“Синчалак”дан бошланган ҳавас, таназзулнинг “Қиёмат”даги ифодаси ёки нега Агата Кристи?

11 Март 2024 16:47 759 Чоп этиш

 Инсоният тараққиётининг энг ноёб кашфиётларидан бири бўлган китоб ҳар бир шахснинг маънавияти юксалишида муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, фанга оид китоблар муайян касбни эгаллашда муҳим ўрин тутса, бадиий китоблар инсон камолоти йўлида бебаҳо хазинадир.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳар куни китоб ўқиш инсоннинг мулоқот қилиш қобилиятини яхшилайди. Масалан, яхши ёзилган асарни ўқиганда киши унинг ёзилиш услуби, ритми ва композициясини табиий равишда кузатиб боради. Бу эса, ўз навбатида, тафаккурга кучли таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари мунтазам равишда китоб мутолаа қиладиган инсоннинг сўз бойлиги ва дунёқараши кенг бўлиши айни ҳақиқат.

Китобнинг яна бир хусусияти шундаки, атиги 30 дақиқалик мутолаа қон босими, юрак уриш тезлиги ва руҳий тушкунликка ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, китоб ўқиш — юриш, бир пиёла чой ёки қаҳва ичиш билан таққослаганда, чарчоқ ва тушкунликдан халос бўлишнинг энг яхши усулидир.

Бу тиббиётда "библиотерапия” деб аталади. Зеро, ўқишнинг инсонни турли хил ўткинчи муаммолардан халос этиб, ҳаётдан завқ олиб яшашга кучли таъсири аллақачон илмий асосда исботланган.

Шунингдек, айнан мутолаа инсонга ҳаётда муваффақиятларга қандай эришишни ўргатиши шубҳасиз. Шахсан мен ўзим учун Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссаси бош қаҳрамонининг жасорати ва қатъиятини ҳамиша ибрат намунаси деб биламан. Бу қаҳрамон мени тинимсиз изланиш ва турмушда учрайдиган муаммоларни қатъият билан енгиб ўтишга ўргатган.

Албатта, вақт ўтиши билан китобларга бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам ўзгариб бориши ҳеч кимга сир эмас. Энг масъулиятли ва шарафли касб бўлган судьялик лавозимига тайинланганимдан кейин соҳага оид китоблар мутолааси ҳам ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланди. Чунки судья лаёқатлилик принципига амал қилиши, қолаверса, юритувидаги ишлар бўйича қонуний ва асосли қарорлар қабул қилиши шарт. Шунга қарамасдан бадиий китобларни ўқишга бўлган истагим ҳамиша баланд. Зеро, болаликдан шаклланган мароқли эҳтиёж ҳар қандай вазиятда мени ўзига чорлайверади.

 Оғир иш кунидан кейин яхши кўрган асар ёки янги бир китобни ўқишнинг ўзгача гашти бор, албатта. Шундай китоблардан бири Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат» романидир. Унда сайёрамиз тақдири, ўткир фалсафий, ахлоқий ва ижтимоий муаммолар юксак бадиий тафаккур қудрати билан чуқур таҳлил этиб берилган. Эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш, инсон ва табиат ўртасидаги муносабат бўрилар образи орқали ишонарли тарзда очиб берилган. Асарда табиий мувозантнинг бузилиши, худбинлик, моддият ортидан қувиш, табиатнинг азалий қоидаларини менсимаслик каби инсон ҳаётига бевосита дахлдор масалаларнинг аянчли оқибатлари маҳорат билан баён этилган.

Ўзимнинг ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб ёш ҳамкасбларимга машҳур ёзувчи Агата Кристи асарларини синчиклаб ўқиб чиқишни тавсия қиламан. Чунки ушбу асарларда замонавий криминологияга тааллуқли бир қанча йўналишлар ўз аксини топган. Шунингдек, инсон руҳияти чуқур таҳлил этилган китоблар сирасига Ф.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, Г.Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” каби кўплаб асарларни киритиш мумкин. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон ҳамиша билиш, ўзлигини англашга эҳтиёж сезади ва бу борада энг яхши ёрдамчи китоб ҳисоб­ланади.

 Нигора Кенжаева,

Тошкент туманлараро

маъмурий суди судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech