Судья маънавияти ва бурчи ҳақида қомусий китоб

28 Февраль 2023 16:53 1492 Чоп этиш

 Ҳар бир касб ташқи белгиларидан ташқари ўз моҳияти ва эзотерикасига эга. Эзотерика – кўзга кўринмайдиган, ақлга бўйсунмайдиган махфий билимлар мажмуи бўлиб, бу билимларнинг соҳиби ва пировард манзили Яратганнинг ўзидир. Судья айни шундай эзотерик хислатли касб бўлиб унинг моҳияти алал оқибат илоҳиётга туташишдир. 2017 йилда шоир ва судья Холмуҳаммад Ҳасан ижодига бағишланган “Ўз осмони бор йигит” номли китобда каминанинг “Боқий ҳукм ёхуд қозилар зикрида турфа ҳангома”, деган мақолам шундай бошланган эди:. “Дунёда шундай ҳам касб, ҳам амал борки уни қози дейдилар. Сўзнинг луғавий маъноси ижрочи, амалга оширувчи, ҳукм қилувчи бўлиб, бу мансаб эгалари зиммасига ғоят оғир юк – адолатни ўрнига қўйиш, оқни оққа қорани қорага ажратиш юкланган. Ваҳоланки, мутлоқ адолат фақат ўзининг борлигидир, зеро Яратганнинг гўзал исмларидан (Асмои Ҳусно) бири ақлдир. Яратган изми ва ихтиёрида бўлган ақл ўзи яратилган бўлган бир бандага юклатилган экан. Бу юкнинг нечоғлик зил-залворли эканлиги кундай равшандир”. (129 бет)

 Агар шундай глобал нуқтаи назардан масалага ёндашсак “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китобининг аҳамияти ва миқёси онг қадар ошади. Китобдаги “Адолат, ҳақиқат ва поклик истаги” номли сўз бошида таниқли адиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад шундай ёзади: “Китобни ташкил этган барча фасллардан ўрин олган мақолаларда бошланишдан охирига қадар судьялик касбининг тарихий, сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий, эътиқодий, ахлоқий ва ҳ.к қирралари хусусида сўз юритилар экан эзгу мақсад-муддао ҳам, истагимиз ҳам битта – у ҳам бўлса судьяларимизнинг ҳозирги ўзгараётган, янгиланаётган миллий тикланишдан, миллий юксалиш сари дадил одимлаётган жамиятимизга муносиб бўлишларига эришмоқлик!”.

Бу мазкур китоб моҳияти ҳақидаги аниқ-тиниқ фикрдир.

 Китоб ҳақли равишда “Судьялар адолатининг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим” сарлавҳаси остида Президентимиз Ш.Мирзиёев маърузасидан олинган иқтибосдан бошланади. Зеро, ушбу китобнинг айнан шундай тарзда пайдо бўлиши давлат бошлиғи олиб бораётган халқчил ва адолатли сиёсатга бевосита боғлиқ. “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”. Давлат бошлиғининг ушбу сўзи изчил амалга ошаётгани, одамлар қалбида қўрқув уйғотадиган “Жаслық” каби қамоқхоналар тугатилиши, турли сабабларга кўра оловли минтақаларга бориб қолган ватандошларимиз, аёллар ва болаларни қутқариш, юртимизга қайтариш бўйича “Меҳр - 1”, “Меҳр - 2”, “Меҳр - 3” каби амалиётларнинг бажарилиши каби кўплаб меҳр-муҳаббат тадбирлари мисолида ўз исботига эга бўлиб турибди. Бунга барчамиз гувоҳмиз.

Китоб чиндан ҳам қомусий характер, кўламга эга. Ундан судьялик институти борасидаги давлат сиёсатидан бошлаб маънавият, адолат борасидаги азалий қарашлар, қозилик мақоми ва масъулияти ҳамда ўтмишда ўтган кўплаб қозиларнинг донишмандона ҳукмлари ҳақида талай ибратли ва қизиқарли воқеалар ўрин олган. Китобдаги айрим фасллар номларини санашнинг ўзиёқ у ҳақида муайян маълумот беради. “Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди”, “Одил судлов маънавияти ва одоби” “Нафс, жисм, руҳ”, “Навоий наздида қози: бу қандай бўлиши керак?”, “Исломда қозилик”, “Аждодлар мероси, масал, нақл ва ривоятлар” “Биз билган ва билмаган қозилар”, “Бадиий адабиётда адолат талқини” ва ҳоказо.

Шулардан “Исломда қозилик” фасли махсус илмий рисола салмоғига эга дейиш мумкин. Ушбу фаслда қозилик мансабини рад этган Имом Аъзам деб шарафланган Абу Ҳанифа ҳақида ривоят эмас, манбаларда ёзиб қолдирилган аниқ далилий ҳужжат бор. Уни юз дарра калтаклашганда ҳам бу мансабни қабул қилмайди. “Бу ҳоким одамларнинг бошини олишга фармон ёздириб, бу фармонни мен муҳрлаб, тасдиқлаб беришимни истайдими? Оллоҳга қасам мен бу ишни асло қилмайман”, дейди у қатъий.

 Бу ҳодиса ҳақида китобга сўнгсўз битган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Холмўмин Ёдгоров шундай ёзади: “Ушбу мисол замирида катта ибрат ётибди. Ибратки, бу ҳам қозилик масъулияти билан боғлиқ. Чунки, дунёнинг ижтимоий қонунларидан ташқари илоҳий қонуниятлари ҳам бор. Ким нима қилмасин, у судьями, ёки бошқа касб эгасими номаъқул иш, амал учун охирида жавоб бериши бор”.

Қози, яъни золим қозининг охиратдаги жавоби оғир бўлиши бу китобга кирмаган ХVI асрда яшаб ўтган мумтоз адибимиз Пошшахўжанинг “Мифтохул-адил” (Адолат калити) асарида келтирилган воқеада кучли тарзда акс этган. Унда ёзилишича Амир-ул Мўъминин Али ҳузурига бир киши келиб, “Уч йил бўлди экин экарман. Ул ер ҳеч ҳосил бермас”, деди. Ҳазрат Али айтдилар: “Бир хат ёзиб бераман ернинг ўртасига кўмгил”. Шундай қилган эди ер шундай ҳосил бердики, ҳеч қаерга сиғмас. У киши бу қандай хат экан деб ерни очиб, хатни ўқиди. Унда ёзилмишким: “эй ер, бу йил ҳам ҳосил бермасанг, бир золим қози ўлган бўлса, ўликни келтириб сенинг ўртангга кўмарман”, деган хат экан. Энди бундан маълум бўлдиким ер ҳам (золим қозиларни ер ҳам қабул қилмас экан) анинг азобидан қўрқади” (Ўзбек адабиёти, тўрт томлик, учинчи том. 1959, 246-бет).

Китобда худди шу мавзуга боғлиқ “Тарсаки” номли теран бир ҳикоя бор. Бир олим шогирдига ўн йил таълим бериб, тарбия қилади. Ўқиш муддати тугагач, эртага ҳузуримга кел, сенга ҳадям бор, дейди. Шогирд айтилган вақтда келса, устоз унга “Олимлик муборак бўлсин!” дея тўн кийдириб фатво беради. Яна қўлига китоб ва бироз пул ҳам тутқазади, сўнг шогирди юзига тарсаки туширади.

Орадан йигирма йил ўтиб, шогирд шаҳарнинг бош қозиси бўлди. Кунлардан бир куни устоз ҳол-аҳвол сўраб шогирди олдига келди. Шогирд яхши кутиб олсада, унда бир тараддуд борлигини устоз сезди. Шогирд охири дилидагини тилга чиқарди. “Устоз, ўшанда сиз билан хайрлашаётганимда нега урдингиз? Мен нима айб қилган эдим?

 - Тўн кийгизганим эсингдан чиқдими? Китоб, пул берганим-чи? Битта шапалоқни йигирма йилдан буён унутмабсанда?! Мана, қози бўлдинг, сен ҳам ҳукм чиқаришда зулм қилма. Сен менинг оддий шапалоғимни йигирма йил дилингда сақлабсан, сенинг зулм қилиб чиқарган ҳукмингни ўлгунича дилида сақлаб, қарғаб ўтади” (57 бет).

 Зеро, ноҳақ ҳукм зулмдир. Зулмнинг эса муҳаққақ жазоси бордир. Маълумки, судлов жараёнида тарафлар мавжуд бўлади – даъвогар, жавобгар, прокурор, судья ва адвокат. Асосий масъулият барибир судья зиммасига тушади. Унинг Яратган ва жамият олдидаги масъулияти шудир. Уни илоҳий масъулият дейиш мумкин. Ким буни қандай тушунади, энди бу бошқа масала.

Китоб безагидаги асосий рамзлардан бири балки иккинчиси, уч паллали тарози. У муқованинг ич ва ён варағида, жами тўрт маротаба чиройли нақш орасида тасвирга туширилган.

Маълумки, кундалик турмушда уч паллали тарози бўлиши мумкин эмас. Учинчи палла ортиқча. Ўлчашга ҳалал бериши тайин. Лекин ҳуқуқда... мумкин экан. Мазкур воқеа китобдаги “Адолат тарозисининг уч палласи” рукнида баён этилган. Соҳибқирон Амир Темур халқпарвар вазири Носируддин Маҳмуд Аромийдан сўради..

- Адолатли жазо бериш учун нима қилмоқ керак?

 - Сенинг ҳакамларинг тарозиси икки паллаликдир. Адолат тарозисининг эса уч палласи бор. Ҳакамларинг жиноят ва жазони ўлчайдилар, сен учинчи паллани қўшиб, аввало, жиноятчини, кейин жиноятни ва ниҳоят, жазони чамалаб ўлчашни буюр. Шундагина ҳукм адолатли бўлади. Донишманднинг жавобидан қаноат ҳосил қилган Темур уни назоратчи деб эълон қилди. (116-117 бетлар)

Лекин бу айтишга ва тафаккур қилишга осон, амалда, суд жараёнида қўллаш ниҳоятда қийин ишдир. Жиноятчи, яъни айбланувчига бутун эътиборни қаратиш, ва бир пайтнинг ўзида жиноят ва жазони амаллаб кўриш учун судья қанчалик улуғ салоҳият эгаси, буюк психолог бўлиши лозим. Унинг устига бу бир эмас, бир неча суд жараёнлари учун масъул бўлса, лекин нима бўлганда ҳам бу самарали, инсонпарвар ғоя ҳамда одил судлов интилиши керак бўлган ҳуқуқий идеалдир. Мазкур китобда эса шундай, яъни ҳукмда жиноят ва жазодан кўра жиноятчига эътибор кўпроқ қаратилган. Яъни, учинчи паллага риоя қилинган воқеа баёни бор. Бу “Одил судья” (61-62 бетлар) ҳақидаги лавҳадир.

 Воқеа ўтган асрнинг 80 йилларида содир бўлган. Эри урушдан қайтмаган кекса аёл комбинатдан нон ўғирлагани учун суд қилинмоқда. У айбини тан олиб, нафақасиз яшаётганини, бу ишни оч қолганидан содир этганини айтяпти. Судья тажрибали инсон сифатида жиноят содир этган аёлни оқламади, жарима солди, лекин бу маблағни аёл тўлай олмаслигини билгани боис жаримани ўз ёнидан тўлади. Суд залида сукунат ҳукмрон. Бироздан кейин судья суд иштирокчиларига қарата шундай деди:

- Ҳаммангизга ўн беш сўмдан. Участка ва маҳалла нозирига йигирма сўмдан жарима соламан. Чунки, сиз яшаётган шаҳарда нон ўғирлашга мажбур бўлган фуқаро яшаяпти ва бунга қисман бўлса-да, сизлар ҳам жавобгарсизлар!

 Шу тариқа бир юз саксон беш сўм пул йиғилди ва судья уни кекса аёлга берди. Бу нисбатан оддий ҳолат эди. Агар буни катта жиноий процессга қўллайдиган бўлсак, масала шу қадар чигаллашадики, ҳар қандай тажрибали судья ҳам ҳукм чиқаришда каловланиб қолади. Учинчи палла, яъни жиноятчи руҳига кириш, унда оқ ва қорани бирма-бир синчиклаб текшириш. Ўрганиш ва уни ҳукмда акс эттириш ниҳоятда қийин эканлигини ҳар бир судья англаса керак. Лекин, масаланинг қийинлиги шунда-ки, уни амалда мутлақо қўллаб бўлмайди, дегани эмас. Судьяларимиз шунга интилишлари керак. Шундагина китобдан ўрин олинган “Ўзбекистон Республикаси судьяларининг халққа мурожаати”даги “ҳар бир инсоннинг тақдирини ҳал этишда онгимда - адолат, тилимизда – ҳақиқат, дилимизда эса поклик устувор бўлади” ,деган олийжаноб ғоялар амалий аҳамият касб этади.

Мазкур китобнинг маъно-мазмуни ушбу безаклар билан мукаммал дизайн, яъни материалларини бадиий жиҳатдан лойиҳалаш, жойлаштириш жиҳатдан ҳам алоҳида диққатга сазовор. Ҳар бир саҳифанинг ўнг ва чап ҳошиясида судьялар символикасидан ўрин олган устун минора ёнма-ён бўш саҳифани гўё кузатиб турибди. Деярли барча саҳифаларининг ост қисмида алоҳида ўзига хос безакли шакл ичидаги ҳикматли сўзлар, адолат, ҳақиқат ва эзгулик ҳақида сўзлайди, китобхонни чуқур хаёлларга етаклайди. Шулардан бирини келтирамиз :“Олам адолат билан пойдор, зулм билан эса хор-у зор!”.

Саҳифаларда асосан оч яшил ва кўк ранг етакчилик қилади. Жигарранг, четлари букланиб, бужмайган қадимий қоғозларда, уларда битилган ҳикматлар эса кўҳна, лекин ҳамиша барҳаёт бўлган ҳақиқатлардан сўйлайди.

Хуллас, ҳар бирида саҳифада ёзилган сўзлар маъносига ҳамоҳанг. Бу ер чуқурлашишнинг ўрни эмас, лекин эзотерик илмлардан маълумки, ҳар бири ўз ифори ва маъносига эга.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур китоб Ўзбекистон шароитида фаолият олиб бораётган судьяларимиз учун ажойиб маънавий-маърифий қўлланма, иш столидан муҳим ўррин оладиган бир китоб бўлгани шубҳасиздир.

 Сувон МЕЛИ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган маданият ходими,

филология фанлари доктори

(«Odillik mezoni» журналининг

2023 йил, 1-сонидан олинди)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech