Судьялар ва ҲМҚО ходимлари муросасиз дона сурди

29 Ноябрь 2025 19:31 478 Чоп этиш

Бугун судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида шахмат мусобақаси ўтказилди.

Ҳар йили Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан судьялар ўртасида шахмат мусобақаси ўтказиш яхши анъанага айланган. Бу гал мусобақа иштирокчилари доираси кенгайиб, унга прокуратура, ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, солиқ, Давлат божхона хизмати органлари ходимлари ҳамда адвокатлар ҳам қўшилди.

Мамлакатимизда шахмат тўлқини ва шукуҳи ҳукм сураётган шу кунларда спортнинг ушбу тури бўйича ўтадиган катта-кичик мусобақа ўзгача завқ билан кечиши табиий. Ушбу тадбир ҳам бундан мустасно бўлмади.  Судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан иборат тўққиз жамоа аъзолари муросасиз дона сурди. (Қизғин кечган баҳсларни кузатган суд тизими мутасаддиларининг завқи келиб, мусобақадан ташқари ўзаро бир-икки партиядан “ташлашиб” олди ҳатто!)

Мусобақа жамоавий рапид йўналиши бўйича, FIDE қоидалари асосида, швейцарча тизимда 7 турдан иборат тарзда ташкил этилди. Ҳар бир партия учун шахматчиларга 10 дақиқа ва ҳар юришга 2 сониядан қўшимча вақт берилди (10+2).

Жамоавий ва шахсий натижалар бўйича Давлат хавфсизлик ходимлари энг яхши натижа қайд этди.

Хусусан, ушбу органнинг икки нафар вакили  - Нодира Нодиржонова ва Тимур Мустафин иккинчи ва учинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўрин эса Ички ишлар органи вакили Шербек Хуррамовга насиб этди.  

Жамоавий ҳисобда биринчи ўринни ДХХ, иккинчи ўринни Ички ишлар органи ва учинчи ўрин 3-ўринни эса Адвокатлар палатаси жамоаси банд этди. Судьялар жамоаси мусобақани тўртинчи ўринда якунлади.

 Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Сенат мутасаддилари иштирокида ўтган тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга кубок ва медаллар, шунингдек, диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Якунда  қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 июндаги ПФ-95-сон Фармони ижросини таъминлаш хамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ушбу мусобақа доирасини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқдир. Чунки, соғлом турмуш тарзи ва интеллектуал спортни ривожлантириш, ҳамкасблик ва корпоратив маданиятни мустаҳкамлаш, шунингдек, ходимларнинг стратегик фикрлаш ва интеллектуал салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши аниқ.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech