Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 67, 68-моддаларига кўра - ўттиз беш ёшга тўлган, юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 67-моддасига кўра қуйидагилар судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас:
- жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;
- илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;
- чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;
- суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;
- психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;
- судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ҳамда туманлараро маъмурий судлардан иборатлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси “Судьялар олий кенгаши” тўғрисидаги Қонунининг 6-моддасига кўра Кенгашнинг асосий вазифалари:
- судьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия этиш орқали судьялар корпусини шакллантириш,
- судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш,
- судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш,
- суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқиш ва принципиал баҳолаш,
- Кенгашнинг ҳамда суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш,
- судьяларни касбий жиҳатдан тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьялар фаолияти самарадорлигини замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш,
- раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун муносиб судья кадрларни танлаб олиш, шунингдек уларни рағбатлантириш ва мукофотлаш масаласи юзасидан ташаббус кўрсатиш,
- оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш,
- суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ҳамда уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш,
- судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси “Судьялар олий кенгаши” тўғрисидаги Қонунининг
7-моддасига кўра Кенгаш жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 71-моддасига кўра:
Судья биринчи марта беш йиллик муддатга, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади.
Судьянинг ваколатлари муддати унинг судьялик лавозимида бўлган умумий стажидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши етмиш ёшни, бошқа судлар судьялари учун — олтмиш беш ёшни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан беш йилгача, бошқа судлар судьясининг ёши эса Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан худди шундай беш йилгача узайтирилиши мумкин.
Судья қонунчиликка мувофиқ пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 69-моддасига кўра:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тавсияси асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.
Вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди, туманлараро, туман, шаҳар суди, ҳудудий ҳарбий суд судьяси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан лавозимга тайинланади.
Қорақалпоғистон Республикаси суди, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман, шаҳар суди судьяси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ёки келишиб олинадиган лавозимларда фаолият юритаётган ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган шахслар, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқитилмаган ҳолда илк бор судьялик лавозимларига тайинланиши мумкин.
Судьяни лавозимга тайинлаш тегишли судьялар малака ҳайъатининг хулосаси инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.
Судьяга нисбатан интизомий иш тегишли судьялар малака ҳайъати томонидан қўзғатилади.
Судьянинг ваколатлари тегишли судьялар малака ҳайъати қарори билан қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади, агар:
судья ўз лавозимига зид фаолият билан шуғулланаётган бўлса;
судьяга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган бўлса;
судья суднинг ҳал қилув қарори билан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
судьяга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса;
судья давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловида депутатликка номзод сифатида иштирок этаётган бўлса.
Судьянинг ваколатлари уларни тўхтатиб туришга сабаб бўлган асослар бекор бўлгунга қадар тўхтатиб турилади.
Судья қонунда белгиланган тартибда тегишли судьялар малака ҳайъати қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.
Судьянинг ваколатлари тўхтатиб турилиши унга иш ҳақи тўлашни тўхтатишга ёки иш ҳақи миқдорини камайтиришга, унинг таъминоти даражасини пасайтиришга ва судьяни ушбу Қонунда белгиланган дахлсизлик кафолатларидан маҳрум қилишга сабаб бўлмайди, бундан эҳтиёт чораси сифатида судьяга нисбатан қамоққа олиш чораси танланган ҳоллар мустасно.
Судьянинг ваколатларини қайта тиклаш тўғрисидаги қарор судьянинг ваколатларини тўхтатиб турган тегишли судьялар малака ҳайъати томонидан қабул қилинади.
Судьянинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:
1) у судьянинг қасамёдини бузган тақдирда;
2) у ёзма ариза берган тақдирда;
3) тегишли судьялар малака ҳайъати томонидан огоҳлантириш қилинганидан ёки ваколатлари тўхтатилганидан кейин у судьялик лавозимига зид фаолият билан шуғулланишни давом эттираверган тақдирда;
4) у суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган тақдирда;
5) у Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиққан ёки уни йўқотган тақдирда;
6) унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
7) у вафот этганда ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;