Самарали одил судловга эришиш йўлидаги муҳим қадам

30 Август 2025 16:21 270 Чоп этиш

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Мазкур ҳужжат суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш самарадорлигини кўтариш, шунингдек, судларга бўлган ишончни мустаҳкамлаш борасида кейинги йилларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади.

Демократик йўлдан жадал ривожланаётган янги Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги белгиланган. Шунингдек, ҳар кимнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят бериш ҳуқуқи кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий принциплари ва нормаларини ҳаётга татбиқ қилиш бўйича кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши фаолияти йўлга қўйилди. Одил судлов самарадорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди негизида фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасидаги ягона Олий суд ташкил этилиб, Конституциявий суднинг мустақиллиги мустаҳкамланди, ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.

Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда халқимиз кенг кўламли ва чуқур ислоҳотлар самараси ўлароқ барпо этилаётган янги Ўзбекистоннинг ўзига хос давлатчилиги мазмун-моҳиятини бойитадиган, тарихан катта аҳамиятга эга бўлган амалий ишларнинг гувоҳи бўлиб турибди.

Сир эмас, одил судловнинг таъминланиши судьялар корпуси салоҳиятига ва уларнинг мустақиллигига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши ҳамда унинг асосида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Одил судлов академиясининг ташкил этилиши суд тизимини замонавий ва салоҳиятли кадрлар билан таъминлашда янги даврни бошлаб бериши муқаррар. Шу жиҳатдан ушбу Фармон одил судлов тизимининг мазмун-моµиятини тубдан ўзгартиришга қаратилган улкан ижтимоий-сиёсий воқелик бўлди.

Албатта, дастлабки босқичда Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда одил судлов сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш мақсадида тузилган Судьялар олий кенгаш ва унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаб жамиятимизда одил судловни таъминлашга қаратилган катта ютуқ бўлган эди. Аммо кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан  одил судловни амалга ошириш бўйича қонунийликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар уддаланган бўлса-да, замон талабларидан келиб чиқиб, судьяларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш зарурияти вужудга келди. Хусусан, жаҳонда Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлган, хорижий тилларни биладиган ва халқаро ҳуқуқ нормаларини яхши тушунадиган судьялар корпусини шакллантиришга янгича ёндашув ҳамда илм-фан ва рақамли технологиялар ютуқларини жорий этиш ҳаётий заруратга айланиб бормоқда.

Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг юқорида айтиб ўтилган Фармони, аввало, суд тизимида замонавий фикрлайдиган, ҳалол ва юксак салоҳиятли янги авлод судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган. Фармонда судья кадрларни тайёрлаш тизими негизида том маънода одил судловнинг асосий мақсадлари бўлган ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари кафолатини  янада юқори даражага кўтариш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланган. Зеро, судьяларнинг чуқур билим ва кўникмалар ҳамда илғор хорижий мамлакатлар тажрибасига эга бўлиши бевосита уларнинг касбий салоҳиятини оширади. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиришга хизмат қилади

Энг муҳими, юқори касбий малакага эга бўлган судья одил судловни амалга оширишда адолат, қонун ва инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойилларини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Судьялар олий мактаби негизида Одил судлов академиясининг ташкил этилаётганлиги суд тизимини салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш борасидаги узлуксиз ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, Судьялар олий кенгашига суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва судья кадрларни тайёрлаш борасида янада катта масъулият юклайди.

Айрим хорижий мамлакатлар амалиётида судья кадрларни тайёрлашда ҳанузгача ижро ҳокимияти ёки бошқа ҳокимият органларининг аралашуви кузатилаётган бир пайтда Ўзбекистонда бу борадаги ишлар жаҳоннинг энг илғор тажрибаси асосида йўлга қўйилганлиги ва бу амалда ўз самарасини бераётганлиги давлатимиз раҳбарининг кучли сиёсий иродаси маҳсулидир.

Президентимизнинг янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ва кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланган ташаббуслари асосида ишлаб чиқилган стратегик дастурлар одил судлов тизимини янада демократлаштириш ва такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини англатади.

Дарҳақиқат, соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади” деган сўзлари Асосий Қонунимизда акс этган Конституция ва қонун устунлиги принципининг аҳамияти ва ўрнини белгилаб беради.

Айнан шу маънода, Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида инсон қадрини юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлаш, адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш устувор йўналиш сифатида белгилангани бежиз эмас.

Президентимиз томонидан имзоланган ҳар икки Фармон 2023 йилда умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талаблари ва руҳига тўлиқ мос бўлиб, мамлакатимизда одил судловни таъминлаш, пировардида мазкур органнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий демократик давлат барпо этишдаги ролини янада юксак даражага кўтаришга хизмат қилади.

 Давлатимиз раҳбарининг бу каби муҳим Фармон ва қарорлари конституциявий ислоҳотлар меваси сифатида халқимиз иродаси билан ҳаётимизга татбиқ этилаётган “шахс — жамият — давлат” конституциявий тамойилига асосланган янги модель миллий қонунчиликка кенг сингдирилаётганидан далолат беради. Айни пайтда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосидаги “инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қадри — энг муҳим қадрият” деган қоидани судлов тизими фаолиятининг негизига жорий этиш, янги мазмундаги конституциявий тузумни сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқади, миллий давлатчилигимизни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлади.

Мирзо-Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг раиси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.

( Изоҳ: “Халқ сўзи” газетасининг

  28 август, 177-сонидан олинди)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech