҳукм чиқарувчи” маъноларини англатади. Мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланган қози шариат ахкомлари асосида суд вазифасини бажарувчи, судья, шаръий маҳкама раиси ҳисобланган. Дастлаб қозиларни Муҳаммад (САВ) пайғамбар, ундан кейин халифа Умар (РА) тайинлаган. Хулофои рошидин даврида қозилар фақат фуқаролик ишларини кўриб чиққан. Жиноят ишларни ҳал қилиш халифа ёки вилоят ҳокимлари ваколатига кирган. Агар жавобгар юксак мақом эгаси (давлат хизматчиси) бўлса, унга оид ишлар мазолим қозиси(мазолим волиси)га топширилган. Шикоятлар билан шуғулланувчи бу идорага салтанат эгасининг ўзи ёки у томонидан тайинлаган баобрў киши бошчилик қилган. Тарихий манбаларда мазолим судида даъвогар ва жавобгардан ташқари қозилар, муфтийлар, салоҳиятли котиб, ички ишлар раҳбарлари, хавфсизлик ходимлари иштирок этгани айтилади. Мазолим қозиси ҳокимлар, давлат мулозимлари, солиқчилар устидан тушган шикоятларни, зўравонлик билан тортиб олинган шахсий ёки вақф мулкларига оид ишларни, қозилар чиқарган қарорлар ижросини, кўпчилик манфаатига қарши қилинган тажовузларга доир ишларни кўриб чиққан. Қози мусулмон бўлмаган фуқаролар ўртасидаги низони уларнинг эътиқодидан келиб қиқиб, диний китоблари (Таврот, Инжил) асосида ҳал қиларди. Қозининг ҳукмидан норози тарафнинг халифага шикоят қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлган. VIII асрнинг иккинчи ярмига келиб, аббосийлар давлатида олий қози — “Қозиул-қуззот” лавозими жорий қилинган. Қозилик лавозимига ўз обрўсига доғ туширмаган, илму идрокли ва шариат қонунларини етарлича биладиган, яққол кўриниб турган жисмоний нуқсони бўлмаган соғлом ва одил ҳар бир эркин (қул бўлмаган) мусулмон эгаллаши мумкин бўлган. Қози давлат ғазнасидан таъминлаб турилган. Баъзан қози умумий ваколатга эга бўлиб, бутун мамлакат миқиёсида ҳукм чиқарган бўлса, баъзан унинг ваколати бир вилоят ёки шаҳар ҳудуди билан чекланган. Қози ўз шаҳри ёки вилоятидаги барча фуқаролик ва жиноят ишларини кўриб чиқиш, жамоатчилик ахлоқини назорат қилиш, зарур бўлганда, одамлар (вояга етмаганлар) ва мулкка васийликни тайинлаш, вақф мулкларини назорати, жамоат бинолари, иншоотлар, йўллар, кўчалар ва майдонларнинг ҳолатини кузатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва турма нозирлари фаолиятини назорат килиш, садақа, жамоат маблағлари тўғри йиғилиши ҳамда тақсимланиши, зарбхона, байтулмол (давлат хазинаси)ни назорат қилиш каби ишларни бажарарди. Қўшинлар қозиси ҳарбий ўлжани баҳолаши ва унинг тўғри тақсимланишини кузатиши керак бўлган. Бунинг учун у ҳарбий ҳуқуқни яхши билиши талаб этилган. Айрим ҳолларни ҳисобга олмаганда қозилар асосан фақиҳлар орасидан чиққан. (“Фикҳ энциклопедияси”дан)
Университетга қабул қилинганимиз ҳақидаги буйруқ ҳамда гуруҳларимизни эълон қилиш мақсадида катта аудиторияга шахсан факультет декани келаётгани, барча билан танишув, савол-жавоблар бўлиши, ҳар биримиз бунга тайёр туришимиз зарурлигини услубчи эълон қилганда зал бир муддат сув қуйгандек тинчиб қолди. Орадан ўтган ярим соатларча вақт давомида ҳар биримиз “савол-жавоб”га қаттиқ тайёргарлик кўра бошладик. Хайриятки, декан биз билан учрашмаган, ўрнига ўринбосари ва бир-икки нафар домлалар виқор билан кириб келишган. Менга навбат охирида теккан. Савол “Нима учун бу касбни танладингиз?” дан бошланиб, “Қариндошларингиз кимлар, хусусан, отаонангиз қаерда ишлайди?”гача давом этган. Қизиғи шундаки, бўлажак сабоқдошларимнинг аксарияти ёшлигидан юрист бўлишни орзу қилишган. Бунга Лев Шейниннинг “Изқуварнинг кундалиги” номли китоби ёхуд Конан Дойлнинг “Шерлок Холмс”и сабаб бўлган экан. Бу китобларни мен ҳам бешинчи-олтинчи синф давримда ўқиб чиққанман. Аммо ҳуқуқшунос бўлишни ўша пайтлар орзу қилмаганман. Саккизинчи синфни битиришда “Ким бўлсам экан?”, деган мавзуда иншо ҳам ёзганмиз. “Албатта, космонавт бўламан!”, деб ёзибман. Муаллим ётиғи билан тушунтирган: космонавтика мактаби мутлақо бошқа шахсларга, яъни жисмонан бақувват, соғлом, фавқулодда қобилиятли, бир неча тилни билгич, кибернетика ва астрономияни “сув қилиб ичган”ларга насиб этиши, биздан айнан шундай одам чиқиши минг сурув қўйдан битта антиқа сур терили қўзи туғилишидай гаплиги қиёслаб гапирилган ва мен косманавтликни ҳеч қачон орзу қилмаслигимга кўндирилганман... Мен ўқиган мактабда математика фанидан ўқитувчи йўқ эди. Шу боис яхши ўқийдиган ва оилавий шароити кўтарадиган ҳамқишлоқларим бошқа мактабларга кетиб қолишар эди. Космонавтикадан умид узиб, физика-математика фани ўқитувчиси бўлишга бел боғладим. Қариндош-уруғларимнинг аълочи болалари бошқа қишлоқларда тентираб юрмасин, деган маънода бўлса керакда... Қарши шаҳрида ўша пайтдаги Педагогика институтида ўқийдиган бир танишимиздан уч ой алоҳида сабоқ олдим. Алгебрадан то тригонометриягача, алгоритмдан кибернетика-ю информатикагача “оралаб” чиқдим. Олий математика учун мўлжалланган китобдаги барча мисол ва масалаларни деярли ечиб ташладим. Ҳозирги тилда айтсак, “репетитор”ларим зеҳнимга қойил қолишганди. Қарши педагогика институтининг Физика-математика факультетига ҳужжат топшириб, оғзаки, ёзма математикадан 4 ва 5 баҳодан сўнг физикадан “йиқилдим”. Алам қилди. Бальзак, Стендаль, Цвейг асарларини тўлиқ мутолаа қилган “икки”чи сифатида “Билмасвойнинг бошидан кечирганлари”ни қайта ўқиб чиқдим. Гоҳ Мартин Иден, гоҳ Антуан Берьте кўйига тушдим. Ёш Верьтер билан бирга изтироб чекдим. Достоевскийнинг “Телба”си, “Чолиқуши”нинг ошиғи, “Минг бир кеча”нинг ровийи бўлиб яшадим. Ижарадаги хонадошларимдан бири ҳайрон бўлиб, “Асарларни саралаб ўқиш керак, бу кетишда жинни бўлиб қолиш ҳеч гап эмас” деди. Унинг гапида ҳам жон бордай туюлди. Иккинчи йили Қаршида Ирригация институтининг филиали очилиб қолди. Отам хўжаликда бош инженернинг ҳайдовчиси эди. Ўша бошлиқни хуш кўрмаслигим келажакда унинг ўрнини эгаллашдек худбинона орзуни ривожлантирди шекилли, қишлоқ хўжалиги механизацияси факультетига ҳужжат топширдим. Ўзим физика, математика, она тили иншосидан имтиҳонга тайёрлаган абитуриентларим ўқишга кириб кетишди. Бунинг устига рўзғоримиздаги ягона сигиримизнинг бекордан-бекорга сотилиб кетгани қолди. “Ҳақиқат йўқ экан” деб ҳайқирдим. Қишлоғимиздаги иккита кутубхонада нечта китоб бўлса, ҳаммасини ўқиб чиқдим. Кундан-кун одамлар лилипутга, мен Гулливерга ўхшаб борардим. Нуқул Граф Монте Кристо оролини туш кўрардим. Гоҳ Алпомиш, гоҳ Кунтуғмиш бўлиб уйғонардим. Кўҳиқоф тоғи, Эрам боғи кўз олдимга келар, Юнус, Мисқол парилар мени етаклаб кетаётгандай бўлаверарди. Икки йиллик армия жонимга ора кирди. Полкдаги кутубхонада ҳарбий хизмат давримнинг учдан бир муддати ўтди. Энди мен Гулливер — улкан одамлар мамлакатига тушиб қолганимни англадим. Сўқир Гомернинг достонлари эсимдан оғдириб, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун”и ҳушимга қайтарарди. Ўзимни қийнаб Алишер Навоийни ўзга тилда ўқий бошладим, аммо тўғриси, ҳеч вақони англай олмадим. Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий... Ҳар учала “Хамса”ни қиёсламоқчи ҳам бўлдим, аммо кучим етмади. Робинзон Крузо ҳолида нажот кемасини узоқ кутдим... Бу орада 25 ёшидан бошлаб ҳайдовчилик қилган отам пенсияга чиқибди, хўжалик идорасига қоровул бўлиб ишга ўтибди. Рўзғорга ёрдам бериш учун Қарши чўлига ишга кетдим. Тўрт нафар мактабдош бирикиб, 50 гектар ер олдик ва пахта экдик. Ҳаммамиз сувчи, ҳаммамиз тракторчи. Муз кечиб пол кўтардик, далага яхоб сув бердик. Эгат орасини культивация қиламан деб саккиз қатор ғўзани бошдан-охир чопиб кетибман денг. Сабаби — кечаси билан ертўлада, шам ёруғида китоб ўқиб, уйқудан қолиш эди. Шунда олий маълумотли бўлмасам бўлмайди, деган қатъий қарорга келдим. Ахир, агроном келиб бир сўкса, директор чақириб ўн марта сўкади. Баъзан бизга ҳеч менсимасдан қўл ҳам кўтаради. Бухгалтер маошнинг ярмини кўзини лўқ қилиб ушлаб қолади. Кўзимга фақат қора доғлар кўринади. Барча ёлғончи, ҳамма мақтанчоқ, хушомадгўй. Катталар калондимоғ, сўзлари, нутқлари мантиқсиз. Бўлди, бас, пессимист-Лермонтов поэмаларини ўқимайман. Некрасов, Тургенов, йўқ-йўқ, Толстойни ҳам тўхтатаман. Чеховнинг кесатиқлари ҳам жонга тегди. Юрагим зада бўлиб қолди. Азиз Несин, Михаил Зощенко, Ғафур Ғулом асарларини ўқиб бир оз дам олмасам бўлмайди. Мана Пушкин, Ҳамид Олимжон. Дарвоқе, иншо кимларнинг ҳаёти-фаолиятидан тушаркан. Қайси китобларни ўқиш керак. Ҳамза, Горький, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек... — Ўқийсан?! Ўқиганда ким ҳам бўлардинг. Ана сенга ўқиш, — дея далани кўрсатади хўжалик раҳбари тумандан келган вакил олдида олифталаниб. — Ўқишда зотинг қандай, нега оёғинг яланг, деб суриштиради... Ғужурим қайнаб, “портлаб” кетдим. Бўғишиб қолдим: — Сени ва сенга ўхшаган бюрократларни, бойвачча-ғирромларни қаматиш учун ўқийман, — дедим тутоқиб. Сўнгра чўлни ташлаб кетдим... Юридик факультетда биринчи имтиҳон иншо, яъни “элак” йўғ-ей, кўзи катта “ғалвир-чиғил” ҳисобланади. Манаман деган билағонлар ҳам тутдай тўкилиб, эланиб кетади. Аммо каминанинг ёзма иши қабулхона пешлавҳасида бир ҳафта намуна сифатида илиниб турган, тепасида “Иншо мана бундай ёзилади” деган ёзув ҳам бўлган. 1978 йил. Биринчи босқич талабасиман. Криминалистика фанини яхши ўзлаштириш учун детектив-фантастик китоблар, суд этикаси ва эстетикаси учун лиро-эпик асарлар. Нотиқлик санъати, Цицерон, А.Кони, шариат қонунлари – бу ёғи энди чексиз... Очиғи, ёшлигимда ҳуқуқшунос бўлишни ҳавас қилган эмасман. Ўша пайтда, шўро замонида қийналган, шаъни камситилганлар орасида яшаганман. Жамиятни пок-тоза кўришни орзу қилганман, холос. Бунинг учун ўқиш ва изланишдан ҳеч қачон толмаганман. Шукрки, бир кун келиб менга судья деган шарафли мақом насиб этди. Адолат қарор топишига озми-кўпми улуш қўшиб келмоқдаман. Ёзув столим четида “Темур тузуклари”, “Мухтасар”, Кайковуснинг “Қобуснома”си, Дейл Корнеги, турли луғатлар... Ишхонам жавонида қонунлар мажмуаси — кодекслар. Устознинг “Суд шундай ҳокимиятки”, “Судьялик — улкан масъулият” каби китоблари. Кейин ўзимнинг бир-иккита шеърий тўпламларим. Мана, хонтахта устида эса, ҳозиргина қораланган тўртлик: Қобилият қондан ўтар, ўткир зеҳн зот сурар, Яратилган ҳар бир асар Яратганнинг туҳфаси. Мингта китоб ўқинг санаб, савиясига қараб, Минг биринчисини ўзингиз ёзажаксиз, шубҳасиз. Холмамат ҲАСАНОВ Тошкент вилояти суди судьяси, “Фахрий судья” кўкрак нишони соҳиби
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан "Фуқаролик ишлари бўйича давлат божини белгилаш ва ундириш тартиби" номли қўлланма тайёрланди. Ушбу қўлланманинг электрон шакли билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз ва юклаб олишингиз мумкин. Юклаб олиш
Одамларнинг орасида яхшиликнинг калити ва ёмонликнинг қулфи бўладиганлари бор, ёки аксинча. Мўътабар манбаларимизда келтириладики, инсонларнинг суюклиси— бу уларнинг яхшилик калити эканлигидир. Мен ҳам касбда, ҳам оилада ибрат тимсоли бўлган Алишер Мардиевнинг ибратомуз ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи “МУНОСИБ ЯШАМОҚ БАХТИ” китобини ўқиганимда ундан ўзим учун кўп яхшиликларни олдим, ҳалол ва тўғри бўлишга, сидқидиллик билан ишлашга бўлган рағбатим ошди. Китобда архив маълумотларидан тортиб, алломаларимизнинг ҳикматлари-ю расмлар дид билан жойлаштирилган. Ва ўз ўрнида унинг муқоваси, ҳар бир саҳифасидаги бадиий безаклари ҳам ўқувчини ўзига тортади. Китобни ўқиш чоғида миллий нақшлар, матннинг жойлашуви маълумотларни кўз хотири ёрдамида ҳам эслаб қолишга ёрдам беради. Яъни, суд-ҳуқуқ тизими ходимлари учун яхшигина ўрнак бўладиган ҳаёт йўлига эга бўлган инсон ҳақида ҳикоя қилувчи китоб ўқувчини маърифатга чорлайди. Йиллар ўтиб, менинг ҳам ҳаёт йўлим ҳеч бўлмаса авлодларимга ўрнак бўладиган даражада бўлишини орзу қила бошладим. Иш фаолиятим давомида турли хил табиатга, тарбияга, хулққа эга бўлган инсонлар билан муносабатда бўлишдан олган ҳаётий тажрибам ва ушбу китобни ўқиб чиққанимдан сўнг эга бўлган маънавий озуқа орқали мен англаган ҳис шу бўлдики, кимнинг қалби қаршисида дунёси турса, сиз унга йўлиққанингизда, фақатгина дунёсидан гап очади. Кимнинг қалби қаршисида эзгулик турса, сиз унга йўлиққанингизда, фақатгина эзгуликдан, кимнинг қалби қаршисида поклик турса, сиз унга йўлиққанингизда, фақатгина покиза лафзлардан, сўзлардан гап очади. У сизга яхшилигини тўкиб солади. Сизга қалбидан ўтган нарсаларни гапириб беради. Дунёси ҳақида нутқ қилувчи эса, сизни унга тарғиб қилади ва унинг аҳволларини зийнатлаб кўрсатади. Адолат ҳақида нутқ қилувчи сизни унга тарғиб қилади ва одил инсонларнинг мартабасини, мукофотини зийнатлаб кўрсатади. Сизга фирибгарлик, алдов орқали келадиган нопок мол дунёнинг йўли хатарли эканини англатади. Унинг фитнаси, ғурури, алдови, ёлғон орзуси ҳақида ҳамда унинг аҳли эртага шиддатли ҳисоб бериши ҳақида хабар беради. Етишмовчилик ҳолатларида ҳам қаноатли, сабрли бўлишга чақиради. Алишер Мардиевнинг ҳаёти давомида турли қийин вазиятларга тушишига қарамай ўзининг виждони, ҳалоллиги, чуқур билим ва маърифати орқали бу ҳолатлардан пок ҳолида чиқиб кетиши сизда гўзал фазилатлар шаклланишига ёрдам беради. Сўзимнинг якунида шуни таъкидлар эдимки, қўлимиздаги китоб ўз-ўзидан шу ҳолатга келиб қолгани йўқ. Унинг ортида қанчадан-қанча машаққатли меҳнату ўйқусиз тунлар ётибди. Мен кейинги икки йил давомида Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилган китобларни кўздан кечирар эканман улар нафақат маъно-мазмун жиҳатдан, балки шаклан ҳам мукаммал эканлигига амин бўлдим. Бу китобларни қўлга олар экансиз, унинг гўзаллиги ва нафислигидан ўзингизда авайлаш ҳиссини туясиз. Бу ҳам муаллифлар жамоасининг улкан ютуғидир. Хулосамиз шуки, бу каби маърифий-ҳаётий китоблар нашри ва мутолаасини мунтазам йўлга қўйиш керак. Сабаби, донишманд боболаримизнинг ҳикматларида яхшиларга ёндашиш - яхшиликни касб этмоқдир, дейилади. Ҳалол ва фидойи инсонлар ҳақида ўқиш кишини ўз-ўзидан улар каби маърифатли, адолатли бўлишга ва турли ёмон ҳолатларга тушиб қолишдан сақлайди. Алишер АЯПОВ, Қўнғирот туманлараро иқтисодий суди судьяси
Қадимги Миср шоҳларидан улуғ Бойкос ўз шаҳарларидан бирида адолатли қози борлигидан хабар топибди. Айтишларича, у жуда ростгўй бўлиб, оқни оққа, қорани қорага ажратар, унинг ўткир нигоҳидан битта ҳам муттаҳам қочиб қутулолмас экан! Иттифоқо, бир куни шоҳ Бойкос бунга ишонч ҳосил қилиш мақсадида савдогар кийимини кийибди-да, ўша ростгўй қози яшайдиган юртга равона бўлибди. Йўлда бир чўлоқ пайдо бўлиб, ундан хайр-садақа сўрабди. Шоҳ унга садақа бериб, йўлида давом этибди. Аммо тиланчи унинг этагига осилиб олибди. – Хўш, сенга ўзи нима керак? – сўрабди шоҳ Бойкос. – Сен менга садақа бердинг, лекин яна бир илтифот кўрсат, мени отингда шаҳар ўртасидаги майдонга олиб бор, токи мени йўлдаги от ва туялар эзиб ташламасин! Шоҳ Бойкос чўлоқни отига мингаштириб, шаҳар марказидаги катта майдонга олиб борибди. Сўнг отини дарахтга боғлаб қўйибди, аммо қайсар тиланчи отдан ҳеч тушмас эмиш. Шунда шоҳ Бойкос дебди: – Хўш, нега отда ўтирибсан, биз етиб келдик, энди отдан туш! Тиланчи унга шундай жавоб қайтарибди: – Ахир, от меники бўлса, нега ундан тушишим керак, агар бунга гумонинг бўлса, унда шаҳар қозисига борамиз! Атрофдаги оломон ҳам буни эшитиб, шовқин солибди: – Қозига боринглар, тўғри ҳукмни қози чиқаради! Ноилож шоҳ Бойкос ҳалиги чўлоқ билан шаҳар қозисининг олдига боришибди. Қозининг ҳовлисида тумонат одам тўпланган бўлиб, қози бу одамларни навбати билан ҳузурига чақирар экан. У биринчи бўлиб олдига бир олим ва деҳқонни чорлабди. Улар битта гўзал аёл учун қозининг ҳузурига келишган экан. Деҳқон ўша аёлни хотиним деса, ё тавба, олим ҳам “бу аёл менинг завжаи ҳалолим” дермиш! Қози икки томонни тинглаб бўлиб, ҳукм чиқарибди: – Аёл менинг уйимда қолади, сизлар эса эртага келасизлар! Улар чиқиб, хонага қассоб ва ёғфуруш киришибди. Қассобнинг қўли қон, ёғфурушнинг қўллари эса мойга беланган экан. Қассобнинг қўлида пул, ёғфуруш эса унинг қўлидан маҳкам тутиб олибди. Шунда қассоб арз-додини айтибди: – Тақсир, мен бу одамдан ёғ сотиб олиб, энди пулини бермоқчи эдим, у қўлимдан маҳкам ушлаб, пулни мендан тортиб олмоқчи бўлди. Мен қўлимда кармоним, у эса менинг қўлимдан ушлаган ҳолда ҳузурингизга келдик! Пуллар меники, ёғфуруш муттаҳам, ўғри! Ёғфуруш эса қуйидагиларни айтибди: – Бу ҳаммаси бўҳтон! Қассоб олдимга мой сотиб олиш учун келган эди. Мен унга кўзасини тўлдириб мой қуйдим. У мендан динорини майдалаб беришимни сўради. Мен майда чиқариб, пештахтага қўйдим. Қассоб бу пулларни олиб қочмоқчи бўлди. Мен шу пайт уни қўлидан ушлаб сизга олиб келдим, тақсир! Қози бироз сукут сақлаб, кейин шундай дебди: – Пуллар менда қолади, сизлар эртага келинглар. Навбат шоҳ Бойкосга келгач, у ҳам бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтиб берибди. Шунда қози чўлоққа юзланибди. Чўлоқ қуйидагиларни гапирибди: – Унинг гаплари ғирт ёлғон! Мен ўз отимда сайр қилиб юрган эдим. Бу одам эса мендан ўзини майдонгача элтиб қўйишимни сўради. Кейин менга туҳмат қилиб, бу от ўзиники эканлигини даъво қилди. Унинг гаплари ғирт ёлғон! Буни эшитиб, қози жавоб қайтарибди: – Отни менинг уйимда қолдириб, ўзларингиз эртага келинг! Эртасига эрталаб шаҳарнинг марказий майдонига тумонат одам тўпланган, ҳамма қозининг адолатли қарорини кутар экан. Биринчи бўлиб олим ва деҳқон қозининг қабулига киришибди. Қози ўйлаб туриб, ўзининг биринчи қарорини халққа эълон қилибди: – Хотин олимга тегишли, деҳқонга эса эллик дарра урилсин! Олим ўз хотинини олибди, деҳқон эса жазога тортилибди. Кейин қози қассоб ва ёғфурушни олдига чақирибди. – Бу пуллар сеники, – дебди қози қассобга. Кейин ёғфурушга юзланибди: – Ёғфурушга эллик дарра урилсин! Ниҳоят навбат шоҳ Бойкос ва чўлоққа келибди. – Сен ўз отингни йигирмата бошқа отнинг орасидан таний оласанми? – сўрабди қози шоҳ Бойкосдан. – Таний оламан, тақсир! – жавоб қайтарибди шоҳ Бойкос. – Сен-чи?! – юзланибди қози чўлоққа. – Мен ҳам ўз отимни танийман! – жавоб берибди чўлоқ. – Ортимдан юринглар-чи! Ҳаммалари биргалашиб отхонага ўтишибди. Шоҳ Бойкос гувоҳлар олдида йигирмата от орасидан ўзининг отини кўрсатибди. Кейин қози чўлоқни чақириб, уни ҳам отхонага олиб борибди ва ундан ўз отини топиб беришини сўрабди. Чўлоқ ҳам ўша отни кўрсатибди. Шундан сўнг қози ўз ўрнига ўтиб, қарорини ҳаммага эълон қилибди: – От Бойкосники, чўлоққа эса эллик дарра урилсин! Иш куни тугаб, қози уйига қайтаётганида, шоҳ Бойкос унинг ортидан эргашибди. – Хўш, нима гап, ё менинг қароримдан норозимисан? – сўрабди қози шоҳ Бойкосдан. – Йўғ-э, мен қарорингдан розиман, фақат хотин олимники, пуллар қассобники, от меники эканини қандай аниқлаганингга ақлим етмаяпти! Шунда қози жавоб қайтарибди: – Хотин кимникилигини мен бундай билиб олдим: уни эрталаб ҳузуримга чақириб, “Сиёҳдонга сиёҳ қуйиб бер!” деб сўрадим. У сиёҳдонни олди, уни чаққонлик билан ювиб-тозалаб, сўнг сиёҳ қуйди. Афтидан, хотин бу ишни олдин ҳам қилиб юрган, шунинг учун бу иш унга унча қийин бўлмади. Агар у деҳқоннинг хотини бўлганида, бу ишни уддалай олмасди. Демак, хотин олимга тегишли бўлиб чиқди. Пулларни эса сувга солиб қўйдим, эрталаб қарасам, пиёладаги сувнинг бети топ-тоза. Агар бу пуллар ёғфурушга тегишли бўлганида, сув юзида мой доғлари пайдо бўларди. Демак, қассоб тўғри гапирган! От кимга тегишли эканлигини аниқлаш анча оғир кечди. Чунки чўлоқ ҳам сенинг отингни таниди. Сизларни отхонага бошлаб борганимда, мен учун сизларнинг отни танишингиз эмас, балки отнинг сизларни таниши зарурроқ эди! Сен яқинлашганингда, от бошини кўтариб сенга интилди, чўлоқ унга яқин келганида эса от қулоқларини чимирди! Бунга кўра, отнинг ҳақиқий хўжайини сен эдинг! Шунда шоҳ Бойкос дебди: – Мен оддий савдогар эмасман, шу юртнинг подшоҳи – шоҳ Бойкосман! Одамларнинг сен ҳақингда айтаётган сўзларига ўзим гувоҳ бўлиш учун бу ерга келган эдим! Сенинг ростгўй қози эканингга буткул ишондим! Тила тилагингни, сени мукофотлайман! Ростгўй қози вазминлик билан жавоб қайтарибди:– Менга мукофот керак эмас, жаноби олийлари, улуғ шоҳимнинг мақтовлари мен учун энг олий шараф! Лев Толстой Рус тилидан Раҳмат Тўла таржимаси Манаба: Ziyouz.uz