Қозилик одоблари

24 Январь 2024 12:58 1557 Чоп этиш

“Қози” атамаси араб тилида (“қаза” сўзидан ясалган) “ижро этувчи”, “амалга оширувчи”, “ҳукм чиқарувчи” маъноларини англатиб, мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланган ва шариат асосида суд вазифасини бажарувчи, судья, шаръий маҳкама раиси тушунилади. Унинг “ижро этмоқ”, “бартараф қилмоқ”, “суд қилмоқ”, “ҳал этмоқ” сингари маъноларни ифодаловчи яна бир қанча шакллари ҳам мавжуд.

Асрлар давомида қозилик судларида иш юритиш тартиб-қоидалари, тамойиллари, қозилик мақоми ва бу мансаб эгаларининг одоб-аҳлоқига оид талаблар такомиллашиб, сайқалланиб борган. Ислом фиқҳшунос олимларининг жиноят ва жазо, низоларни ҳал этиш, суд ишларини юритиш масалаларида олиб борган илмий изланишлари ҳозирги замон ҳуқуқий докториналарининг вужудга келишига замин яратди.

 Тарихда илк бор “Қози ал-қуззот” (буюк қози) номига сазовор бўлган Абу Юсуфнинг (113—182 ҳижрий/731—798 милодий) ислом ҳуқуқи ва жиноят ва жазога оид дастлабки манба ҳисобланган “Хирож” китобида далиллар назарияси ҳамда айбсизлик презумпцияси (хабеас корпус), бир неча жиноятлар учун жазо масаласи, қозиларга давлат хазинасидан маош тўланиши ҳақидаги принципиал қоидалар ёритилган. У ўз фаолияти давомида орттирган тажрибалари ва илмига асосланиб, қозилик одоби ва вазифаларига бағишланган илк китоб “Адабул-Қози” асарини ёзган.

Қозилик одоби ҳақида битилган алоҳида китоблар ичида Имом ал-Мовардийнинг “Одоб-ул қозий” китоби машҳурдир. Бу асарда қадимда қозилик ишлари қанчалик мукаммал тарзда, энг нозик томонларини ҳам ҳисобга олинган ҳолда юритилишини кўриш мумкин. Ҳаттоки, қози ҳукм чиқариш учун ўтирганда қандай кийимда бўлиши лозимлигигача кўрсатиб қўйилган.

 Қозиликка тааллуқли илк рисола Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб Тамартошийнинг “Ал-Аҳком фима ятааллақу бил қузоти вал ҳукком” (қози ва ҳокимларга тааллуқли ҳукмлар) китобидир. Унда ҳанафий мазҳаби қозисига қўйилган талаблар санаб ўтилган. Жумладан, асарда қози лавозимига даъвогар шахс ақл-заковатли, балоғатга етган, мусулмон, озод (ҳур), кўзи ожиз бўлмаган, гапира оладиган, жисмоний соғлом ҳамда туҳмат билан ҳад урилмаган (судланмаган) бўлиши кераклиги зикр этилган.

Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарининг “Қозилик мақоми” бўлимида қозилик мансабига қўйиладиган талаблар баён этилган бўлиб, унга кўра қози шариат илмларини яхши билиши, озод бўлиши, мустақил қарорлар қабул қилиш лаёқатига эга бўлиши, адолат ила ҳукм этиши, ҳуқуқ ва муомалада ишончли бўлиши ҳамда ақли расо шахс бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Улар Қуръон ва Суннат илмлари билимдони, фиқҳ бобида моҳир олим, шариат қонунларини тадбиқ этувчи шахслар саналган.

Қозилик учун асосий қўлланма “Умар ибн Хаттобнинг Абу Мусо Ашъорийга мактуби” ҳисобланган. Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу вилоятлардан бирида қози бўлган. Ушбу мактуб кейинчалик қозилик ишлари дастурига айланган. Европа тилларига таржима қилиниб, қозилик маҳкамаларида кенг қўлланилган, ўқув юртларида дарслик сифатида ўрганилган. Ушбу машҳур мактубда қозилар учун муҳим қоидалар ўз аксини топган: “Қачон сенга бирор ҳужжат келтирилса, уни яхшилаб фаҳмлаб ол. Ҳақ равшан бўлган ҳолда уни юзага чиқар... Икки тараф орасида юзинг, мажлисинг ва адолатинг бир хил қилгин. Тоинки, сенинг жавринг (ён босишинг)га шараф (томон) тамаъ қилиб қолмасин ва заиф (томон) сенинг адолатингдан ноумид бўлиб қолмасин”. Бу қоидалар кейинчалик замоний суд ишларини юритиш принциплари сифатида қонунчиликда мустаҳкамлангани бежиз эмас. Булардан ташқари қози мустаҳкам хотира, ўткир сезги ва зеҳнга ҳам эга бўлиши талаб қилинган.

Айтишларича, замонасининг машҳур қозиларидан Абу Усмон Салам ибн Ҳафс: “Аллоҳ таоло менга уч фазилат ато этган. Биринчиси, бир кишидан бир марта исмини сўрайман. Кейин уни эллик йил кўрмай учратсам, исмини эслай оламан. Иккинчиси, қаршимда икки киши ўтириб бир масала хусусида гувоҳлик беради. Рост ё ёлғон гапираётганини билиб тураман. Учинчиси, ҳузуримга икки киши келади. Қараб, хайрли ё жанжалли масала бўйича келганини сезаман”, дея таъкидлаган.

Шу тариқа замонлар оша ислом одоблари қаторида муайян қозилик одоблари шакллана борди.

Уларнинг муҳимлари қуйидагилардан иборат:

1). Эзгу ниятда бўлиш. Бу касб соҳибларининг нияти пок, холис ва эзгу бўлиши лозим. Улар бу касбни катта даромад топиш, жамиятда юқори мавқега эга бўлиш учун эмас, балки Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, одамлар орасида адолат ўрнатиш, кишиларнинг дардига малҳам бўлиш учун танлашлари жоиз.

2).Қози бўлишга интилмаслик. Номзод қозиликка таклиф қилинмасдан олдин бу лавозимга интилмаслиги, мол-давлати, таниш-билишлари орқали лавозимга эришишга уринмаслиги керак. Бу унинг нияти холис эмаслигидан далолат беради. Илмсиз, иқтидорсиз кишилар зинҳор бу лавозимга яқин йўламасликлари лозим.

3).Ҳукм чиқаришда шошилмаслик. Қози қарор чиқариш, ҳукм қилишдан аввал “етти ўлчаб бир кесиши” керак. Шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, пухта ўйлаб, сўнг хулоса қилиши лозим.

4). Даъвогар билан жавобгар ўртасида адолат қилиш. Қозининг тарафлардан бирига алоҳида ҳурмат қўрсатиши, улардан бирини ўзига яқин тутиб, сўзда, имо-ишорада ёки бошқача шаклда унга ён босиши адолатсизлик ҳисобланади.

5).Икки томоннинг ҳам гапларини эшитмай туриб ҳукм чиқармаслик. Негаки, фақат бир томонни эшитиб, ундан таъсирланиб, нотўғри қарор чиқариб қўйиши мумкин. Қози ҳар қандай шароитда ҳам тарафларни тўла эшитиб, важларини тинглаб, сўнг хулоса чиқариши зарур.

6). Мажлиснинг аввалида даъвогар ва жавобгарларни ёлғон, туҳмат ва зулмдан огоҳлантириши. Бунга риоя қилмаслик оқибатларини тушунтириши, уларни ҳақиқатни айтишга чақириб, ваъз қилиши лозим. Бу чора тарафларнинг масъулиятини ошириш билан бирга, ишнинг тўғри ва адолатли ҳал этилишига замин яратади.

7). Ғазабланган ҳолда ҳукм чиқармаслик. “Жаҳл чиқса, ақл кетади”, деган нақл бор. Қози асабийлашган, ғазаб отига минган ҳолда қарор қабул қилганда ҳиссиётларга берилиб, нотўғри хулосага келиши табиий. Шунингдек, қози қаттиқ оч қолганда, ўта чанқаганда, уйқу босиб турганда, сиқилган ва бошқа қалб жароҳати таъсирида қарор қабул қилиши жоиз эмас.

8).Пора олмаслик. Пора араб тилида “ришва” деб аталиб, шаръий истилоҳда адолатни йўққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсага ишлатилади. Пора олиш Қуръон ва суннат ҳамда ижмоъга кўра ҳаром. Муборак ҳадисда: “Амирнинг совға олиши ҳаром ва қозининг пора олиши диндан чиқишдир”, дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлаган.

9).Ҳадя қабул қилмаслик. Ҳар қандай турдаги совғани рад этиш. Муқаддас китобларда ҳадя-совғанинг уч хили санаб ўтилган: биринчиси, ҳадя берувчи тарафга ҳам, олувчига ҳам ҳалол. Бу меҳр-муҳаббат сабабли совға олди-бердисидир. Иккинчиси, икки тарафга ҳам – ҳадя берувчига ҳам, уни олувчига ҳам ҳаромдир. Бу зулмга ёрдам бериш учун ҳадя беришдир. Учинчиси, ҳадя берувчи томонга ҳалол. Бу ўзига қаратилган зулмни тўсиш учун ҳадя беришдир. Бу олувчига ҳаром. (Шу ўринда муҳим маълумот:Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 4 август кунги қарори билан “Судьялар томонидан совғалар қабул қилинганлиги ҳақида хабар бериш, топшириш, баҳолаш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра судьяга хизмат сафарлари ҳамда бошқа расмий тадбирларда берилган совғанинг қиймати БҲМнинг уч бараваридан қиммат бўлмаслиги ва одатий ҳамда ахлоқий меъёрларга мос келиши лозим. Судьянинг бирор тадбир иштирокчиси сифатида бериладиган канцелярия анжомлари ёки рағбатлантириш (мукофотлаш) мақсадида топширилган кичик эсдалик совғалар ҳамда тез яроқсиз ҳолга келадиган буюмлар, маҳсулотларни (масалан, гуллар, торт ва ҳоказо) қабул қилишига ҳеч қандай монелик йўқ. Агар совға беминнат, бироқ қиймати белгиланган миқдордан қиммат бўлса, судья бу ҳақда тегишли малака ҳайъати ёки Судьялар олий кенгашига хабар бериши лозим. Бу ҳолда совға Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларига топширилади. Шундан сўнг, судья икки ой муддатда совғани (агар у беминнат берилган бўлса) қайта сотиб олиши мумкин).

10).Бошқалардан алоҳида хослаб чақирган жойга бормаслик. Негаки, келажакда қози шу шахс иштирокидаги низони кўришга тўғри келганда холислик ва адолат мезонлари бузилишига сабаб бўлади.

11). Шубҳали ўринлардан йироқ бўлиш. Қози туҳматга қолиш эҳтимоли бўлган жойларга боришдан, гап-сўзлардан ва бошқа хатти-ҳаркатлардан тийилиши, шаън, қадр-қимматини асраши лозим.

12). Бевосита шахсан ўзи тижорат қилмаслик.

13).Инсонларга намуна бўлиш. Қозилар муносиб ҳулқи, ижобий ҳислатлари, фазилатлари билан ишда, ҳаётда, оилада бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Бу уларнинг кишилар ўртасида низоларни кўриш, адолат тарозисини қўлда тутишларига манъан ҳақли бўлишини англатган.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, қадимдан қозилар алоҳида мақомга эга мансабдор шахс сифатида жамият ҳаётида муҳим ўрин тутган. Бу касб эгаларидан юксак масъулият ва жавобгарлик ҳисси талаб этилган.  Асрлар силсиласида сайқалланган қозилик одоблари бугунги давр судьялари учун муқаддас манба, муҳим қўлланма, ўзига хос дастуруламал бўлиши табиий.

 

 Комил Синдаров,

 юридик фанлар доктори, профессор,

Бахтиёр Қиличев,

 мустақил изланувчи

(Изоҳ: мақола “Odillik mezoni” журналининг 2023 йил, 11-сонида чоп этилган бўлиб, бироз қисқартиришлар билан эълон қилинди)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech