Адолат тарозиси

28 Апрель 2023 14:46 2437 Чоп этиш

 Қадимги Миср шоҳларидан улуғ Бойкос ўз шаҳарларидан бирида адолатли қози борлигидан хабар топибди. Айтишларича, у жуда ростгўй бўлиб, оқни оққа, қорани қорага ажратар, унинг ўткир нигоҳидан битта ҳам муттаҳам қочиб қутулолмас экан! Иттифоқо, бир куни шоҳ Бойкос бунга ишонч ҳосил қилиш мақсадида савдогар кийимини кийибди-да, ўша ростгўй қози яшайдиган юртга равона бўлибди. Йўлда бир чўлоқ пайдо бўлиб, ундан хайр-садақа сўрабди. Шоҳ унга садақа бериб, йўлида давом этибди. Аммо тиланчи унинг этагига осилиб олибди.

– Хўш, сенга ўзи нима керак? – сўрабди шоҳ Бойкос.

– Сен менга садақа бердинг, лекин яна бир илтифот кўрсат, мени ­отингда шаҳар ўртасидаги майдонга олиб бор, токи мени йўлдаги от ва туялар эзиб ташламасин!

Шоҳ Бойкос чўлоқни отига мингаштириб, шаҳар марказидаги катта майдонга олиб борибди. Сўнг отини дарахтга боғлаб қўйибди, аммо қайсар тиланчи отдан ҳеч тушмас эмиш.

Шунда шоҳ Бойкос дебди:

– Хўш, нега отда ўтирибсан, биз етиб келдик, энди отдан туш!

Тиланчи унга шундай жавоб қайтарибди:

– Ахир, от меники бўлса, нега ундан тушишим керак, агар бунга гумонинг бўлса, унда шаҳар қозисига борамиз!

Атрофдаги оломон ҳам буни эшитиб, шовқин солибди:

– Қозига боринглар, тўғри ҳукмни қози чиқаради!

Ноилож шоҳ Бойкос ҳалиги чўлоқ билан шаҳар қозисининг олдига боришибди. Қозининг ҳовлисида тумонат одам тўпланган бўлиб, қози бу одамларни навбати билан ҳузурига чақирар экан.

У биринчи бўлиб олдига бир олим ва деҳқонни чорлабди. Улар битта гўзал аёл учун қозининг ҳузурига келишган экан. Деҳқон ўша аёлни хотиним деса, ё тавба, олим ҳам “бу аёл менинг завжаи ҳалолим” дермиш!

Қози икки томонни тинглаб бўлиб, ҳукм чиқарибди:

– Аёл менинг уйимда қолади, сизлар эса эртага келасизлар!

Улар чиқиб, хонага қассоб ва ёғфуруш киришибди. Қассобнинг қўли қон, ёғфурушнинг қўллари эса мойга беланган экан. Қассобнинг қўлида пул, ёғфуруш эса унинг қўлидан маҳкам тутиб олибди.

Шунда қассоб арз-додини айтибди:

– Тақсир, мен бу одамдан ёғ сотиб олиб, энди пулини бермоқчи эдим, у қўлимдан маҳкам ушлаб, пулни мендан тортиб олмоқчи бўлди. Мен қўлимда кармоним, у эса менинг қўлимдан ушлаган ҳолда ҳузурингизга келдик! Пуллар меники, ёғфуруш муттаҳам, ўғри!

Ёғфуруш эса қуйидагиларни айтибди:

– Бу ҳаммаси бўҳтон! Қассоб олдимга мой сотиб олиш учун келган эди. Мен унга кўзасини тўлдириб мой қуйдим. У мендан динорини майдалаб беришимни сўради. Мен майда чиқариб, пештахтага қўйдим. Қассоб бу пулларни олиб қочмоқчи бўлди. Мен шу пайт уни қўлидан ушлаб сизга олиб келдим, тақсир!

Қози бироз сукут сақлаб, кейин шундай дебди:

– Пуллар менда қолади, сизлар эртага келинглар.

Навбат шоҳ Бойкосга келгач, у ҳам бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтиб берибди. Шунда қози чўлоққа юзланибди. Чўлоқ қуйидагиларни гапирибди:

– Унинг гаплари ғирт ёлғон! Мен ўз отимда сайр қилиб юрган эдим. Бу одам эса мендан ўзини майдонгача элтиб қўйишимни сўради. Ке­йин менга туҳмат қилиб, бу от ўзиники эканлигини даъво қилди. Унинг гаплари ғирт ёлғон!

Буни эшитиб, қози жавоб қайтарибди:

– Отни менинг уйимда қолдириб, ўзларингиз эртага келинг!

Эртасига эрталаб шаҳарнинг марказий майдонига тумонат одам тўпланган, ҳамма қозининг адолатли қарорини кутар экан.

Биринчи бўлиб олим ва деҳқон қозининг қабулига киришибди. Қози ўйлаб туриб, ўзининг биринчи қарорини халққа эълон қилибди:

– Хотин олимга тегишли, деҳқонга эса эллик дарра урилсин!

Олим ўз хотинини олибди, деҳқон эса жазога тортилибди.

Кейин қози қассоб ва ёғфурушни олдига чақирибди.

– Бу пуллар сеники, – дебди қози қассобга. Кейин ёғфурушга юзланибди: – Ёғфурушга эллик дарра урилсин!

Ниҳоят навбат шоҳ Бойкос ва чўлоққа келибди.

– Сен ўз отингни йигирмата бошқа отнинг орасидан таний оласанми? – сўрабди қози шоҳ Бойкосдан.

– Таний оламан, тақсир! – жавоб қайтарибди шоҳ Бойкос.

– Сен-чи?! – юзланибди қози чўлоққа.

– Мен ҳам ўз отимни танийман! – жавоб берибди чўлоқ.


– Ортимдан юринглар-чи!

Ҳаммалари биргалашиб отхонага ўтишибди. Шоҳ Бойкос гувоҳлар олдида йигирмата от орасидан ўзининг отини кўрсатибди. Кейин қози чўлоқни чақириб, уни ҳам отхонага олиб борибди ва ундан ўз отини топиб беришини сўрабди. Чўлоқ ҳам ўша отни кўрсатибди. Шундан сўнг қози ўз ўрнига ўтиб, қарорини ҳаммага эълон қилибди:

– От Бойкосники, чўлоққа эса эллик дарра урилсин!

Иш куни тугаб, қози уйига қайтаётганида, шоҳ Бойкос унинг ортидан эргашибди.

– Хўш, нима гап, ё менинг қароримдан норозимисан? – сўрабди қози шоҳ Бойкосдан.

– Йўғ-э, мен қарорингдан розиман, фақат хотин олимники, пуллар қассобники, от меники эканини қандай аниқлаганингга ақлим етмаяпти!

Шунда қози жавоб қайтарибди:

– Хотин кимникилигини мен бундай билиб олдим: уни эрталаб ҳузуримга чақириб, “Сиёҳдонга сиёҳ қуйиб бер!” деб сўрадим. У сиёҳдонни олди, уни чаққонлик билан ювиб-тозалаб, сўнг сиёҳ қуйди. Афтидан, хотин бу ишни олдин ҳам қилиб юрган, шунинг учун бу иш унга унча қийин бўлмади. Агар у деҳқоннинг хотини бўлганида, бу ишни уддалай олмасди. Демак, хотин олимга тегишли бўлиб чиқди.

Пулларни эса сувга солиб қўйдим, эрталаб қарасам, пиёладаги сувнинг бети топ-тоза. Агар бу пуллар ёғфурушга тегишли бўлганида, сув юзида мой доғлари пайдо бўларди. Демак, қассоб тўғри гапирган!

От кимга тегишли эканлигини аниқлаш анча оғир кечди. Чунки чўлоқ ҳам сенинг отингни таниди. Сизларни отхонага бошлаб борганимда, мен учун сизларнинг отни танишингиз эмас, балки отнинг сизларни таниши зарурроқ эди! Сен яқинлашганингда, от бошини кўтариб сенга интилди, чўлоқ унга яқин келганида эса от қулоқларини чимирди! Бунга кўра, отнинг ҳақиқий хўжайини сен эдинг!

Шунда шоҳ Бойкос дебди:

– Мен оддий савдогар эмасман, шу юртнинг подшоҳи – шоҳ Бойкосман! Одамларнинг сен ҳақингда айтаётган сўзларига ўзим гувоҳ бўлиш учун бу ерга келган эдим! Сенинг ростгўй қози эканингга буткул ишондим! Тила тилагингни, сени мукофотлайман!

Ростгўй қози вазминлик билан жавоб қайтарибди:– Менга мукофот керак эмас, жаноби олийлари, улуғ шоҳимнинг мақтовлари мен учун энг олий шараф!

Лев Толстой

Рус тилидан Раҳмат Тўла таржимаси

Манаба: Ziyouz.uz

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech