-
Судьялар олий кенгаши фаолиятида очиқликни таъминлаш, очиқ маълумотларни шакллантириш ва белгиланган муддатларда эълон қилишга масъул бўлган ходимлар учун очиқликни баҳолаш мезонлари талабларини тўлиқ ва сифатли бажаришга қаратилган ўқув-семинарлар ташкил этиш.
-
Кенгаш фаолияти тўғрисида жамоатчиликнинг хабардорлик даражасини ўрганиш, Кенгашнинг ижобий имижини мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг судьялар корпусини шакллантириш жараёнларига бўлган муносабатини тизимли таҳлил қилиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш ва уларнинг натижалари асосида таҳлилий хулосалар тайёрлаш.
-
Судьялик лавозимларига номзодларни танлаш, судьяларни лавозимга тавсия этиш, уларнинг касбий тайёргарлиги ва малакасини баҳолаш, судьялар дахлсизлиги ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши каби Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича алоҳида тарғибот ва ахборот роликларини тайёрлаш ҳамда уларни Кенгашнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида мунтазам жойлаштириб бориш.
-
Судьялар корпусини шакллантириш, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайёрлаш, судьяларнинг касбий малакасини ошириш, уларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан туркум ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш.
-
Судьялар олий кенгаши фаолиятини хорижий оммавий ахборот воситалари ва халқаро ахборот майдонида ёритишни кучайтириш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судьяларни танлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга оид босма, фото, аудио ва видеоматериаллар тайёрлаш ҳамда мунтазам эълон қилиб бориш.
-
Судьялар олий кенгаши фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, тасдиқланган ҳужжатлар, Кенгаш қарорлари ва бошқа очиқ ахборотларни белгиланган тартибда расмий веб-сайтга жойлаштириш, шунингдек, Кенгаш фаолиятига оид фото, аудио ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини мунтазам янгилаб бориш.
-
Судьялар олий кенгаши фаолиятига оид барча очиқ маълумотларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда эълон қилиш, уларнинг долзарблиги ва ишончлилигини таъминлаш ҳамда мунтазам янгилаб бориш. Бунда давлат сири, хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар, шахсга доир маълумотлар ва қонунчиликка мувофиқ ошкор этилиши чекланган бошқа ахборотлар бундан мустасно ҳисобланади.
2025 ЙИЛ ДАВОМИДА СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИ ФАОЛИЯТИДА ОЧИҚЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР
-
Кенгашнинг коррупцияга қарши ички назорат учун масъул таркибий тузилмаси томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини ўрганиш, коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлиши мумкин бўлган фаолият йўналишлари, жараёнлар ва лавозимларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида Кенгаш ходимлари ўртасида мунтазам равишда аноним сўровномалар ўтказиш. Тўпланган маълумотлар таҳлили асосида қўшимча профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширилган ишлар натижаси тўғрисидаги умумлаштирилган ҳисоботни Кенгашнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш.
-
Судьялик лавозимларига эълон қилинган бўш иш ўринлари, номзодларга қўйиладиган талаблар, ҳужжатларни топшириш тартиби, танлов босқичлари ва уларнинг натижалари тўғрисидаги очиқ маълумотларни Кенгашнинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида белгиланган тартибда мунтазам эълон қилиб бориш.
-
Кенг жамоатчилик вакилларининг Судьялар олий кенгаши фаолияти ҳақидаги хабардорлик даражасини янада ошириш мақсадида Кенгашнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида раҳбарият ва масъул ходимлар иштирокидаги онлайн мулоқотлар, савол-жавоблар ва жонли эфирларни мунтазам ташкил этиш.
-
Суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида ҳар ойда камида бир маротаба Кенгашнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида инфографик маълумотларни жойлаштириб бориш.
-
Судьялар олий кенгаши фаолиятида халқаро стандартлар, илғор хорижий тажриба ва суд ҳокимияти мустақиллигини баҳолаш мезонларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда эришилган натижалар юзасидан кенг жамоатчилик учун брифинг ташкил этиш.
2024 ЙИЛ ДАВОМИДА СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИ ФАОЛИЯТИДА ОЧИҚЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР
-
Суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайёрлаш бўйича давлат дастурлари, фармонлар, қарорлар ва бошқа ҳужжатларда Судьялар олий кенгаши масъул этиб белгиланган топшириқлар ҳамда уларнинг ижро ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича Кенгашнинг расмий веб-сайтига жойлаштириб бориш.
Давлат дастурида Судьялар олий кенгаши масъул этиб белгиланган топшириқлар ижро ҳолати тўғрисида
МАЪЛУМОТ| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 |
Изоҳ: давлат дастурлари ва бошқа дастурий ҳужжатларда Судьялар олий кенгаши масъул этиб белгиланган топшириқлар ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Кенгашнинг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилади.
-
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5729-сон Фармонидан келиб чиқиб, Кенгаш фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларга кўпроқ дуч келиши мумкин бўлган фаолият йўналишлари, функциялар ва лавозимларни аниқлаш, баҳолаш ҳамда уларни минимал даражага тушириш бўйича тегишли чораларни амалга ошириш.
Бу борада Кенгаш ходимларини коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш бўйича мунтазам ўқитиш, уларнинг ушбу йўналишдаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш, шунингдек, профилактик тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш зарур.
-
Судьялар олий кенгашида очиқликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қилиш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-154-сон Фармони ижроси доирасида Кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида ҳар чоракда камида бир маротаба брифинг ташкил этиш.
Брифингларда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш, судьяларни лавозимга тавсия этиш, судьялар касбий фаолиятини баҳолаш, уларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, судьялар одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш натижалари ҳақида очиқ ахборот тақдим этиш тавсия этилади.
-
Судьялар олий кенгашининг бошқарув ва ички назорат тизимини такомиллаштириш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш, коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлиши мумкин бўлган фаолият йўналишлари, жараёнлар ва лавозимларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида Кенгаш ходимлари ўртасида мунтазам аноним сўровномалар ўтказиш ҳамда тўпланган маълумотлар таҳлили асосида қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
Аноним сўровномалар натижалари бўйича умумлаштирилган таҳлилий маълумотларни шахсга доир ва қонунчиликка мувофиқ ошкор этилиши чекланган маълумотларни истисно қилган ҳолда Кенгашнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш.