Суд тизимида мустақиллик, шаффофлик ва замонавий ёндашув сари тарихий қадам

28 Ноябрь 2025 15:41 143 Чоп этиш

Демократик, ҳуқуқий давлатда суд ҳокимияти – бу шунчаки бир механизм эмас, балки давлатнинг энг асосий устунлардан биридир. У ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг марказида туради, барча институтларнинг мувозанатини таъминлайди. Энг муҳими – фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи айнан суднинг фаолиятига, унинг адолатли қарорларига боғлиқ бўлади. Айниқса, бугунги глобаллашув, рақамлаштириш шароитида суд тизимини такомиллаштириш масаласи Ўзбекистон учун ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд ҳокимиятини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишига айланди. Судьяларнинг мақомини мустаҳкамлаш ва мустақиллигини кафолатлаш бугунги ислоҳотларнинг асосини ташкил этмоқда. Бу ўзгаришлар суд ҳокимиятининг имкониятларини сезиларли кенгайтириб, унинг жамиятдаги аҳамиятини янада яққол намоён этди.

Бугун суд ҳокимияти нафақат одил судловни таъминлайди, балки давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим ишонч кўпригини мустаҳкамлайди. Зотан, адолатни мустаҳкамлаган давлат қудратли, суд мустақиллигини таъминлаган жамият эса барқарор бўлади.

Ушбу жараёнда суд ҳокимиятининг фаолият йўналишларини янада аниқ белгилаш зарурати тобора яққол намоён бўлмоқда. Судьяларни танлаш ва баҳолаш бўйича янги стандартларни жорий этишни эса замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Ана шундай заруратни чуқур англаган ҳолда Президентимиз томонидан 2025-йил 24-ноябрдаги “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-227-сонли фармони қабул қилинди. Ушбу фармонни суд тизимининг кейинги ривожланиш йўналишларини белгилаб берган ҳамда амалдаги ислоҳотларнинг мантиқий давомига айланган тарихий ҳужжат сифатида қайд этиш мумкин.

У нафақат суд органларида танлов ва баҳолаш жараёнларини тартибга солади, балки суд ҳокимиятининг пойдеворини замонавий ҳуқуқий талаблар асосида мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу фармон суд ҳокимиятининг ички тузилмаси, бошқарув тамойиллари ва судьялар корпусини шакллантириш жараёнига тизимли ёндашувни жорий этади.

Айнан шу мақсадни кўзлаб, фармон суд ҳокимиятининг муҳим бўғинларини такомиллаштириш бўйича бир қатор долзарб ўзгаришларни белгилаб берди.

Аввало, судьялик фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш ва мустақиллик кафолатларини кучайтириш мақсадида судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш амалиётига чек қўйилмоқда. Эндиликда номзодлар дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик эса — муддатсиз даврга тайинланади. Бу ўзгариш судьялар фаолиятини муддатларга боғлиқ чекловлардан холи қилиб, уларнинг мустақил қарор қабул қилиш имкониятини янада кучайтиради.

Шунингдек, фармон суд тизими бошқарувида шаффофлик ва очиқ рақобат тамойилларини кучайтиришга алоҳида урғу беради. Туманлараро, туман ва шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари судьялар орасидан аниқ мезонлар асосида, очиқ танлов орқали белгиланади. Бу эса раҳбарлик лавозимларига тайинловда субектив ёндашувлар камайишини, суд тизимида аввало малака ва ҳалоллик мезонлари устувор бўлишини таъминлайди.

Бундан ташқари, фармон судьянинг касбий фаолиятини баҳолашнинг тамоман янги ёндашувини жорий этди. “Ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби” каби мезонларнинг қонун даражасида белгиланиши судья мақомини юксалтиради. Суд тизимида профессионал маданиятни мустаҳкамлайди, жамият олдидаги масъулиятни янада оширади.

Шу билан бирга ушбу ҳужжат судьялар ҳамжамияти органларининг ролини кучайтириш ва уларнинг бошқарувдаги иштирокини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Биринчидан, Судьялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига номзодларни тегишли суд судьялари малака ҳайъатлари томонидан тавсия этиш тартиби жорий этилмоқда. Эндиликда ушбу лавозимларга, қоида тариқасида, судья сифатида камида етти йил фаолият юритган, тажрибали ва ўз касбида етук судьялар номзод қилиб кўрсатилади. Бу эса Кенгаш таркибига профессионал жиҳатдан етук, малака синовидан ўтган судьялар киришини таъминлаб, ундаги қарорлар сифатининг янада ошишига замин яратади.

Иккинчидан, Кенгашнинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзолари таркибига номзодларни ҳуқуқ соҳасидаги илмий муассасалар, олий таълим ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан тавсия этиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бу ёндашув суд ҳокимиятининг бошқарув тизимига кенг жамоатчилик фикрини жалб этади, ташқи назорат ва очиқлик тамойилларини кучайтиради. Шунингдек, Кенгашнинг фаолиятида турли ижтимоий қатламларнинг манфаат ва фикрлари инобатга олиниши учун мустаҳкам асос яратади.

Айнан шу тамойилларни амалда мустаҳкамлаш мақсадида фармон Кенгаш таркибини шакллантириш тартибига доир янги, аниқ ва малакага таянган механизмларни белгилади. Эндиликда Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари таркиби барча даражадаги судлар тажрибаси ва вакиллигини инобатга олган ҳолда шакллантирилиши белгиланди.

Шунга мувофиқ, фармонда Кенгаш Олий суд билан биргаликда уч ой муддатда қуйидаги суд судьялари орасидан доимий таркибни шакллантириш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши вазифаси юклатилди:

(а) Олий суддан — икки нафар судья;

(б) вилоят даражасидаги судлардан — етти нафар судья;

(в) туманлараро, туман ва шаҳар судларидан — тўрт нафар судья.

Мазкур ўзгариш Кенгаш таркибини шакллантиришда ҳудудий вакиллик, малака даражаси ва касбий тажрибани уйғунлаштиришга қаратилган бўлиб, Кенгаш фаолиятини янада изчил ва малакали асосда ташкил этиш имконини беради.

Шу билан бирга, фармон суд тизими фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган муҳим механизмларни ҳам белгилаб берди. 2025-йил 15-декабрга қадар Кенгашнинг расмий веб-сайтида суд тизимидаги бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига оид маълумотларни, шунингдек уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартибини мунтазам очиқ эълон қилиб бориш тартиби жорий этилиши белгиланди. Бу эса суд тизимидаги кадрлар сиёсатида очиқлик, шаффофликни таъминлаб, барча номзодлар учун тенг имконият яратади.

Бундан ташқари, судьялик лавозимларига, жумладан раҳбарлик ва юқори турувчи лавозимларга номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш жараёнининг барча босқичлари тўлиқ очиқ шаклда эълон қилинади. Номзодлар рўйхати, баҳолаш мезонлари, ўтган босқичлар натижалари ва якуний қарорлар жамоатчиликка очиқ тақдим этилиши кадрлар танловида шаффофликни янги босқичга кўтаради.

Бу янгиликлар замирида бир ғоя ётади: суд ҳокимиятида адолатга элтувчи энг тўғри йўл — шаффофликдир. Танлов жараёнининг очиқлиги эса суд тизимига ишончнинг энг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилади.

Фармонда суд тизимида технологик модернизацияни чуқурлаштириш, танлов ва баҳолаш жараёнларини замонавий рақамли ечимлар асосида ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгилади. Эндиликда судьялик лавозимларига номзодларни ўрганиш ва баҳолашда ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмаслиги учун “Рақамли ҳукумат” тизими Кенгашнинг ахборот платформаси билан тўлиқ интегратсия қилинади. Бу номзодлар ҳақидаги зарур маълумотларни автоматик равишда олиш, жараённи тезкор, ишончли ва инсон омилидан холи қилиш имконини беради.

Шунингдек, судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш йўлга қўйилади. Бу ёндашув қарорлар сифатини илмий асосланган кўрсаткичлар орқали баҳолаш, тизимда аниқлик ва холисликни ошириш, субектив ёндашувларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, судьялик лавозимига номзодлар ва амалдаги судьяларнинг психологик портретини шакллантирувчи электрон дастур такомиллаштирилади. Ушбу тизим судья касбига муносибликни аниқлашда замонавий психодиагностик усулларни қўллашга имкон яратиб, танлов жараёнининг илмий асосланганлигини кучайтиради.

Кенгаш мажлисларида ёпиқ овоз бериш ва қарор қабул қилиш жараёнларига рақамли технологиялар жорий этилиши эса бошқарув жараёнларининг хавфсизлиги, аниқлиги ва тезкорлигини янада оширади. Бу нафақат тартибнинг шаффофлигини таъминлайди, балки қарорлар қабул қилиш жараёнининг яхлитлигини мустаҳкамлайди.

Ушбу ўзгаришлар бир нарсани яққол кўрсатади: суд тизими энди фақат анъанавий тартиблар билан эмас, балки замонавий технологиялар билан бошқариладиган замонга кириб бормоқда. Сунъий интеллектнинг жорий этилиши эса суд ҳокимиятидаги қарорларни янада аниқроқ ва тартиблироқ қилишга хизмат қилади.

Суд тизимини рақамлаштириш жараёни изчил давом этар экан, фармон интизомий масалаларда ҳам мавжуд амалиётни янада аниқ ва тартибли асосларда такомиллаштиришни кўзда тутади. Чунки судья мустақиллиги қанчалик муҳим бўлса, унинг фаолияти юзасидан шаффоф ва меъёрий қоидаларга асосланган жавобгарлик тартиби ҳам шунчалик аҳамиятлидир. Фармонда белгиланган ўзгаришлар айнан шу икки тамойил ўртасидаги мувозанатни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу мақсадда, судьяга нисбатан интизомий иш кўриб чиқишда унинг ҳимоя ҳуқуқини тўлиқ таъминлаш, қуйи судьялик лавозимига ўтказиш каби интизомий чора механизмларини жорий этиш, интизомий жазо мавжуд бўлган даврда юқори лавозимга тавсия этилмаслик тартибини белгилаш, шунингдек жавобгарликка тортиш асосларини аниқ мезонлар орқали белгилаш назарда тутилмоқда. Бундай ёндашув интизомий жараёнларнинг қонунийлик тамойилларига мослигини таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинган фармон — суд ҳокимиятининг эртанги қиёфасини белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжатдир. У суд тизимини замонавий давлат бошқаруви талабларига мослаштирибгина қолмай, унинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам ва ишончли пойдевор яратади. Шу боис ушбу ҳужжатни нафақат амалдаги ўзгаришларнинг давоми, балки суд ҳокимиятининг сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишини таъминлаган тарихий қадам сифатида баҳолаш ўринлидир.

 

Аҳрорхон Хашимҳонов,

Тошкент давлат юридик университетининг проректори,

Судьялар олий кенгашининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзоси 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech