Ўзинг билан юзма-юз...

2 Август 2025 19:16 263 Чоп этиш

Шарл Луи Монтеськенинг  (1689-1755 йй.) “Қонунлар руҳи ҳақида” асари нафақат давлат ва ҳуқуқ назариясининг концептуал асосларидан бири, шу билан бирга илмий-назарий қарашлар, энг асосийси, фалсафий асар ҳамдир.

Асарда муаллиф қонунни шунчаки ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки миллат ахлоқиятининг тирик организм сифатида тақдим этади. Яъни, қонун ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи бошқарув воситасигина эмас, балки муайян халқининг руҳи, маданияти, эътиқоди, урф-одатларининг кўзгуси сифатида кўрсатилади.  Шунинг учун ҳам қонуннинг шаклий жиҳатлари ҳақида эмас, балки унинг руҳияти ҳақида сўз юритади. Зеро, шакл ўзгармасдир, бироқ руҳият - тирикликнинг шундай ажралмас қисмики, уни англаш учун ҳиссиёт ва том маънодаги шахсий иштирок зарур, деб ҳисоблайди.

Асар мутолаасидан илк хулосам: судья фалсафадан хабардор бўлиши шарт.  Фалсафадан йироқлашган судья  ҳуқуқ ёки мажбуриятни  шунчаки “қурол” сифатида билади. Фикрловчи судья эса уларда “адолатнинг меъёри”ни ҳам кўради.  Агар у ўзига “нима учун?” деган саволни бермас экан, амалдаги қоидаларни қўллашда меъёрга путур етади, ижтимоий адолатнинг мувозанати бузилади.

Фалсафа доимий равишда ички мулоқотни талаб қилади.  Судья ўзи билан қилган ички мулоқотида  “Иккиланиш ёхуд шубҳаланиш ҳиссига эга бўлмай туриб,  ҳукм чиқаришим мумкин-ми? Агар Қонун ва Инсонийлик ўртасида чегарани ҳис қилмасам,  адолатли ҳукм чиқара оламанми?” каби саволлар жавоб  ахтаради. Зеро, Монтескье  дейдики, одил судлов  касб ёхуд ҳунар эмас, бу “йўл”дир, у шундай машаққатли “йўл”ки, сен – шахс, нафс, ҳиссиёт, адолат, меъёр, фикрлар хилма-хиллиги, принциплар тўқнашуви ва шу каби бошқа шахсий хулоса ва ечим беришинг керак бўлган масалалар билан рўпара бўласан. Энг асосийси – бу йўлда сенинг “идеал” қарашларинг ва “реаллик” ўртасидаги тўқнашувдан ҳосил бўлган “ички қалб оғриғисиз” юриб бўлмайди...

Асардаги мен англаган яна бир ғоя шуки, эркинлик-озодлик – бу тартибсизлик ёки “анархия” эмас, балки адолатли қонунларга онгли итоатдир. Шу билан бирга, қонунлар ҳам жамиятнинг том маънодаги етуклигининг ифодаси бўлиши даркор. Монтескье ахлоқийликка шундай юксак баҳо берадики, қаердаки ахлоқсизликка асосланган қонунлар бўлса, шу ерда улар зўравонликни амалга ошириш қуролига айланади, дейди.

 Монтескьега кўра, асл деспотия – ташқи ҳукмрон кучнинг таъсиридан эмас, балки ички ўз-ўзи ушлаб туриш, тийиб турувчи механизмларнинг мавжуд эмаслигидан бошланади. Бунда судьялар учун уларнинг шахсий (ички) кураши жуда муҳим аҳамият касб эта бошлайди. Зеро, энг оғир кураш, бу ташқи босим билан эмас, балки ўз кибринг, чарчоқларинг ва иккиланишларинг билан содир бўлади. Судьялик - мунтазам ва ҳар куни “тўғри” бўлган ишни эмас, балки “қулай” бўлган ишни қилишдан тийилишдан иборат битмас кураш ҳамдир.

Ушбу курашларда эса, қонунлар йўлчи юлдуз каби бўлиши лозим. Қонунлар руҳи эса судья учун ички интизом, ўзи билан ўзининг муросасизлиги ва ўзини назорат қила олишидир.

Судьянинг ўз виждони олдида хотиржамлиги деганда, ўзининг ҳақ эканлигини ҳис қилиши эмас, балки ўзининг ҳақлигини шубҳа остига олишини англаш демакдир. Айнан шундагина етуклик, инсонийлик намоён бўлади.

Назаримда, ушбу рисоланинг марказий ғояларидан яна бири, керак бўлса, юксак ахлоқий фалсафаси, қонун бу – усул ёхуд восита эмас, балки танлов эканлиги, у ёки инсон қадр-қиммати учун хизмат қилади, ёки унга қарши туради. У ё адолатни жонлантиради, ё лоқайдликни ниқоблаш учун фойдаланилади.

Муаллиф худдики судьяларга қарата: “Сиз муҳандис ёки қурувчи эмассиз, сиз инсонийликнинг йўлчи юлдузи кабисиз. Агар Сизнинг рўпарангизда турган одам суд залини норозилик, шахсий камситилганлик ва адолатсизлик ҳисси билан чиқиб кетса, демак, Сиз қонунлар руҳини илғамаган бўласиз”, дегандек гўё.

 Асарда мавжуд муаммо ва камчиликларга аниқ бир ечим берилмаган. Унда фақатгина сўнгги манзилни кўрсатишга ҳаракат ва унга элтувчи йўллар хусусида мулоҳазалар  билдирилган. Бу йўлда фикрлаш ва танлов сизнинг ҳамроҳингиз сифатида кўрсатилгандек. Бу шундай йўлки, ҳар бир судья учун якуний манзил нафақат низоларга ҳуқуқий ечим топиш, балки ўзликни англашга интилиш сари етаклайди.

Қонунлар руҳи, бу – зоҳирий тартиб эмас, балки ички хотиржамликда туғилувчи адолатли қарорлар қабул қила олиш, шунингдек, судьялик ваколати ва масъулиятини белгиловчи мезон ҳам демакдир.

Ушбу асар мутолааси ҳар бир ҳуқуқшунос, айниқса, судья учун фойдадан ҳоли эмас. Зеро, ҳар бир инсон ўзига муносиб деб топганини бошқаларга ҳам улашиши қонунлар руҳидандир.

 

Ўткирбек Соатов,

Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech