Шахс сийратида шаклланган ватан тимсоли

14 Июль 2025 10:59 118 Чоп этиш

Яқин-яқингача Сингапур ҳақида ўйлаганимда ушбу давлатнинг учинчи дунёдан биринчи дунёга чиқиши сири нимада, бу қай тарзда юз берган, деган саволларга жавоб топгим келарди. Мен қидирган жавоблар  ушбу давлат биринчи бош вазири Ли Куан Юнинг “Учинчи дунёдан биринчи дунёга. Сингапур тарихи” номли мемуар асарда яширинган экан.  Китоб нафақат бир мамлакат тарихи, балки бир инсоннинг иродаси орқали тараққиётга эришган бутун халқ ҳақида ибратли ва қимматли манба ҳисобланади

Мутолаа жараёнида Ли Куан Юни нафақат сиёсатчи, балки бир халқнинг маънавий меъмори сифатида ҳам тасаввурлар кенгаяди. Асарда у ўзининг шахсий ҳаёти, сиёсий қарорлари, халқаро муносабатлари ва мураккаб жараёнлар орқали Сингапурнинг юксалиш тарихини ёритади, аммо бу тарих – қуруқ фактларнинг баёни эмас. Ўқувчи учун бу – ҳаётий дарс, фалсафий мулоҳаза ва инсон руҳининг энг чуқур қатламларига етаклайдиган саёҳатдир.

 Муаллифнинг фикрлари, қарорлари ва ҳатто хатолари замирида ҳам халқнинг келажаги ҳақидаги қайғулари ётганини ҳис этасиз. Унинг: “Менинг ўзгармас мақсадим — халқимни камбағалликдан олиб чиқиш эди”, деган сўзлари эса фикримизга далилдир. Шу сабабдан  китобни оддий мемуарлар қаторида санаб бўлмайди

Шубҳасиз, асардаги энг кучли таъсир қилган нуқталардан бири — унинг коррупцияга қарши олиб борган сиёсатдир. Менимча, бу тажриба ўз ватанининг келажаги ва истиқболини ўйлайдиган жамиятнинг онгли ҳеч бир аъзосини бефарқ қолдирмаса керак. Унинг коррупцияга қарши кураш услуби шунчалик кескин ва муросасиз эдики, юқори лавозимдаги дўстларини ҳам судга тортишдан чекинмади. Китобда бунга аниқ мисоллар келтирилган. У тозалашни қалб ва фикрни янгилашдан бошлади. Унинг ҳар бир қарори юрак ҳиссиётларини енгиб, ақл-идроки билан қабул қилган. Ҳатто Сингапур Малайзиядан чиқиб кетганда, у жамоат олдида йиғлаб нутқ қилганлиги — бу сиёсат эмас, инсон юрагидаги оғриқ эди.

Мен Ли Куан Ю шахсини идеаллаштириш фикридан йироқман, фақат уни идеал мақсадлар учун курашган инсон сифатида кўрсатишим мумкин. У Сингапурни “биринчи дунё”га олиб чиқиш йўлида баъзи чекловлар жорий қилишга тўғри келди. Буларни оқлаш мумкин эмас, лекин англаш мумкин.  Хусусан, у Ғарбда кенг тарқалган демократик моделларга нисбатан танқидий нуқтаи назардан, аммо оқилона ёндашди дейиш мумкин.

Ли Куан Юнинг таълимоти шундан иборатки, у орзу қилишни эмас, орзуни амалга оширишни ўргатади. Бу икки сўз ўртасида катта фарқ бор. Орзу қилишда пассивлик, фақат интилиш бор; қуришда эса жавобгарлик, режа, интизом бор.  У “ўзгача” ва “ўзгалардан фарқли” бўлишга эмас, балки “аъло даражада масъулиятли” бўлишга чақиради. Сингапурни ўзгартирган куч — у ернинг географияси ёки бойлиги эмас, балки шундай ғояларга содиқ одамларнинг мавжудлиги ҳисобланади.

 Шу маънода китоб ҳақиқий тараққиёт - инсоннинг онгида, руҳиятида, билимга бўлган иштиёқида ва тинимсиз меҳнатида эканлигидан бизга сабоқ беради.

Шу билан бирга, асар ҳақида бошқа мулоҳазаларим ҳам йўқ эмас. Айниқса, китобнинг айрим бўлимлари — дипломатик учрашувлар, техник жараёнлар, ташкилотлар билан боғлиқ майда деталларга тўла бўлиб, бундан матн оқимида секинлашув юз беради. Яъни, баён услубида таассуротдан кўра фактларга, ҳиссиётдан кўра таҳлилларга кўпроқ эътибор қаратилган.  Шунданми, шу қадар кўп расмийлик, протокол, сана ва номлар орасида инсон Ли Куан Юни йўқотиб қўйгандек бўламан. Аммо шу ҳолатда ҳам мен унинг ҳаётга қарашларини кўраман: у қалбимизга эмас, тафаккуримизга таъсир қилишни истайди.

Бу китоб орқали тараққиёт эҳтиёжи, унга интилиш, бу йўлдаги  машаққатлар, унинг ортидан орзулар рўёбини кўриш мумкин.  Ва яна аввалги фикримга қайтаман, бу китобда мен бир одамнинг улуғворлигини эмас, балки инсоннинг фитратида яширинган улкан потенциални кўрдим. Англаб етганим ва хулосам шу бўлдики, агар юракда юртни севиш, онгда эса уни ривожлантириш истаги бўлса, ҳар қандай миллат ўзининг "учинчи дунёдан биринчи дунё"гача бўлган сафарини бошлай олади ва бу сафари хайрли якун топади.

 Хайруллохон Камолов,

 жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech