Ўзбекистон судьялар ҳамжамияти вакиллари яна бир халқаро тадбирда иштирок этди

27 Июнь 2025 18:47 367 Чоп этиш

Жорий йилнинг 16–25 июнь кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) ва Женева Университети ҳамкорлигида“Интеллектуал мулк ҳуқуқи” бўйича халқаро ўқув курслари ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон судьялар ҳамжамияти вакиллари ҳам иштирок этди.

Ушбу курсларида интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, айниқса, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар билан боғлиқ масалалар юзасидан халқаро тажриба алмашилди.

Шунингдек,  интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш, патент ва товар белгиларининг ҳуқуқий асослари, рақамли муҳитда муаллифлик ҳуқуқи, сунъий интеллект билан боғлиқ муаммолар ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

 Сафар якунида делегация аъзолари томонидан Ўзбекистон судьялари учун интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича ўқув қўлланмаларни тайёрлаш ва ушбу йўналишда қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш юзасидан таклиф ва режалар ишлаб чиқилди.

Таълим ва суд амалиётини уйғунлаштириш –  судьялар фаолиятида муҳим аҳамиятга эга . Женевада бўлиб ўтган тадбир эса, шубҳасиз, интеллектуал мулкни ҳимоя қилишдаги халқаро ёндашувларни юртимиз суд амалиётига жорий этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech