Маъмурий судлар: бугун ва яқин келажак
Бугун Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида маъмурий судлар фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан жорий этилаётган янги институтлар, уларни амалиётда қўллашга доир амалий-семинар бўлиб ўтди.
Айтилдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2025 йил 30 январь) қарори маъмурий судлар фаолиятида янги саҳифа очмоқда.
Мазкур қарор билан маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Хусусан, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш, уларнинг (давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг) фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш каби масалалар шулар жумласидандир.
Шундан келиб чиқиб, давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили маъмурий суднинг мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устида судга киритилган аризалар бўйича зарур тушунтиришлар бериш, узрли сабабларсиз судга келмаган тақдирда уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўллаш каби янги тартиблар белгиланмоқда.
Шунингдек, маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув институтини жорий этиш, бунинг процессуал тартиби ва муддатлари, низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликларни кўриш ваколатини маъмурий суднинг ўзига бериш сингари институтлар ҳам жорий этилмоқда.
Бўлиб ўтган семинарда жорий этилаётган институтларнинг мазмун-моҳиятини ва уларни амалиётда қўллаш, уларнинг тартиблари бўйича фикр алмашилди, амалиётда дуч келинаётган муайян ҳуқуқий бўшлиқлар, уларнинг ечими юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Айниқса, низоларни судгача ҳал қилиш, бунда давлат органларида апелляция кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш зарурияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шу каби амалий-семинарлар давлат органлари вакиллари билан ҳам ўтказиш кўзда тутилган.