Янги Ўзбекистон: янги суд тизими – янги тамойиллар

4 Декабрь 2025 11:43 133 Чоп этиш

Янги Ўзбекистон суд тизимини тубдан демократлаштириш, бунда судлар фаолиятини ташкил этиш ва уни бошқариш, мустақиллигини амалда таъминлаш жараёнида судьялар ҳамжамияти органларининг фаол иштирокига алоҳида аҳамият қаратилаётгани замирида катта мақсад бор. Бунда судни бугунги кундаги шиддатли ислоҳотлар талабларига мослаштириш орқали ҳар қандай ҳолатда адолатни қарор топтиришга қодир бўлган одил судлов тизимини шакллантириш масаласи турибди.

Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибаси ва бу борадаги халқаро ҳужжатларда белгиланган тамойиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини амалда таъминлашнинг асосий кафолатларидан бири - самарали фаолият юритадиган судьялар ҳамжамияти органлари ҳисобланади.

БМТнинг Суд органлари мустақиллигига оид асосий принципларида судьялар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, касбий тайёргарлигини ошириш ва мустақиллигини сақлаш мақсадида судьялар бирлашмалари ёки бошқа ташкилотлар ташкил этиши ёки уларга аъзо бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Президентимиз 2021 йил 22 февралда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида Судьялар кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ғоя ва ташаббусларни илгари сурган эди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуслари ўша пайтда кўплаб нуфузли халқаро экспертлар томонидан хайрихоҳлик билан қабул қилиниб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини таъминлашда Судьялар кенгашларин жуда муҳим ўрин тутиши, бундай кенгашларни тузишдан кўзланган асосий мақсад судьялар корпусини ҳар томонлама муносиб номзодлар билан шакллантиришдек ўта муҳим ва мураккаб жараёнларни ташқи босимдан ҳимоя қилиш экани эътироф этилганди.

Айни пайт Ўзбекистон тараққиётининг сифат жиҳатидан мутлақо янги бир босқичига ўтилгач, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида ҳам муайян ўзгаришлар рўй берди.

Судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашнинг халқаро стандартлари ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўла мос келадиган очиқ, ошкора ва муқобил тизимини яратиш мақсадида мамлакатимиз суд тизими тарихида илк бор судьялар ҳамжамиятининг энг муҳим органларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Унга судьялар ҳамжамиятининг конституциявий органи мақоми берилди.

Судьяларнинг олий малака ҳайъати, судьяларнинг малака ҳайъатлари ваколатларига кирадиган масалалар — судьянинг интизомий жавобгарлиги, судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш, судьянинг дахлсизлигини таъминлаш, судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш борасидаги фаолиятида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилди.

Лекин сўнгги йиллардаги ислоҳотлар динамикаси одил судлов тизимида судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ўрни ва роли, амалий аҳамиятини кучайтириш заруратини вужудга келтирмоқда.

Мана шу ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, Президентимизнинг шу йил 24 ноябрдаги “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида қатор янги вазифалар белгиланди.

Судьялар ҳамжамияти органлари орасида Судьялар олий кенгаши фаолият мезонлари, мақсад ва вазифалари нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Кенгаш конституциявий қоидага мувофиқ, судьялар корпусини шакллантиради ҳамда суд ҳокимияти мустақиллиги принципига риоя этилишини таъминлайди. Шунингдек, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш ҳамда судларни молиялаштиришда иштирок этиш каби вазифаларни амалга оширишда асосий ролни бажаради.

Фармоннинг амалий аҳамияти шундаки, у мана шундай муҳим вазифа ва ваколатларга эга бўлган Кенгаш фаолиятини умумэътироф этилган халқаро норма ва принциплар асосида ташкилий ва институционал жиҳатдан янада такомиллаштиришга ҳуқуқий асос бўлади.

Ҳужжатда назарда тутилган судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартибини бекор қилиб, судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби ўрнатилиши:

биринчидан, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади;

 иккинчидан, одил судловга оид халқаро талаб ва стандартларда белгиланган судьяларнинг алмаштирилмаслиги принципи таъминланишига олиб келади;

учинчидан, судьялар судьялик фаолиятини амалга оширишида барча тузилмалар ва мансабдор шахсларнинг маъмурий буйруқбозликларидан холи бўлишини таъминлайди.

Бир сўз билан ифодалаганда, судьяни профессионал фаолиятида одил судловни тўлақонли амалга ошириш учун турли ички ва ташқи таъсирлардан холи қилиб, унинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлайди. Пировардида, судьянинг ўз ишига нисбатан ички ишончи мустаҳкамланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Илғор хорижий тажрибаларга кўра, аксарият давлатларда судьялар муддатсиз даврга тайинланиши боис, ушбу принцип орқали судьяларнинг пенсия ёшига етгунига қадар ваколатини асоссиз тўхтатиш, муддатидан илгари тугатиш, бошқа лавозимга ўтказиш, қайта тайинлаш бўйича муайян чекловлар белгиланган. Шунингдек, айрим халқаро стандартларда назарда тутилган судьянинг алмаштирилмаслиги тамойили судьялик ваколати муддатининг қонунда белгиланган асослардан ташқари қайта кўриб чиқилмаслигини англатади.

Бундан ташқари, БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистон бўйича ҳисоботида судьяларнинг муддатсиз даврга ўтказишдан олдин 15 йиллик судьялик даврийлиги белгилангани судьяларга босим ўтказиш ва уларнинг мустақиллигига таъсир кўрсатувчи хавф сифатида баҳоланган. У муддатсиз даврга ўтиш учун битта ваколат муддатида ишлашни тавсия этган.

Номзодни судьялик лавозимига тайинлаш тартиби турлича, хусусан, Озарбайжон ва Грузияда судья дастлаб 3 йил, Беларусь ва Молдовада 5 йил, ушбу муддатдаги фаолияти натижалари асосида узлуксиз муддатга тайинланади.

Фармонда белгиланган судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш вазифаси миллий қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқ, яъни судья маънавиятининг энг муҳим категорияларини назарда тутади. Натижада одил судловни таъминлашнинг асосий омиллари қаторида судьянинг ахлоқий юксалиши, қалбан улғайиши, виждонан покланиши, унинг маънавий камолотини таъминловчи мезонлар мажмуи ишлаб чиқилиб, қонун ҳужжатларида акс эттирилади.

Шубҳасиз, судья маънавиятининг энг муҳим категорияларини белгилаш ва уларни миллий қонунчиликка сингдириш одил судловнинг маънавий-ахлоқий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, одил судловнинг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ушбу нормаларнинг миллий қонунчиликда акс эттирилиши Судьялар ахлоқининг Бангалор принциплари учинчи тамойили — “ҳалоллик ва виждонлилик судья ўз мажбуриятларини лозим даражада бажаришининг зарур шартлари” имплементациясини таъминлайди. Зеро, одил судлов маънавий-ахлоқий асосларининг мустаҳкам пойдеворини ҳам судьянинг “ҳалоллиги”, “касбий лаёқатлилиги”, “судьялик одоби қоидаларига риоя этиши” сингари муҳим тушунчалар ташкил этади.

Мазкур тушунчаларнинг аниқ мезонлари қонунчиликка киритилиши судьялик касби талаб қиладиган вазифасига содиқликни келтириб чиқариб, унинг жамият олдидаги мажбуриятларини оширади. Судьянинг ўз хизмат вазифаси ҳамда одамлар тақдирига муносабатини ўзгартириб, тизимда коррупция ҳолатларининг олди олинишига эришилади.

Кенгаш таркибини шакллантириш тартиби судьялар ҳамжамияти органлари иштирокини ошириш орқали янада такомиллаштирилади. Жумладан, Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига номзодлар тегишли суд судьялари малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилади. Бунда Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йил ишлаган судьялар номзоди кўрсатилиши мумкинлиги тўғрисидаги янги тартиб ўрнатилиши, амалдаги қонун ҳужжатларидаги бўшлиқ — Кенгаш раисининг аъзоларни қандай мезонлар асосида танлашига аниқлик киритади.

Бу нормалар Кенгаш таркибини шакллантириш билан боғлиқ қатор халқаро стандартлар ва самарали концептуал моделлар қоидаларига ҳамоҳанг. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорига кўра, суднинг мустақиллигини баҳолашда судьялар кенгашига судьяларни тайинлаш тартиби, хусусан, тайинлашни амалга оширувчи органларнинг характери суднинг ўзини ўзи бошқарувида долзарбдир. Бунинг учун сиёсий органлар таъсирини камайтириш мақсадида суд корпуси мустақил равишда ўз вакилларини Кенгашга сайлаши муҳимдир. Венеция комиссиясининг таъкидлашича, муайян судьялар кенгаши таркиби бир-биридан фарқ қилиши мумкин, бироқ умумий талабга кўра, унинг камида ярми ўз ҳамкасблари сайлаган судьялардан ташкил топиши лозим.

Судьялар орасидан кенгаш аъзолигига номзодлар Украинада судьялар съезди, Литвада судьяларнинг умумий мажлиси, Грузияда судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан сайланади.

Қайд этилганларга кўра, қонунда Кенгаш аъзосига нисбатан талабларни белгилаш, аъзоликка номзод тегишли судьяларнинг малака ҳайъатлари томонидан Кенгашга тақдим этилиши ва муносиб деб топилган муқобиллик асосидаги номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентига тавсия этилиши тартиби муҳим ҳисобланади.

Фармонда белгиланган вазифалар ижроси, хусусан, Кенгаш аъзоларини танлаш мезонларининг қонунчиликда аниқ назарда тутилиши номзодларнинг объектив, шаффоф ҳамда адолатли танланишини таъминлашга хизмат қилади.

Судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган навбатдаги янги демократик тамойил бевосита судьялар малака ҳайъатлари ҳамда Судьялар олий малака ҳайъатларига қўшимча ваколатлар берилиши билан боғлиқ. Яъни судьялик лавозимларига номзодлар бўйича хулосалар қуйидаги судьялар ҳамжамияти органлари томонидан тақдим этилишини назарда тутади:

 — судьялар малака ҳайъатлари — ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маъмурий судлари судьялари, ҳудудий ҳарбий судлар, туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига номзодлар бўйича;

— Судьялар олий малака ҳайъати — Олий суд судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раислари ва раис ўринбосарлари лавозимларига номзодлар бўйича янги тартиб ўрнатилмоқда.

 Мазкур нормалар судьялар ҳамжамияти органлари жамоатчилик асосида фаолият юритадиган судьялар малака ҳайъатлари ва Судьялар олий малака ҳайъатлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун уларнинг масъулиятини оширади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фармонда белгиланган янги демократик тамойиллар судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш орқали уларнинг ўз вазифаларини бажариш жараёнида давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари иштироки ва аралашувини кескин камайтиришга олиб келади.

Натижада судьялар ҳамжамияти органлари ва унинг муайян тузилмалари ўзининг энг муҳим фундаментал функциясини — судьяларнинг манфаатларини тўлақонли ифодалаш имконини ошириб, янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади — жамият ҳаётида адолат ўрнатилишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.

 Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистон Республикаси

Судьялар олий кенгаши раиси

(манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2025 йил 4 декабрь, 251-сон)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech