РАСМИЙ АХБОРОТ

22 Август 2025 18:35 4168 Чоп этиш

2025 йил 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-141-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Судьялар олий мактаби фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди.

Шунингдек, Академияда таълим жараёни “устоз-шогирд” анъанаси асосида “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойилига мувофиқ ташкил этилиши белгиланди.

Судьяларни қайта тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича 2025 йил 1 октябрдан бошлаб:

а) судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилиши;

б) касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланган ҳолда асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилиниши;

в) касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчиларига судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фондининг миқдорида ҳар ойда стипендия тўланиши;

г) касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш психологик, чет тиллари ва суд ихтисослигидан тест синовларидан ўтказиш ҳамда Судьялар олий кенгаши томонидан ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан ўтказиладиган ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан иборат танлов орқали амалга оширилиши;

д) касбий қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлган шахслар аризасига асосан бўш судьялик лавозимларига ўтказиладиган танловларда иштирок этиши белгиланди.

Бундан ташқари, Академияда малака оширишнинг янгича услубларини татбиқ этиш бўйича:

Академияда судья ва суд аппарати ходимларининг мажбурий малакасини оширишнинг қуйидаги тартиби жорий этилиши:

а) беш йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар икки йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган;

б) ўн йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар уч йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган;

в) Олий суд судьялари, суд раислари ва раис ўринбосарлари, шунингдек, муддатсиз даврга тайинланган судьялар – ҳар уч йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган;

г) фаолият самарадорлиги рейтингининг паст кўрсаткичларига эга судьялар – навбатдан ташқари икки ҳафтадан кам бўлмаган;

д) суд аппарати ходимлари – ҳар икки йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган малака ошириш курсларида ўқитилиши белгиланди.

Шу билан бирга:

а) туман (шаҳар) ва вилоят судларининг тегишли раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьялар давомийлиги икки ойгача бўлган раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларида ўқитилиши;

б) туман (шаҳар) ва вилоят судларида тегишли раҳбарлик лавозимларига, қоида тариқасида, фақат раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган судьялар тайинланиши белгиланди.

Шунингдек, Академияда ўқитишни ташкил этиш бўйича:

Академияда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб “Суд фаолияти” мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастури асосида ўқитиш ташкил этилади ҳамда магистратура босқичида ўқув жараёни таълимнинг кундузги ва кечки шаклларида ташкил этилади ва магистратура дастури бўйича ўқиш бир йилни ташкил этиб, битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади.

Академия Судьялар олий мактабининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2025 йил 19 августдаги 2039-сонли қарори билан Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига 2025/2026 ўқув йили учун кириш синовларида иштирок этишга рухсат этилган талабгорлар, кириш синовлари натижасига кўра, белгилаган квотага мувофиқ Одил судлов академиясининг судьялик лавозимларига номзодларни қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинади.

 

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech