Сароб бўлган орзу ёки тақдирнинг яна бир ҳикмати

10 Декабрь 2023 14:02 919 Чоп этиш

 Хабар қилинганидек, Конституция куни арафасида Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Ибрат мактаби” туркумидаги яна бир китоб нашрдан чиқиб, тақдимоти  ўтказилди.

 “Одиллик ва оддий саодати” (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрисит Бахтиёр Мирбобоев ҳақида ўқилмаган ҳақиқатлар, тўқилмаган афсоналар) номли мазкур китобда  тизимнинг ҳурматли вакили бўлган суд фахрийсининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.

Каналимиз обуначиларнинг истакларидан келиб чиқиб, қуйида мазкур китобдан парча эълон қилинмоқда.

 

***

  Бахтиёр Мирбобоев маҳрам гапларга ўрин қолдирмади. Навоийдан келтирган байти (“Кимсани дард аҳли деб, сирримға маҳрам айладим, / Ўз-ўзумни куч била расвои олам айладим”) шеъриятга шайдолигини билдириш асносида хосроқ мавзуларда гаплашиш нияти йўқлигини ҳам англатардики,  шу тариқа осон ўтмаган болалиги, бўз йигитликнинг ранго-ранг лаҳзалари, биринчи муҳаббат, оила, фаолиятида дуч келган катта-кичик синовлар ва бошқа масалаларда “чуқур” кетмаслигимиз лозимлиги ўз-ўзидан маълум бўлди-қўйди.

Эътирозга ўрин йўқ.

Дарҳақиқат, дуч келган кимсани “дард аҳли билиб”, сирга “маҳрам айламоқ” кун келиб, одамни “расвои олам” қилиши мумкин. Шу боис оғизга маҳкам бўлмоқ лозимким, бошга балолар суяксиз тилдан келади доим...

 Шунга қарамай, баёнимиз кемтик бўлиб қолмаслиги эътиборидан,  хаёл жиловини яна хиёл бўшатишга тўғри келмоқда. Яъниким, Бахтиёр Мирбобоев ҳам бола бўлган, онасию опаларидан танбеҳ эшитган, Бўзсувда чўмилиб, балиқ тутган, тенгқурлари билан чиллак ўйнаган, велосипеддан йиқилиб, у-бу жойи шилинган, латта сумкани бўйнига осиб, мактабга қатнаган; мўйлаби сабза урган пайтда илгари ҳис қилмаган туйғулар вужудини чулғаган,  кўзига бутун олам анвойи гулзор, ҳатто эски супурги ҳам гулдастадай кўриниб, бунинг таъсирида шеър-пеър машқ қилган бўлса не тонг?! Атоқли шоиримиз бежиз ёзмаган: “Ўн саккизга кирмаган ким бор?”

У ёғи энди дахлсиз ҳудуд. Шу ҳудуд чегарасидан мўралаб айтиладиган яна бир-икки гап борки, тақдирига битган аёл ўзи каби ҳуқуқшунос эканидан домла ҳатто уйланишда ҳам принципларидан оғишмагани кўринадигандай. Буям тақдирнинг ҳикмати: Бахтиёр Мирбобоевдай қонуну қоида, тартибу таомилга муккасидан кетган одамга тан маҳрам бўлмоқ секин айтиладиган гапми! Бунга жуфти ҳалол ҳамкасб эканининг ўзи камлик қилади: унинг либоси сабрдан, рўмоли қаноатдан бўлишиям шарт. Акс ҳолда, бирга бош қўйилган ёстиқ тошга айланиши ҳеч гапмас...

Алқисса, бу борада домланинг омади чопган.

Ёлғончи бўлмайлик: учма-уч рўзғор, бирин-кетин вояга етаётган икки қизнинг сеп-сидирға ташвиши, турмуш ўртоғи билан бақамти ишлаётганларнинг аксари тобора “казо-казо”ларга айланаётгани муҳтарама келинойимизга оздир-кўпдир таъсир қилиб, эргинасининг биқинидан бир-икки чимчиган бўлиши эҳтимоли тасаввуримизда йўқ эмасди. Ўзича йўл-йўриқ кўрсатадиган “устамонлар”-ку доим топилган: окажон, ойдан тушганмисиз, наҳот сиздай закий инсон арабларнинг машҳур мақолини эшитмаган бўлса: яланғочлар шаҳрида либос киймак уятликдур?!

Тасаввуримиздан уялдик, гумонимиздан хижолатга тушдик (бу гапни “устамонлар”га алоқаси йўқ, улар доим топилган, бу ёғига ҳам топилади). “Ўхшатмагунча учратмас” деган ҳикмат, домланинг хонадонида кечган суҳбат жараёнида иккисининг қўш кабутар мисол бир-бирига бақамти ўтириши, қолаверса, ҳар тонг жуфти ҳалолини ишга кузатаркан, хизмат машинаси ортидан қўли дуога очиқ ҳолдаги келинойини кўрган кўп гувоҳларнинг шаҳодати иштибоҳларимизни парчалаб ташлади.

Тақдир ҳақида гап кетар экан, Бахтиёр Мирбобоевнинг пешонасига тўрт қиздан кейин дунёга келган ягона ўғил, икки қизнинг отаси бўлиш қисмати битилгани ҳам эътибор тортади. Бундай қисмат катта саодат эканини  биров билар, биров йўқ... Опа-сингилларга яхшилик қилишнинг ажру савоби улканлиги, қиз фарзанд вояга етказиб, турмушга узатган ота-онани Яратганнинг буюк неъматлари кутаётганини айтиб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Бунга муқаддас манбаларда исботу далиллар етарли.

Бу дунёнинг эвини қилолмай, у дунёни башорат қилишга биз гуноҳкорга йўл бўлсинку-я, аммо эътиқод нуқтаи назаридан, қаҳрамонимизни Худонинг суйган бандаси дейишга жазм этсак, шаккоклик бўлмас, валлоҳу аълам!

Бахтиёр Мирбобоев тақдиридаги яна бир ҳикмат, унинг ўзи айтмоқчи, “амалга ошмаган бир орзуси”да ҳам яққол кўринади.

Ашаддий китобхўрлиги, айниқса, Артур Конан Дойлнинг “Шерлок Холмс”и, Жорж Сименоннинг “Комиссар Мэгре”си, Лев Шейниннинг “Изқуварнинг ёзишмалари”ни “хатм” қилиши ортидан кўнглида терговчи бўлиш иштиёқи туғилади. Ўшанда, яқиндагина олий таҳсилни битириб, имтиёзли дипломини қўлтиқлаганча ички ишлар органи остонасига бош уриб борган йигитнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтади. Тиббий кўрик пайтида кўзидан топилган кичик нуқсон орзуни ўрага кўмиб ташлашга мажбур қилади. Бироқ ўша нуқсон унинг ҳарбий хизмат ўташига тўғаноқ бўлмайдики, бу домлага ҳалигача нашъа қилади: “Узоқни яхши кўрмас экансан деб ишга олишмади, лекин оёқни ерга теккизмай армияга олиб кетишди, қаранг! Хўб ажойиб замон эди ўша пайт!”

Бу тарихнинг ҳикмати шундаки, изқувар бўлиш орзуси сароб бўлгач, домла ўзини илмга урди, олимлик рутбасига эришди, юзлаб шогирдларнинг устозига айланди, катта-кичик мансабларга муносиб кўрилди, обрў-эътибор қозонди.

 Орзуси амалга ошганда ҳам Бахтиёр Мирбобоев тергов органларида узоқ қолиб кетмаслигини бугун ҳам бемалол тасаввур қилиш мумкин. Одиллик ва оддийлик этагидан маҳкам тутган одам мустабид давр айблов машинасининг бир қисмига айланмаслиги, айлана олмаслигига кимда шубҳа бор, айтинг!

Мана, орадан замонлар ўтди, тузумлар эврилди, ўттиз йилнинг буёғида тизимда озмунча ислоҳотлар ўтказилгани йўқ, шунга қарамай тергов органларидаги “хос талаб, хос тартиблар” ҳозир ҳам лоп этиб кўриниб-билиниб қолмоқда. Буни гуррос-гуррос оқланаётган шахслар, айниқса, тергов изоляторига оёғи билан кириб, тобутда чиқаётган айрим бахтиқаро гумондорларнинг фожеавий қисмати фош этиб қўяётгани кимга сир?!

Илму тадқиқот, қонун ижодкорлиги озмунча меҳнат, озмунча заҳмат  талаб қилмайди. Домла бир умр шундай меҳнат, шундай заҳмат ичида юрди. Энг муҳими, на ўзига, на ўзгага хиёнат қилди: дурадгорликда ҳам, олийгоҳда ўқитувчилигу катта-кичик лавозимларда  ишлаганида ҳам.

Яна бир нарсага шубҳа йўқ: дасти калталик пайтида ҳам, дасти узун пайтида ҳам дийдорига тўймаган отасини қўмсагани, соғингани рост. 

Бунинг баёнига ожизмиз.

Бундай соғинч изтиробини етимликнинг қаттиқ нонидан тиши қонамаган кимса билмайди, ҳис этмайди... 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech