Қўлимга бир китоб тушди...
Безаклари содда, юмшоқ муқоваси йиллар ўтиб сарғайган ушбу китобча 1992 йилда “Чўлпон” нашриётида чоп этилган. Номи: “Ҳикматнома”. Унда шарқ донишмадларининг одоб-ахлоққа доир асарларидан (таржимон Маҳмуд Ҳасаний) намуналар жамланган.
Тўплам “Ziyouz.com” электрон-кутубхонаси ўқувчилари томонидан энг кўп мутолаа қилинган 20 та китоб қаторидан ўрин олгани унинг маънавий қимматини билдиради.
"Ҳикматнома"нинг ноёблиги ва китоб расталаридан топиш имконияти йўқлиги боис, ундан бир неча парчаларни ҳурматли ҳамкасбларимга илиндим.
Қуйида тўпламдан ўрин олган Хожа Зайн ул-Обидин Али Абдибек Шерозийнинг (Абдибек Шерозий) “Ойина-и Искандарий” (“Искандарнинг ойнаси”) достонининг насрий таржимасидан иқтибослар келтирилади. Уларда яхшилик ва ёмонлик, раҳму мурувват ва садоқат ва бошқа фазилатлар ҳақида ибратли ва ҳикматли фикрлар мужассам.
“Ойина-и Искандарий” достонининг “Фарзандга насиҳат” фаслидан:
“Эй ўғил! Бу дунё корхонасида шундай йўл тутки, кийган кийиминг ва еган овқатинг ҳалолдан бўлсин.
Ер юзида шундай яшашга уринки, топган маошинг фақат тўғрилик орқали топилган бўлсин.
Жигаринг қонидан нон топиб е, аммо текин нон учун дарбадар ит каби бировларнинг эшигига ялиниб борма.
Агар сен бирор амалга минсангу, золим бўлсанг, демак, халқ қўй-у сен бўри бўласан. Душманларинг жонингга қасд этади ва андак замонда сени ҳалок қилади.
Агар сен пасткаш одамлардан ҳам пастроқ бўлсанг, у пайтда ўзингга ўхшаганлар қўли остида хор бўласан.
Агар сен илм билан машҳур бўлсанг, барча олам аҳлига мукаррам бўласан.
Сен одамларга таъзим қилишдан бўйин товлама, такаббурлик йўлига кириб қолишдан эҳтиёт бўл.
Сен одамлар билан шундай муомалада бўлки, токи улар сени жон-дилидан севиб қолсинлар.
Ўзингдан катталарга одоб билан муомала қил, ўзингдан кичикларга эса шафқат йўлини тут.
Катталарни ҳурмат қилсанг, бошингга иш тушганда, улар ёрдам қўлини чўзадилар, ёшлар эса сенга ҳурмат кўзи билан боқадилар.
Хижолатда қолмай десанг, манманлик қилма, бошқаларнинг кўнглидан жой олай десанг, хушчирой бўл.
Хушмуомалалик билан одамларнинг юрагига кириш ва катта-кичикни ром этиш мумкин.
Беҳуда ҳазилларга ва енгилтакликларга йўл қўйма, беобрў ва беҳаё кишилар билан ҳамсуҳбат бўлишдан қоч.
Бемаъни сўзлар билан оғзингни булғама, ҳамиша сермаъно сўзлар айтишга урин.
Ўтириш ва йиғилишларда сўзни чўзма, одамларнинг бошини лақмалик билан оғритишдан эҳтиёт бўл”.
Алишер Хамраев,
Судьялар олий кенгаши судьяси