“Минг биринчисини ўзингиз ёзасиз...”

29 Август 2023 10:29 816 Чоп этиш

Университетга қабул қилинганимиз ҳақидаги буйруқ ҳамда гуруҳларимизни эълон қилиш мақсадида катта аудиторияга шахсан факультет декани келаётгани, барча билан танишув, савол-жавоблар бўлиши, ҳар биримиз бунга тайёр туришимиз зарурлигини услубчи эълон қилганда зал бир муддат сув қуйгандек тинчиб қолди.

Орадан ўтган ярим соатларча вақт давомида ҳар биримиз “савол-жавоб”га қаттиқ тайёргарлик кўра бошладик. Хайриятки, декан биз билан учрашмаган, ўрнига ўринбосари ва бир-икки нафар домлалар виқор билан кириб келишган. Менга навбат охирида теккан. Савол “Нима учун бу касбни танладингиз?” дан бош­ланиб, “Қариндош­ларингиз кимлар, хусусан, ота­онангиз қаерда ишлайди?”гача давом этган. Қизиғи шундаки, бўлажак сабоқдош­ларимнинг аксарияти ёшлигидан юрист бўлишни орзу қилишган. Бунга Лев Шейниннинг “Изқуварнинг кундалиги” номли китоби ёхуд Конан Дойлнинг “Шерлок Холмс”и сабаб бўлган экан.

Бу китобларни мен ҳам бешинчи-олтинчи синф давримда ўқиб чиққанман. Аммо ҳуқуқшунос бўлишни ўша пайт­лар орзу қилмаганман. Саккизинчи синфни битиришда “Ким бўлсам экан?”, деган мавзуда иншо ҳам ёзганмиз. “Албатта, космонавт бўламан!”, деб ёзибман. Муаллим ётиғи билан тушунтирган: космонавтика мактаби мутлақо бошқа шахсларга, яъни жисмонан бақувват, соғлом, фавқулодда қобилиятли, бир неча тилни билгич, кибернетика ва астрономияни “сув қилиб ичган”ларга насиб этиши, биздан айнан шундай одам чиқиши минг сурув қўйдан битта антиқа сур терили қўзи туғилишидай гаплиги қиёслаб гапирилган ва мен косманавтликни ҳеч қачон орзу қилмаслигимга кўндирилганман...

Мен ўқиган мактабда математика фанидан ўқитувчи йўқ эди. Шу боис яхши ўқийдиган ва оилавий шароити кўтарадиган ҳамқишлоқларим бошқа мактабларга кетиб қолишар эди. Космонавтикадан умид узиб, физика-математика фани ўқитувчиси бўлишга бел боғладим. Қариндош-уруғларимнинг аълочи болалари бош­қа қиш­лоқларда тентираб юрмасин, деган маънода бўлса керакда...

Қарши шаҳрида ўша пайтдаги Педагогика институтида ўқийдиган бир танишимиздан уч ой алоҳида сабоқ олдим. Алгебрадан то тригонометриягача, алгоритмдан кибернетика-ю информатикагача “оралаб” чиқдим. Олий математика учун мўлжалланган китобдаги барча мисол ва масалаларни деярли ечиб ташладим.

Ҳозирги тилда айтсак, “репетитор”ларим зеҳнимга қойил қолишганди. Қарши педагогика институтининг Физика-математика факультетига ҳужжат топшириб, оғзаки, ёзма математикадан 4 ва 5 баҳодан сўнг физикадан “йиқилдим”. Алам қилди. Бальзак, Стендаль, Цвейг асарларини тўлиқ мутолаа қилган “икки”чи сифатида “Билмасвойнинг бошидан кечирганлари”ни қайта ўқиб чиқдим. Гоҳ Мартин Иден, гоҳ Антуан Берьте кўйига тушдим. Ёш Верьтер билан бирга изтироб чекдим. Достоевс­кийнинг “Телба”си, “Чолиқуши”нинг ошиғи, “Минг бир кеча”нинг ровийи бўлиб яшадим. Ижарадаги хонадошларимдан бири ҳайрон бўлиб, “Асарларни саралаб ўқиш керак, бу кетишда жинни бўлиб қолиш ҳеч гап эмас” деди. Унинг гапида ҳам жон бордай туюлди.

Иккинчи йили Қаршида Ирригация институтининг филиали очилиб қолди. Отам хўжаликда бош инженернинг ҳайдовчиси эди. Ўша бошлиқни хуш кўрмаслигим келажакда унинг ўрнини эгаллашдек худбинона орзуни ривожлантирди шекилли, қиш­лоқ хўжалиги механизацияси факультетига ҳужжат топширдим. Ўзим физика, математика, она тили иншосидан имтиҳонга тайёрлаган абитуриентларим ўқишга кириб кетишди. Бунинг устига рўзғоримиздаги ягона сигиримизнинг бекордан-бекорга сотилиб кетгани қолди. “Ҳақиқат йўқ экан” деб ҳайқирдим. Қиш­лоғимиздаги иккита кутубхонада нечта китоб бўлса, ҳаммасини ўқиб чиқдим. Кундан-кун одамлар лилипутга, мен Гулливерга ўхшаб борардим. Нуқул Граф Монте Кристо оролини туш кўрардим. Гоҳ Алпомиш, гоҳ Кунтуғмиш бўлиб уйғонардим. Кўҳиқоф тоғи, Эрам боғи кўз олдимга келар, Юнус, Мисқол парилар мени етаклаб кетаётгандай бўлаверарди.

Икки йиллик армия жонимга ора кирди. Полкдаги кутубхонада ҳарбий хизмат давримнинг учдан бир муддати ўтди. Энди мен Гулливер — улкан одамлар мамлакатига тушиб қолганимни англадим. Сўқир Гомернинг дос­тонлари эсимдан оғдириб, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун”и ҳушимга қайтарарди. Ўзимни қийнаб Алишер Навоийни ўзга тилда ўқий бошладим, аммо тўғриси, ҳеч вақони англай олмадим. Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий... Ҳар учала “Хамса”ни қиёсламоқчи ҳам бўлдим, аммо кучим етмади. Робинзон Крузо ҳолида нажот кемасини узоқ кутдим...

Бу орада 25 ёшидан бош­лаб ҳайдовчилик қилган отам пенсияга чиқибди, хўжалик идорасига қоровул бўлиб ишга ўтибди. Рўзғорга ёрдам бериш учун Қарши чўлига ишга кетдим. Тўрт нафар мактабдош би­рикиб, 50 гектар ер олдик ва пахта экдик. Ҳаммамиз сувчи, ҳаммамиз тракторчи. Муз кечиб пол кўтардик, далага яхоб сув бердик.

Эгат орасини культивация қиламан деб саккиз қатор ғўзани бошдан-охир чопиб кетибман денг. Сабаби — кечаси билан ертўлада, шам ёруғида китоб ўқиб, уйқудан қолиш эди. Шунда олий маълумотли бўлмасам бўлмайди, деган қатъий қарорга келдим. Ахир, агроном келиб бир сўкса, директор чақириб ўн марта сўкади. Баъзан бизга ҳеч менсимасдан қўл ҳам кўтаради. Бухгалтер маошнинг ярмини кўзини лўқ қилиб ушлаб қолади. Кўзимга фақат қора доғлар кўринади. Барча ёлғончи, ҳамма мақтанчоқ, хушомадгўй. Катталар калондимоғ, сўзлари, нутқлари мантиқсиз. Бўлди, бас, пессимист-Лермонтов поэмаларини ўқимайман. Некрасов, Тургенов, йўқ-йўқ, Толстойни ҳам тўхтатаман. Чеховнинг кесатиқлари ҳам жонга тегди. Юрагим зада бўлиб қолди. Азиз Несин, Михаил Зощенко, Ғафур Ғулом асарларини ўқиб бир оз дам олмасам бўлмайди. Мана Пушкин, Ҳамид Олимжон. Дарвоқе, иншо кимларнинг ҳаёти-фаолиятидан тушаркан. Қайси китобларни ўқиш керак. Ҳамза, Горький, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек...

— Ўқийсан?! Ўқиганда ким ҳам бўлардинг. Ана сенга ўқиш, — дея далани кўрсатади хўжалик раҳбари тумандан келган вакил олдида олифталаниб. — Ўқишда зотинг қандай, нега оёғинг яланг, деб суриштиради...

Ғужурим қайнаб, “портлаб” кетдим. Бўғишиб қолдим:

— Сени ва сенга ўхшаган бюрократларни, бой­вачча-ғирромларни қа­матиш учун ўқийман, — дедим тутоқиб.

Сўнгра чўлни ташлаб кетдим...

Юридик факультетда биринчи имтиҳон иншо, яъни “элак” йўғ-ей, кўзи катта “ғалвир-чиғил” ҳисобланади. Манаман деган билағонлар ҳам тутдай тўкилиб, эланиб кетади. Аммо каминанинг ёзма иши қабулхона пешлавҳасида бир ҳафта намуна сифатида илиниб турган, тепасида “Иншо мана бундай ёзилади” деган ёзув ҳам бўлган.

1978 йил. Биринчи бос­қич талабасиман. Криминалистика фанини яхши ўзлаштириш учун детектив-фантастик китоблар, суд этикаси ва эстетикаси учун лиро-эпик асарлар. Нотиқлик санъати, Цицерон, А.Кони, шариат қонунлари – бу ёғи энди чексиз...

Очиғи, ёшлигимда ҳуқуқшунос бўлишни ҳавас қилган эмасман. Ўша пайтда, шўро замонида қийналган, шаъни камситилганлар орасида яшаганман. Жамиятни пок-тоза кўришни орзу қилганман, холос. Бунинг учун ўқиш ва изланишдан ҳеч қачон толмаганман.

Шукрки, бир кун келиб менга судья деган шарафли мақом насиб этди. Адолат қарор топишига озми-кўпми улуш қўшиб келмоқдаман.

Ёзув столим четида “Темур тузуклари”, “Мухтасар”, Кайковуснинг “Қобуснома”си, Дейл Корнеги, турли луғатлар... Ишхонам жавонида қонунлар мажмуаси — кодекслар. Устознинг “Суд шундай ҳокимиятки”, “Судья­лик — улкан масъулият” каби китоблари. Кейин ўзимнинг бир-иккита шеърий тўпламларим. Мана, хонтахта устида эса, ҳозиргина қораланган тўртлик:

Қобилият қондан ўтар, ўткир зеҳн зот сурар,

Яратилган ҳар бир асар Яратганнинг туҳфаси.

Мингта китоб ўқинг санаб, савиясига қараб,

Минг биринчисини ўзингиз ёзажаксиз, шубҳасиз.

Холмамат ҲАСАНОВ

Тошкент вилояти суди судьяси,

“Фахрий судья” кўкрак нишони соҳиби

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech