“Ўқиган билади, билган амал қилади”

11 Апрель 2023 16:21 932 Чоп этиш

Судьяликка энди тайинланган  пайтимларим  айрим тоифа инсонларнинг “судда фидойилик билан ишлайдиган судьялар анқонинг уруғи, ҳаммаёқ таниш- билиш бўлиб кетган” мазмунидаги  гап-сўзлари хаёлимни банд қиларди. Вақтлар ўтиб, фаолиятим давомида ҳар турли инсонларни кўриб, одамларнинг ҳолидан воқиф бўлиб, тажрибам ошгач, ҳеч нарсани ўйламай ўз ишимни яхши бажаришга ҳаракат қиладиган бўлдим. Фақатгина уйқуга ётиш олдидан 30-40 дақиқа вақтимни маърифий китоб мутолаасига бағишлайман. Хаёлимни кишилар ва уларнинг гап-сўзлари, кундалик ташвишлардан фориғ қиламан.

Яқинда “Муносиб яшамоқ бахти” китобини ўқиб чиққанимдан сўнг эса қалбимдаги барча оғриқли тугунлар бутунлай ечилиб кетгандай бўлди. Халқимизнинг фидойи, ватанпарвар фарзандининг умр йўлидан, катта ҳаётий тажрибасидан ўзим учун бир қатор эзгу фазилатларни ўзлаштирдим. Китобда менга ёққан жумлалар жуда кўп,  баъзиларини эътиборингизга ҳавола қилсам: “Қадимги Хитой файласуфи Конфуций “Ўқиган билади, билган амал қилади”, дейди. Қодирий таъбири билан айтганда, “...тарихимизнинг энг қора ва чиркин даврлари...” илмсизлик оқибатида содир бўлган. Ҳозирда ҳам қайси бир соҳада оқсоқлик кўзга ташланса, билингки ўша жойда илмий салоҳият, интеллектуал жараён ривожланмаган, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, ошно-оғайнигарчилик иллати урчиётган бўлади. Бу эса, жамият мувозанатини издан чиқаради. Коррупция авж олишига олиб келади. Конституциявий меъёрларнинг бузилишига сабаб бўлади. Ахир, биз бош қомусимизда давлатнинг манбаи халқ, дедик. Инсон омили, унинг дахлсизлигини энг олий қадрият, деб белгилаб қўйдик. Ҳуқуқий демократик давлатимизнинг учта асосий устуни – бири-биридан мустақил, бир-бирини тийиб туришга асосланган учта ҳокимият ва унинг ваколатларини қонунан мустаҳкамлаб қўйдик. Амалига қолганда айнимаслик – илмга интилиш орқали таъминланади. Сабаби илм ақлни чархлайди, ақл эса бошқа барча аъзолар фаолиятини мувофиқлаштириб туради.”

Бу каби маърифий фикрларни ўзида мужассам этган китобларни мунтазам ўқиб бориш қайси соҳа эгаси бўлмасин ўқувчининг ақлини, меҳнат салоҳиятини, ҳодисаларни тезда англаб тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини кучайтиради. Ана шу томонлари билан кишилар тақдири борасида бевосита ҳукм чақариш касби этагини тутган судьялар учун бундай китоблар қадрли. Бундан ташқари, Алишер Мардиев каби ҳалол замондошларимизнинг қийин вазиятларда ҳам тўғри йўлдан юргани биз каби издошларида маърифий тарбияни кучайтиради. Боиси, ўз соҳасида чуқур илм ўрганиш уни муваффақиятлар сари етакласа, маърифий китоблардан оладиган тарбиямиз кучимизни, илмимизни, салоҳиятимизни фақат ҳақиқат ва халқ учун манфаатли йўлларда сарфлашга ундайди. Яъни, тарбия нафсни қийнаш эвазига юзага келади.

Тарбиясиз, илм ва маърифатдан йироқ инсонлар жамият тараққиётига ғов бўлади. Оддий қилиб айтганда, тарбия — нафс ва унинг тасарруфларини ақлга бўйсундиришдир. Масалан, алдаш, фирибгарлик, товламачилик, ғийбат ва чақимчилик каби зоҳирий ҳамда риё, адоват, кибр ва ҳасад каби ботиний иллатларни ақл зарарли ҳисоблайди. Киши бу ишларда ақл чақириғига қулоқ солиб, унинг айтганига кирса, тарбияли ҳисобланади. Акси ўлароқ нафсининг кўйига тушиб, ақлни инкор этса ва шу иллатлар билан яшаса тарбиясиз бўлади. Демак, таълим ва тарбия эт ва тирноқ кабидир. Буларнинг барчасига олиб борувчи йўлни ахтарсангиз барчаси китоблар орқали ўтганлигига амин бўласиз.

Хулоса сифатида айтадиган бўлсам, халқимизнинг Алишер Мардиев каби оқил фарзандлари кўп ва бундан кейин ҳам уларнинг ҳаёт йўллари ҳақидаги бу каби китоблар уларнинг издошларига, ёш судьяларга ҳаётий намуна, ибрат ҳамда адолат таълими бўлади. Сабаби, фарзандлари тарбиясига лоқайд қараган миллатлар инқирозга маҳкумдир. Уларни бегона қўллар ва бегона маданиятга таслим этганлар ўзини йўқотишга маҳкумдир. Бугунги кунда тузумнинг юзи қоралари ҳисобланган қонунбузарлар, жиноятчилар, зулмни ўзига касб қилганлар аслида кечаги кунда тарбиясига бепарво қаралган болалардир.

Шундай экан, суд тизими ходимларига ўз соҳалари юзасидан чуқур таълим бериш баробарида уларни шундай китоблар орқали маърифий тарбия ва ҳаётий ибрат чашмаларидан баҳраманд бўлишларини таъминлаш зарур, деб ўйлайман.

 Мавлудахон УММАТОВА,

Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

 

(Манаба: “Odillik mezoni” журнали, 2023 йил, 3-сон)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech