Ибрат мактаби
Одамларнинг орасида яхшиликнинг калити ва ёмонликнинг қулфи бўладиганлари бор, ёки аксинча. Мўътабар манбаларимизда келтириладики, инсонларнинг суюклиси— бу уларнинг яхшилик калити эканлигидир.
Мен ҳам касбда, ҳам оилада ибрат тимсоли бўлган Алишер Мардиевнинг ибратомуз ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи “МУНОСИБ ЯШАМОҚ БАХТИ” китобини ўқиганимда ундан ўзим учун кўп яхшиликларни олдим, ҳалол ва тўғри бўлишга, сидқидиллик билан ишлашга бўлган рағбатим ошди.
Китобда архив маълумотларидан тортиб, алломаларимизнинг ҳикматлари-ю расмлар дид билан жойлаштирилган. Ва ўз ўрнида унинг муқоваси, ҳар бир саҳифасидаги бадиий безаклари ҳам ўқувчини ўзига тортади. Китобни ўқиш чоғида миллий нақшлар, матннинг жойлашуви маълумотларни кўз хотири ёрдамида ҳам эслаб қолишга ёрдам беради. Яъни, суд-ҳуқуқ тизими ходимлари учун яхшигина ўрнак бўладиган ҳаёт йўлига эга бўлган инсон ҳақида ҳикоя қилувчи китоб ўқувчини маърифатга чорлайди.
Йиллар ўтиб, менинг ҳам ҳаёт йўлим ҳеч бўлмаса авлодларимга ўрнак бўладиган даражада бўлишини орзу қила бошладим. Иш фаолиятим давомида турли хил табиатга, тарбияга, хулққа эга бўлган инсонлар билан муносабатда бўлишдан олган ҳаётий тажрибам ва ушбу китобни ўқиб чиққанимдан сўнг эга бўлган маънавий озуқа орқали мен англаган ҳис шу бўлдики, кимнинг қалби қаршисида дунёси турса, сиз унга йўлиққанингизда, фақатгина дунёсидан гап очади.
Кимнинг қалби қаршисида эзгулик турса, сиз унга йўлиққанингизда, фақатгина эзгуликдан, кимнинг қалби қаршисида поклик турса, сиз унга йўлиққанингизда, фақатгина покиза лафзлардан, сўзлардан гап очади. У сизга яхшилигини тўкиб солади. Сизга қалбидан ўтган нарсаларни гапириб беради. Дунёси ҳақида нутқ қилувчи эса, сизни унга тарғиб қилади ва унинг аҳволларини зийнатлаб кўрсатади.
Адолат ҳақида нутқ қилувчи сизни унга тарғиб қилади ва одил инсонларнинг мартабасини, мукофотини зийнатлаб кўрсатади. Сизга фирибгарлик, алдов орқали келадиган нопок мол дунёнинг йўли хатарли эканини англатади. Унинг фитнаси, ғурури, алдови, ёлғон орзуси ҳақида ҳамда унинг аҳли эртага шиддатли ҳисоб бериши ҳақида хабар беради. Етишмовчилик ҳолатларида ҳам қаноатли, сабрли бўлишга чақиради.
Алишер Мардиевнинг ҳаёти давомида турли қийин вазиятларга тушишига қарамай ўзининг виждони, ҳалоллиги, чуқур билим ва маърифати орқали бу ҳолатлардан пок ҳолида чиқиб кетиши сизда гўзал фазилатлар шаклланишига ёрдам беради.
Сўзимнинг якунида шуни таъкидлар эдимки, қўлимиздаги китоб ўз-ўзидан шу ҳолатга келиб қолгани йўқ. Унинг ортида қанчадан-қанча машаққатли меҳнату ўйқусиз тунлар ётибди.
Мен кейинги икки йил давомида Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилган китобларни кўздан кечирар эканман улар нафақат маъно-мазмун жиҳатдан, балки шаклан ҳам мукаммал эканлигига амин бўлдим. Бу китобларни қўлга олар экансиз, унинг гўзаллиги ва нафислигидан ўзингизда авайлаш ҳиссини туясиз. Бу ҳам муаллифлар жамоасининг улкан ютуғидир.
Хулосамиз шуки, бу каби маърифий-ҳаётий китоблар нашри ва мутолаасини мунтазам йўлга қўйиш керак. Сабаби, донишманд боболаримизнинг ҳикматларида яхшиларга ёндашиш - яхшиликни касб этмоқдир, дейилади. Ҳалол ва фидойи инсонлар ҳақида ўқиш кишини ўз-ўзидан улар каби маърифатли, адолатли бўлишга ва турли ёмон ҳолатларга тушиб қолишдан сақлайди.
Алишер АЯПОВ,
Қўнғирот туманлараро иқтисодий суди судьяси