Судьялар одоби кодекси

Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгашининг
2024 йил 15 майдаги 1903-сон қарори билан тасдиқланган

 

 

Судьялар одоби кодекси

 

Ўзбекистон Республикаси судьялар ҳамжамияти:

инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга судьяларнинг мустақиллиги ва холислигини таъминлаш орқали эришилишини таъкидлаб;

одил судловнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилишида, шунингдек жамиятнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини таъминлашда судьянинг одоби, юксак маданияти ва маънавияти муҳим аҳамият касб этишини эътироф этиб;

суд ҳокимиятининг обрўйи ва нуфузини сақлаш судьянинг мажбурияти эканлигини уқтирган ҳолда одоб-ахлоқ қоидаларини белгиловчи мазкур Кодексни қабул қилади.

 

1-модда. Кодекснинг амал қилиш доираси

Кодекс судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида, шунингдек хизматдан ташқари вақтда амал қилиши лозим бўлган одоб-ахлоқ, хулқ-атвор қоидаларини белгилайди ва ундаги қоидалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг чекланиши деб талқин этилмаслиги керак.

Кодекс билан тартибга солинмаган масалалар юзага келган тақдирда, судьялар жамиятда мавжуд бўлган одоб-ахлоқ меъёрларига, шунингдек судьялар одоб-ахлоқини тартибга солувчи халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига амал қиладилар.

 

2-модда. Судьянинг хулқ-атворига доир умумий талаблар

Судья одоб ва ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиши, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатпарвар бўлиши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.

Ушбу Кодексга риоя этиш судьянинг қалб амри, ҳаётининг қоидаси бўлиши, жамиятнинг суд тизимига, одил судлов малакали, мустақил, холис ва адолатли тарзда амалга оширилаётганлигига бўлган ишончини мустаҳкамлашга кўмаклашиши керак.

Судья ўз ваколатларини амалга оширишида унга таъсир ўтказилганлиги тўғрисида хулоса чиқаришга йўл қўядиган ҳамда судьянинг мустақиллиги ва холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатларни содир этмаслиги ёки бошқа шахсларга шундай ҳаракатларни содир этиши учун имкон яратиб бермаслиги зарур.

Судьяда қасамёдга содиқлик, ҳалоллик, қатъият, матонат, фаҳм-фаросат ва илмга чанқоқлик каби хислатлар бўлиши шарт.

Судья миллатлараро тотувликни қадрлаши, миллий урф-одат ва қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши лозим.

Хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлиги, кўрилаётган ишнинг якунидан ғаразли ёки ўзгача тарзда манфаатдор эканлиги ҳақидаги ошкора айбловларга нисбатан судья тегишли чоралар кўриши лозим.

Судья фикрлаш ва сўз эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишда одил судловнинг обрўсига путур етказмаслиги керак.

 

3-модда. Судьянинг фаолияти доираси

Судьянинг одил судловни амалга ошириш фаолияти унинг бошқа вазифаларига нисбатан устувор аҳамиятга эга.

Судья Сенат аъзоси, депутат бўлиши, сиёсий партияларга аъзо бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек, илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

Судья судьялар ҳамжамияти органларида, жамоат бирлашмаларида ҳақ тўланмайдиган вазифаларни бажариши мумкин.

Судья суд ишлари, аризалар, илтимосномалар ва шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек суд амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш ишларида иштирок этади.

Судья ўз касбий фаолиятини амалга оширишида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларга сўзсиз риоя этиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мулкий манфаатлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.

 

4-модда. Судьянинг мустақиллиги

Судьянинг мустақиллиги, унинг фақат қонунга бўйсуниши, одил судлов фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳамда бундай аралашув учун жавобгарлик белгиланганлиги, шунингдек лавозимга тайинланиши (сайланиши) тартибининг мавжудлиги орқали кафолатланади.

Судья ўз касбий фаолиятини амалга оширишида ҳар қандай ташқи таъсирларнинг олдини олиши, таҳдидлар, босим ва ғайриқонуний таъсир ўтказишга, суд жараёнига бевосита ёки билвосита аралашишга қаршилик кўрсатиши шарт.

Суд ишларини ҳал этишга аралашганлик, ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилганлик, судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

 

5-модда. Судьянинг холислиги ва беғаразлиги

Судья касбий мажбуриятларини бажараётганида асоссиз шубҳа ва тахминлардан ҳоли бўлиши лозим.

Судья ўзи, қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизматлар, тижоратга оид ёки бошқа фойда олиш мақсадида ўз мақомидан фойдаланмаслиги, шахсий масалалар юзасидан турли давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига мурожаат қилишда ҳам ўз мақоми ва хизмат мавқеидан фойдаланмаслиги керак.

Судья одил судловни амалга ошираётганда суд процесси барча иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, ҳар қандай ташқи таъсирлар, босим ва аралашишлардан қатъи назар мустақил ҳаракат қилиши, фақат фактик маълумотлар ва далилларни баҳолашдан келиб чиқиши ва ички ишончига ҳамда қонунчиликка амал қилиши шарт.

Судья, ишдаги тараф ёки манфаатдор шахсни раддия ёхуд танқидий фикр билдиргани учун таъқиб қилмаслиги лозим.

Судья ўз мажбуриятларини холисона, суд процессининг барча иштирокчиларига жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил муносабатда бўлган ҳолда бажариши шарт.

Судья якуний суд ҳужжати қабул қилингунга қадар иш бўйича фикрини бирон-бир тарзда билдиришга ҳақли эмас.

Адолатли суд муҳокамаси одил судловни холис ва беғараз амалга оширишнинг асосий шартидир.

Судья суд процессининг барча иштирокчиларига нисбатан тенг муносабатда бўлиши шарт.

 

6-модда. Судьянинг ҳалоллиги

Судья вазифаларини виждонан бажариши, сабр-қаноатли, тоза ва покдомон, ўз нафсининг тарбиячиси, шунингдек ўзи ҳамда оила аъзоларининг ҳалол ризқ ҳисобига яшашларига эътиборли бўлиши лозим.

Судья шахсий манфаатлари йўлида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилмаслиги, қариндош-уруғчиликка, таниш-билишчиликка, маҳаллийчиликка, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, хизмат юзасидан бириктирилган моддий ва номоддий манбалардан (ресурслардан) шахсий, оиласи ва бошқалар манфаатида фойдаланмаслиги шарт.

Судья одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашув ва ўтказилган босимлар, шунингдек муайян ҳаракатларни бажариш ёхуд бажармаслик учун моддий-номоддий шаклдаги таклифлар ҳақида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Судьялар олий кенгашига ёки судьялар малака ҳайъатига хабар қилиши лозим.

Судья бошқа судьянинг иш юритувидаги ишларни кўриб чиқилишига аралашмаслиги керак.

 

7-модда. Судьялик лаёқати

Судья моддий ва процессуал қонун нормаларини мукаммал билиши, уларни тўғри қўллай олиши, қонунчиликдаги ўзгаришларни ва суд амалиётини доимий ўрганиши, ўз билим ҳамда малакасини мунтазам ошириб бориши шарт.

Судья ўз мажбуриятларини юқори профессионал даражада бажариши, иш ўз вақтида ва малакали кўриб чиқилиши учун барча чораларни кўриши лозим.

 

8-модда. Судьянинг махсус кийими

Судья одил судловни жорий этилган намунадаги махсус кийим (мантия)да амалга ошириши шарт.

Судьянинг махсус кийимидан бошқа мақсадларда ва бошқа шахслар томонидан фойдаланишига йўл қўйилмайди.

 

9-модда. Суд раиси ва раис ўринбосарининг раҳбарлик фаолиятига оид талаблар

Суд раиси (ўринбосари) ўзининг холислиги, фидойилиги ва касбига садоқати бўйича бошқаларга ўрнак бўлиши керак.

Суд раиси (ўринбосари) ташкилий-маъмурий ваколатларини амалга оширишда судьяларнинг мустақиллигини чекловчи хатти-ҳаракатларга йўл қўйишга, уларга босим ўтказишга, шунингдек судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига таъсир кўрсатиш мақсадида маъмурий таъсирнинг бошқа усулларидан фойдаланишга ҳақли эмас.

Суд раиси (ўринбосари) зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда қонунийликни, суднинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаши, шунингдек судья ва ходимларнинг касбий билимларини ошириб бориш чораларини кўриши, шунингдек, судья ёки ходим эгаллаб турган лавозимига номуносиб хатти-ҳаракат содир этишининг олдини олиши, ҳар қандай ножўя ҳаракатга муносабат билдириши зарур.

Суд раиси (ўринбосари) раҳнамоликка (асоссиз рағбатлантириш ва лавозимини оширишга), шунингдек бепарволикка (фаолиятдаги камчиликлари учун чора кўрмасликка, ноқонуний ҳаракатларига эътибор бермасликка) йўл қўйилиши мумкин эмас.

Суд раиси (ўринбосари) судьялик лавозимларига номзодларга фикрнома, тавсифнома (тавсиянома) тузишга масъулият билан ёндашиши, холис ва беғараз бўлиши керак.

 

10-модда. Суд процесси иштирокчилари билан ўзаро муносабатлар

Судья процессуал бўлмаган алоқаларни, яъни муайян суд иши бўйича ишда иштирок этувчи шахслар, уларнинг вакиллари, прокурор, адвокат, бошқа манфаатдор шахслар билан процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳар қандай мулоқотни, агар ушбу ҳаракатлар судьянинг холислиги ва беғаразлигига асосли равишда шубҳа туғдириши мумкин бўлса, истисно этиши лозим.

Судья ўз мажбуриятларини бажариши чоғида олинган ахборотни ошкор этишга ҳақли эмас. Судья ўз хизмат мавқеи муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган сир тутиладиган ахборотдан судьялик мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган мақсадда фойдаланиши ёки уни бирор кишига ошкор қилиши мумкин эмас.

 

11-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик

Судья ўз фаолиятида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳуқуқ, қонунчилик, суд тизими, суд амалиёти масалалари бўйича ўз ихтисослиги соҳасидаги шахсий тажрибаси ва билимларига асосланган ўз нуқтаи-назарини билдириш орқали ҳамкорлик қилади. Бунда у мансабдор шахслар томонидан ўзига бирон-бир таъсир кўрсатилишига, шунингдек холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳалар туғилишига йўл қўймаслиги лозим.

Судья давлат органлари фаолиятини омма олдида танқид қилиш, фикр-мулоҳаза билдириш ва баҳолашдан ўзини тийиши зарур.

Агар давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тузилган турли ишчи гуруҳлари ва комиссиялар ишидаги иштироки судьянинг касбий мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилса, жамиятнинг суд ҳокимияти обрўсига бўлган ишончига путур етказса ёки одил судловнинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирса, судья улар фаолиятида иштирок этмаслиги лозим.

 

12-модда. Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро муносабатлар

Суднинг иш юритувида бўлган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари қонуний кучга киргунга қадар судья улар юзасидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда чиқиш қилишга ҳақли эмас.

Судья оммавий танқидга нисбатан вазмин бўлиши керак. Агар оммавий ахборот воситаларида судьянинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тарқалиши натижасида судлар ва судьялар фаолияти ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлса, оммавий ахборот воситаларининг бундай чиқишларига нисбатан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган усулларда муносабат билдириш ҳуқуқига эга.

Судья ижтимоий тармоқларда, интернет-форумларда ва интернет тармоғидаги бошқа шаклдаги мулоқотларда иштирок этиши мумкин, бироқ у суд ҳокимиятининг, давлат органларининг нуфузига, бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган ахборотни тарқатмаслиги лозим.

 

13-модда. Судьянинг хизматдан ташқари вақтдаги одоб-ахлоқига оид қоидалар

Судья хизматдан ташқари вақтда жамиятда умумэътироф этилган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиши, жамоатчилик билан муносабатда камтар ва босиқ бўлиши, кибрга берилмаслиги, судья эканлигини заруратсиз билдиришдан тийилиши лозим.

Судья сиёсий ва диний мазмунга эга митинг ва намойишлар шаклидаги оммавий тадбирларда иштирок этмаслиги керак.

Судья жамиятнинг бошқа иштирокчилари билан муносабатда суднинг нуфузи, судьялик шаънига путур етказадиган ва судьянинг жамиятдаги юксак мақомига мос келмайдиган муомала маданиятидан, шунингдек кўнгилочар тадбирларда иштирок этишда судьянинг нуфузига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим.

Судья муайян суд иши бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришга ва ўз фикрини билдиришга, шунингдек судда кўрилган ёки суд иш юритувидаги ишларни хизматдан ташқари ҳолатда муҳокама қилишга ҳақли эмас.

 

14-модда. Судьянинг молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар

Судья молиявий-хўжалик фаолиятини юритиш билан боғлиқ қонунда белгиланган чекловларга қатъий риоя этиши шарт.

Тижорат ташкилотларининг устав фондларидаги улуш, шунингдек тижорат ташкилотларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини берадиган қимматли қоғозлар ҳадя қилинган ёки мерос бўйича олинган ҳолларда, судья бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар бериши ва уларни бошқаришни дарҳол бошқаларга топшириш бўйича чоралар кўриши зарур.

Судья ўзи, турмуш ўртоғи ва фарзандлари олаётган даромадлари ҳамда уларнинг манбалари тўғрисидаги, мулк ҳуқуқи ва ашёвий ҳуқуқ асосида эгалигида бўлган мол-мулки, шунингдек мулкий хусусиятга эга мажбуриятлари ҳақидаги ахборотдан хабардор бўлиши шарт.

Судья ҳар қандай маблағлар йиғишда иштирок этмаслиги, бунда иштирок этишга даъват қилмаслиги, шунингдек мазкур мақсадлар учун судьялик обрўсидан фойдаланмаслиги ёки бошқа шахслар ва оила аъзоларининг фойдаланишига йўл қўймаслиги керак.

 

15-модда. Турмушда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш

Судья ўз мажбуриятларини бажариш чоғида ўз диний эътиқодларини намойиш қилиш ва тарғиб этишдан ўзини тийиши шарт.

Судья ўзининг ташқи кўриниши, камтарлиги ва сиполиги билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Судья эътиборни ҳаддан ташқари жалб этадиган даражада тақинчоқлар ва бошқа безаклар тақмаслиги, кийинмаслиги керак.

Судья ўз оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар томонидан унинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатларига, шунингдек суд ҳужжатларини қабул қилишига таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслиги керак.

Судья, ўз оила аъзоларининг умумэътироф этилган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишига эътиборли бўлиши лозим.

 

16-модда. Кодекс қоидаларига риоя этиш

Судья томонидан одоб қоидалари бузилган тақдирда бошқа судьялар унга қоидаларни эслатиши ва тартибга чақириши керак. Зарур бўлганда Кодекс қоидаларининг бузилганлиги факти юзасидан тегишли судьялар малака ҳайъатига мурожаат қилиши лозим.

 

17-модда. Кодексга риоя этилиши устидан назорат қилиш

Судьялар олий кенгаши ва тегишли судьялар малака ҳайъатлари ушбу Кодекс қоидалари бузилишининг олдини олиш юзасидан чоралар кўради ва уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

 

18-модда. Кодекс қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

Кодекс қоидаларининг бузилиши суд ҳокимияти обрўсига путур етказган ёки судья номига доғ туширган бўлса, бу ҳолат судьяни белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech