Ижтимоий адолатнинг ҳаётий манзаралари

18 Август 2025 17:47 339 Чоп этиш

Адолат тамомила “кўтарилиб”, Ватан, халқ келажаги истибдод исканжасида қолган рутубатли бир даврда миллатнинг виждони сифатида майдонга чиққан маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний унинг аµамиятини қуйидагича изоҳлаган: “Ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси, давлат ва ҳукуматларнинг узун яшамоғи адолатга боғлидур”.

Ҳазрати соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига “Адолат — давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни бежиз ёздирмаганини, айнан адолат янги Ўзбекистондаги улуғвор ғоя — инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланганини давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаган эди. Албатта, бунда жуда чуқур маъно бор... 

 Инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самараси нафақат жамиятимиз аъзолари, балки халқаро ҳамжамиятнинг ҳам ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда.

Мамлакатимизда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари” асосида олиб борилган ишлар ўз самарасини бериб, пировард натижада аҳолининг турмуш шароитлари яхшилангани, ёлғиз инсонлар, кекса ва ногиронлиги борлар, аёллар ва ёшлар билан боғлиқ жуда кўплаб ижтимоий муаммолар ўз ечимини топганлиги, қисқача айтганда, инсонга муносабат ўзгарганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Аввало, инсонларнинг шахсий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, мунтазам электр энергияси ва ичимлик суви ҳамда уй-жой билан таъминлаш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди: миллионлаб янги уй-жойлар тикланди, қувурлар ётқизилди, электр тармоқлари, трансформаторлар янгиланди. Шунингдек, “Обод маҳалла” дастури асосида маҳаллаларга файз кирди — минглаб километр ички йўллар, одамларнинг уйлари таъмирланди, маданий дам олиш масканлари барпо этилди. Камбағалликка барҳам бериш борасидаги ишлар натижасида экин ерлари, катта миқдорда имтиёзли шартларда кредит маблағлари ажратиб берилди.

Ўрта ва олий таълим тизимида ёшларнинг билим олиши ва касб эгаллашини таъминлашга қаратилган катта ислоҳотлар амалга оширилди. Мактабни тугатган ёшларнинг олий маълумот олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида янги олий ўқув юртлари, кўплаб институт ва университетлар иш бошлади. Айни пайтда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларга муносиб шароит яратиш мақсадида республиканинг барча ҳудудида янги боғча ва мактаблар ишга туширилди, болалар меҳнатидан фойдаланишга буткул барҳам берилди.

Жамиятимизнинг эртанги куни, порлоқ келажагини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири бўлган хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг олий таълим олишига шарт-шароит яратиш ва  жамият ҳаётидаги иштирокини оширишга алоҳида эътибор қаратилди ва бу бугун ўз самарасини бермоқда.

Моҳиятан қараганда, давлат ўзининг бирламчи вазифасини бажармоқда. Бироқ юқорида “денгиздан бир томчи” сифатида келтириб ўтилган амалий ишлар шунчаки, ўз-ўзидан амалга ошмаслигини ҳам ёдда тутишимиз лозим.

 “Қора рўйхат бекор қилинди

Ҳуқуқий соҳадаги ислоҳотлар ҳам залварли. Хусусан, айбсизлик презумпциясини амалда таъминлаш борасида муҳим ишлар қилинди. Муқаддам оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда айбланган кўплаб одамлар оқланди, яна минг-минглаб жазо ўтаётган маҳкумлар муддатидан олдин озод қилинди, давлат раҳбари томонидан афв этилди.

Шунингдек, амалдаги қонунларимизга зид равишда давлатимиз ҳудудидан чиқиб кетган аёллар ва болалар уруш ўчоғи — Суриядан юртга олиб келиниб, уларнинг соғлиғини тиклаш, шарт-шароит яратиш чоралари кўрилди. Фуқароларнинг тергов ва суд идораларидаги ортиқча сансалорлигининг олдини олиш борасида тергов ва қамоқда ушлаб туриш муддатлари қисқартирилди, қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Уларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш борасида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш жорий этилди. Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилди, нафақа ёшида ишлаётганларга нафақа ва иш ҳақи тўлиқ тўланадиган бўлди. Ана шу ишларнинг барчаси  жамиятда  адолат ўрнатилишининг бир кўринишидир.

Бугунги кунда жиноятдан жабр кўрганларни ҳимоя қилиш, уларга етказилган зарарлар қопланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, айрим ҳолларда жабрланганларга давлат томонидан моддий ёрдам кўрсатилаётгани, ҳатто зарар давлат ҳисобидан тўлаб берилаётгани ҳам адолатдандир.

Жиноят содир этган шахсни жазолашдан кўзланган мақсад унга жисмоний азоб бериш, руҳий қийноққа солиш ёки унинг ҳаётига нуқта қўйиш эмас, балки тарбиялашдан иборат. Ҳатто ўлим жазоси ҳам жиноятчиликни камайишига олиб келмаслиги хорижий давлатлар амалиётидан маълум.

Яқин-яқинларгача минг-минглаб фуқароларимиз турли диний оқим аъзоси сифатида “қора рўйхат”ларга тиркалган, бир қисми тергов ва суд идораларидан қочиб яшириниб юрган бўлса, бугунги кунда мазкур ҳолатларга тўлиқ барҳам берилди, жиноят ишлари тугатилди, қидирувлар бекор қилинди.

Ижтимоий адолатга мутлақо зид бўлган амалиёт — яқин қариндошлари судланганлиги учун фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага барҳам берилди. Гарчи қонунларимизда белгиланмаган бўлса-да, лекин риоя этилиши шарт бўлган бундай ноқонуний талабларга кўплаб ватандошларимиз дуч келган ва оқибатда қанчадан-қанча инсонларнинг тақдири ўзгариб кетганлиги барчага маълум. Оила аъзоларидан бирон киши судланса, фарзандлари ёки яқин қариндошлари бир умр айбдорлик ҳисси билан яшаб ўтишга мажбур эди. Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларига, судга ишга кирмоқчи бўлганларга қатъий қоида сифатида белгиланган эди. Бугунги кунга келиб “Отанинг айби — бутун авлоднинг айби” тушунчаси ҳукмронлигига чек қўйилди. Бу ҳам инсон қадри ва ҳақ-ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва таъминлашга қаратилган улкан  ўзгаришлардан биридир.

Бевосита Президентимиз раҳбарлигида қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтириш борасида олиб борилаётган бундай қатъий саъй-ҳаракатлар ижтимоий адолатга садоқат намунасидир.

 Жавобгарлик ҳиссининг залвари

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномаларида “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”, деб таъкидлагани бугун одил судлов тизими олдига қўйилган катта вазифадир.

Судларнинг амалда мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, хусусан, моддий-техника базаси янгиланди, судьяларнинг ижтимоий муҳофазаси кучайтирилди.

Фуқаролар ва давлат назорат идоралари, ҳокимликлар ўртасида юзага келган низоли муносабатларни кўришга ихтисослашган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Қўшимча судьялик штатлари берилди.

Гумонланувчи ва айбланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш тергов органларидан судлар ваколатига ўтказилди, 2025 йил январидан тергов судьялари фаолияти йўлга қўйилди.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида, асосан, судларга мурожаат этади ва уларнинг ўз вақтида, процессуал тартибларга тўла амал қилинган ҳолда қонуний ва адолатли ҳал этилиши жамиятда адолат барқарорлигидан далолат берувчи муҳим омилдир.

Судьянинг иш бўйича чиқарадиган қарори инсон тақдири билан боғлиқ бўлиб, тўғри ва адолатли қарорлар жамият тинчлиги, осойишталигини таъминлашга хизмат қилса, аксинча, адолатдан зарра чекинган ҳолдаги ҳар қандай қарор нафақат иши судда кўрилган тарафлар тақдирига, балки бутун жамиятга салбий таъсир этади. Одамларнинг судга ва алал-оқибат мавжуд тузумга нисбатан ишончсизлиги ва норозилигини келтириб чиқаради.

Судьялар фуқаролик, жиноят, маъмурий ёки иқтисодий ишларни кўришда уларнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаши ва амалдаги қонунлар асосида ҳуқуқий баҳо бериши, ўз қарорининг нафақат қонуний ва асослантирилганлигига, балки адолатлилигига ҳам эътиборли бўлиши шарт. Ана шунда фуқароларимиз жамиятимизда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилади ва суд чинакам адолат қўрғонига айланади. Қайси тоифа иш бўлмасин, агарда у қонуний, асосланган ва адолатли тарзда ҳал этилса, жабрланувчи ҳамда судланувчи, даъвогар ва жавобгарнинг ҳақи бир-бировида қолиб кетмайди ва бу ҳам адолатнинг бир кўриниши бўлади.

Судьянинг фаолияти инсон тақдири билан боғлиқ. Шу маънода, бу ўта оғир ва масъулиятли вазифа бўлиб, жамиятда адолат қарор топишида, аввало, судьянинг ҳаёт тарзи, ҳалол ва поклиги муҳимдир. Шунингдек, унинг  билим савияси юқори бўлиши лозим. Давлатимиз раҳбари мустақил ва профессионал судьялар корпусини ташкил этиш масаласига бежиз алоҳида эътибор қаратмаяпти. Судья қачонки мустақил, билим ва тажрибаси етарли бўлса, шундагина у холис бўлади ва қонун устуворлиги таъминланади.

Судья — ўз фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради, айби йўғини оқлайди, айби борга жазо тайинлайди ёхуд мол-мулк низосини, оилавий келишмовчиликни ҳал қилади. Шу боис судьялик вазифасини бажариш ўта катта масъулиятни талаб этади. Судьянинг хато қилишга ҳаққи йўқ, у ҳар қандай ишни ҳал этишда ўзини вояга етказган, билим ва мартаба берган халқи ҳамда қонун олдидаги шахсий жавобгарлиги ва масъуллигини доимо ёдда тутиши зарур.

 Холмўмин ЁДГОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Судьялар олий кенгаши раиси

(Манба: “Халқ сўзи” газетаси,

2025 йил, 15-август)

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech