Тарих: қозилик лавозимига тайинлов, уларнинг мақоми ва ваколатлари қандай бўлган?

14 Ноябрь 2023 17:17 1049 Чоп этиш

 “Қози  арабча сўз бўлиб, “ижро этувчи”, “ҳукм чиқарувчи” маъноларини англатади. Мусулмон  давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланган қози шариат ахкомлари асосида суд вазифасини бажарувчи, судья, шаръий маҳкама раиси ҳисобланган.

Дастлаб қозиларни  Муҳаммад (САВ) пайғамбар, ундан кейин халифа Умар (РА) тайинлаган. Хулофои рошидин даврида қозилар фақат фуқаролик ишларини кўриб чиққан. Жиноят ишларни  ҳал қилиш халифа ёки  вилоят ҳокимлари ваколатига кирган. Агар жавобгар юксак мақом эгаси (давлат хизматчиси) бўлса, унга оид ишлар мазолим қозиси(мазолим волиси)га топширилган.  Шикоятлар билан шуғулланувчи бу идорага салтанат эгасининг ўзи ёки у томонидан тайинлаган баобрў киши бошчилик қилган.

 Тарихий манбаларда мазолим судида  даъвогар ва жавобгардан ташқари  қозилар, муфтийлар, салоҳиятли котиб, ички ишлар раҳбарлари, хавфсизлик ходимлари иштирок этгани айтилади.

Мазолим қозиси ҳокимлар, давлат мулозимлари, солиқчилар устидан тушган шикоятларни, зўравонлик билан тортиб олинган шахсий  ёки вақф мулкларига оид ишларни, қозилар чиқарган қарорлар ижросини, кўпчилик манфаатига қарши қилинган тажовузларга доир ишларни кўриб чиққан.

Қози мусулмон бўлмаган фуқаролар ўртасидаги низони уларнинг эътиқодидан келиб қиқиб, диний китоблари (Таврот, Инжил) асосида ҳал қиларди. Қозининг ҳукмидан норози тарафнинг халифага шикоят қилиш  ҳуқуқи мавжуд бўлган.

VIII асрнинг  иккинчи ярмига келиб,  аббосийлар давлатида олий қози — “Қозиул-қуззот” лавозими жорий қилинган.

 Қозилик лавозимига ўз обрўсига доғ туширмаган, илму идрокли ва шариат қонунларини етарлича биладиган, яққол кўриниб турган жисмоний нуқсони бўлмаган соғлом ва одил ҳар бир эркин (қул бўлмаган) мусулмон эгаллаши мумкин  бўлган. Қози давлат ғазнасидан таъминлаб турилган. Баъзан қози умумий ваколатга эга бўлиб, бутун мамлакат миқиёсида  ҳукм чиқарган бўлса, баъзан унинг ваколати бир вилоят ёки шаҳар ҳудуди билан чекланган.

Қози ўз шаҳри ёки вилоятидаги барча фуқаролик ва жиноят ишларини кўриб чиқиш, жамоатчилик ахлоқини назорат қилиш, зарур бўлганда, одамлар (вояга етмаганлар) ва мулкка васийликни тайинлаш, вақф мулкларини назорати, жамоат бинолари, иншоотлар, йўллар, кўчалар ва майдонларнинг ҳолатини кузатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва турма нозирлари фаолиятини назорат килиш, садақа, жамоат маблағлари тўғри йиғилиши ҳамда тақсимланиши, зарбхона, байтулмол (давлат хазинаси)ни назорат қилиш каби ишларни бажарарди.

Қўшинлар қозиси ҳарбий ўлжани баҳолаши ва унинг тўғри тақсимланишини кузатиши керак бўлган. Бунинг учун у ҳарбий ҳуқуқни яхши билиши талаб этилган.

Айрим ҳолларни ҳисобга олмаганда қозилар асосан фақиҳлар орасидан чиққан.

(“Фикҳ энциклопедияси”дан)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech