РАСМИЙ МУНОСАБАТ

11 Август 2025 12:57 1284 Чоп этиш

Кейинги пайтларда Судьялар олий кенгаши қисқа вақт ичида кўп мажлис ўтказгани ҳақида турли фикрлар билдирилмоқда. Аммо бунинг жиддий сабаблари бор.

2025 йил 16 июль куни Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби навбатдаги битирувчиларини тайёрлаб чиқарди. Уларнинг кўпчилиги судьялик имтиҳони натижаларини кутиб турган, ҳали олдинги иш жойига тикланмаган, барча ҳужжатлари тайёр ва номзодлар тўлиқ ўрганилган эди. Шу билан бирга, 1 июль ҳолатига мамлакат бўйича 122 та судьялик лавозими вакант эди.

Шу вазиятдан келиб чиқиб, Кенгаш қисқа вақт ичида кўплаб номзодларни судьяликка тайинлашга қарор қилди. Натижада, Судьялар олий мактабини битирган 182 нафар номзоддан 76 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланди ва 7 август ҳолатига келиб, янги муддатга тайинланган судьялар билан бирга вакант лавозимлар сони 53 тага тушди. Солиштириш учун: 2024 йилда Судьялар олий мактаб битирувчиларидан 154 нафар номзоднинг 66 нафари август ойида судьяликка тайинланган.

Судьялик лавозимлари бўш қолса, судларда иш ҳажми ортиб, одамлар ўз ишларининг кўриб чиқилишини узоқ кутишига тўғри келади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши, суд жараёнларида узилиш ва кечикишлар юзага келиши мумкин. Қолган судьяларга ортиқча юклама тушиши натижасида иш сифати пасайиши эҳтимоли ҳам бор. Шунинг учун вакант ўринларни имкони борича тез тўлдириш жуда муҳим – етарли судьялар бўлса, ишлар ўз вақтида, тез ва адолатли кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, Судьялар олий кенгашида 2025/2026 ўқув йили учун  Судьялар олий мактабида ўқишга топширган 1016 нафар талабгорнинг ҳужжатларини ўрганиш ишларини бошлашдан олдин барча Кенгаш мажлисларини ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб топилган.

Судьялар олий кенгаши судьялар корпусини шакллантириш, шу жумладан, судлардаги вакант лавозимларни ўз вақтида ва самарали тўлдириш учун барча зарур чораларни кўрмоқда.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech