Судья фаолиятидаги стресслар...

13 Апрель 2023 23:23 1244 Чоп этиш

Судьялар руҳиятидаги зўриқиш муаммоси илк бор психолог И. Цимерман томонидан 1980 йилда АҚШ Олий судьялари конференциясида кўтарилган. Шундан сўнг суд стресси муаммоларига ечим сифатида қатор дастурлар ишлаб чиқилди. Бунинг натижасида судья ва суд ходимлари учун махсус психологик ёрдам кўрсатиш  жорий этилди. Хусусан, бугунги кунда АҚШдан ташқари  Канадада  ҳам айрим тоифа (масалан, чекка ҳудуддларда ишлайдиган) судьялар учун  шундай тренинглар мунтазам ўтказиб келинади.

 Судьялик  руҳий зўриқишга тез-тез дуч келинадиган лавозим.

Яъни:

 юқори иш юкламаси (айниқса, аёл судьялар учун) ва доимий вақт танқислиги;

  катта ҳажмдаги ахборот билан ишлаш зарурати;

 қабул қилинган қарорлар учун юқори масъулият;

 қарор қабул қилишда юқори мустақиллик;

 мумкин бўлган муқобил вариантлардан тўғри ечимни танлаш билан боғлиқ мураккабликлар;

суд мажлисларининг юқори зичлиги;

 доимий равишда профессионал даражани сақлаб туриш зарурати;

 турли шакл ва усулдаги босим ва бошқа омиллар судьяда зўриқиш пайдо қилади.

Лавозимга янги тайинланган кўпчилик судьяларнинг таъкидлашича, ишга тушганидан сўнг улар билан доимий мулоқотда бўлувчилар доираси  тез қисқариб боради. Бу табиий, чунки, судьяларга нисбатан наинки иш пайти, балки бошқа вақтларда ҳам муайян чекловлар жорий этилган, улар ҳатто дўст танлашда ҳам ўта эҳтиёткор бўлши талаб этилади. Қолаверса,  кўпчилик ушбу касб эгаларини совуққон, ҳис-туйғулардан бегона шахс сифатида тасаввур қилади. Фуқаролар учун судья ишдан ташқари  вақтда ҳам судья бўлиб қолаверади, шунинг учун у  хоҳ хизмат  пайтида бўлсин ёки бошқа пайт - доимо ушбу “рол”ини ўйнашга мажбур. Шу бос у доимий равишда ўзини ўзи назорат қилиб бориши керак.  Бугунги ахборот асрида  улар турли хил фикрлар нишонига ҳам айланмоқда. Шу ва шу каби сабаблар оҳам баъзи судьяларда ўта кучли даражада зўриқиш, босимларни енгиш қобилиятига акс таъсир кўрсатиши эҳтимолини пайдо қилади.  

Умуман, судьяга нисбатан қўйилган касбий  чекловлар  унга психологик юк бўлиб қолади:  норасмий мулоқот, беғараз ҳазиллар унинг мавқеига таъсир кўрсатиши ёки холислигига шубҳа уйғотиши мумкин.  Иккинчидан, доимий равишда ортиб бораётган иш юкламаси. Бундай ҳолат кўпчилик иқтисодий ривожланган мамлакатлар учун хосдир. Ўзбекистонда  кейинги ўн йил ичида қонунчиликдаги сезиларли ўзгаришлар туфайли ишларни кўриб чиқиш бўйича иш ҳажми амалда ўзгармаган штат жадвали билан бажариб келинмоқда. Бундан ташқари қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар натижасида суд амалиётининг беқарорлиги судьянинг қарор қабул қилишида психологик ноқулайликни келтириб чиқаради. Шу билан бирга янги қоидалари судьяларни доимий равишда янги ёндашувларни кузатишга мажбур қилади.

  Кейинги йигирма йил давомида ҳаётий қадриятлар сезиларли даражада ўзгарди, чунки жамият бир жойда турмайди, муттасил ривожланиб-ўзгариб  бормоқда.  Бу эса  судьялардан ижтимоий ўзгаришларга тезроқ мослашишни талаб қилади. Шуни ёдда тутиш керакки, жадал ривожланаётган ижтимоий муносабатлар қонун ижодкорлиги фаолиятидан олдинда бўлиб, бундай ҳолатлар муайян ишларда юзага келадиган ҳуқуқий бўшлиқ судлар ёрдамида  тўлдирилади. Бу эса қонун  нормаларидаги номувофиқликлар ёки  зиддиятларни бартараф этишда судья ўз тажрибасидан келиб чиқиб, ички ишоничига суянган ҳолда бартараф этиши лозимлигини кераклигини англатади.

Яна бир сабаб - судьяларнинг шахсий ҳаётига оид омиллар ҳам қўшимча психологик юк пайдо қилиши эҳтимолини ҳам назардан қочирмаслик керак.

Олис туманларда ишлайдиган судьялар Қўшма Штатларда руҳий зўриқиш таъсирига заиф деб тан олинган. Аксарият судьялар учун чекка қишлоқ жойларига тайинланиш фаол жамиятдан иҳоталаниш туйғусини келтириб чиқаради. Доимий равишда атроф-муҳитга бегона бўлиш ҳисси  қарор қабул қилишда муаммолар туғдиради. Апелляция ва кассация ҳайъатларидаги судьялар ҳам ўзига хос зўриқиш манбаларига эга

 Тадқиқотларга кўра, ёлғиз аёл судьялар зўриқишга кўпроқ мойил. Психологик ортиқча юк даражасини нисбатан юқори баҳолаганлар орасида фуқаролик ишларига ихтисослашган судьялар яққол устунлик қилган. Тадқиқот шуни кўрсатдики, судьяларнинг катта қисми руҳий стресс даражасини кўпроқ кўриб чиқилаётган ишларнинг сони ва мураккаблиги билан изоҳлайди. Суд стрессининг узоқ вақт организмга таъсир қилиши турли хил психосоматик касалликларга олиб келади. Аффектив ва бошқа ҳиссий ҳолатларни ўрганиш билан шуғулланувчи деярли барча тадқиқотчилар уларнинг келиб чиқишида стрессни инсон руҳиятига акс  таъсир кўрсатувчи асосий омил, деб биладилар. Руҳшунос Ганс Селье фикрига кўра, стресс “тананинг унга берилган ҳар қандай талабга ўзига хос бўлмаган жавоби”дир. Стресснинг ўзи кундалик ҳодиса.

Хўш, стрессиз яшаш мумкинми? Жавоб битта: йўқ,  мумкин эмас. Ҳаёт доимий ўзгаришлар манбаи ва биз ҳар куни янги шароитларга мослашишимиз керак. Ҳаётда биз инсоннинг ғайриоддий шахсий ва ижтимоий вазиятларга кучли ҳиссий муносабати туфайли юзага келадиган психосоциал стресс билан тобора кўпроқ дуч келамиз. Одатда стресс зиддиятли вазиятларда юзага келади. Қоидага кўра, бундай ҳолларда муаммони ҳал қилиш учун кучимизни сафарбар қиламиз. Стресс реакцияси нафақат руҳий, балки вазиятнинг ўзгаришига физиологик жавобдир. Хавфга дуч келган одам тез-тез нафас олишни бошлайди, юраги тез уради. Бу қонга чиқарилган гормон – адреналиннинг таъсири билан боғлиқ.

 Агар стресс узоқ вақт назоратсиз давом этса, у ҳолда тананинг фаоллаштирилган жараёнларини нормаллаштириш имконияти бўлмайди ва танадаги физиологик ўзгаришлар соғлиқ учун зарарли бўлиши мумкин.  Бунинг оқибатида невроз, психоз, алкоголизм, юрак касалликлари, артериал гипертензия, ошқозон-ичакда яраларнинг пайдо бўлиши ривожланади. Чекиш ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишга мойиллик эса оғир оқибатларни янада кучайтиради. Ҳатто, миокард инфаркти ва инсульт каби оғир оқибатлар ҳам келиб чиқиши мумкин.

 Судьялик лавозимига номзодларни тайрлаш, танлаш ва тайинлашда қатор янги тартиблар жорий этилди. Судьлар олий кенгаши ташаббуси билан судьялар психологик тестдан ўтказилди. Тест натижаларидан келиб чиқиб,  жойларда  судьялар учун  психологик тренинглар  ўтказиш йўлга қўйилди. Ўтказилаётган психологик тернинглар стресслар олдини олиш, ҳиссиётларни назорат қилиш, жасорат, қатъиятлик, ташаббускорлик, ўз хатти-ҳаракати учун масъулиятни чуқур ҳис қилиш каби кўникмалар янада мустаҳкамланишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бундай кўникмалар барқарорлиги эса одил судловни амалга оширишда катта аҳамият касб этади.

Ҳулкар МАҲМУДОВА,

 Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги

Судьялар олий мактаби

Касбий кўникмалар кафедраси доценти

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech