Таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлиги таъминланади
Жорий йилнинг 21 август куни давлатимиз раҳбари “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Ушбу фармон билан Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди.
Ўтган қисқа вақт давомида фармон мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилди, шунингдек, Одил судлов академияси касбий қайта тайёрлаш курсларига кириш танлови ҳам бўлиб ўтди.
Фармонда белгиланганидек, Одил судлов академияси касбий қайта тайёрлаш курслари таҳсили 2025 йил 1 октябрдан давлат гранти асосида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилади.
Академияга кириш танлови психология, чет тиллари, суд ихтисослиги бўйича тест синовлари, ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбат босқичларидан иборат бўлгани жамоатчиликка маълум. Чунки, ҳар бир босқич жараёни ва уларнинг натижалари ҳақида мунтазам ахборот бериб борилдики, бу жараён очиқ ва шаффоф ўтганини билдииради.
Танловда психологик тест босқичи киритилганлиги фармоннинг ниҳоятда муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Негаки, судьядан нафақат тегишли ҳуқуқий билимларга эга бўлиш, шу баробарида ҳар қандай стрессга чидамлилиги, эмоционал барқарорлиги ва ички адолат ҳиссига эга бўлиши ҳам талаб этилади. Психологик тест айнан бўлажак судьяни бундай синовларга қанчалик бардошлилигини аниқлашда муҳим аҳамият касб этди, дейиш мумкин. Чет тиллари бўйича синов босқичи эса талабгорларнинг, яъниким, бўлажак судьяларнинг халқаро ҳуқуқий жараёнларда қатнашишга тайёргарлигини, қолаверса, чет эл адабиётларидан қай йўсинда самарали фойдалана олиш имкониятларини белгилашга хизмат қилади. Бундай тажриба Қозоғистон ва Латвия каби мамлакатлар тажрибасида мавжуд.
Касбий қайта тайёрлаш курслари қонунчиликни қўллаш кўникмасининг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда “назария – амалиёт - имитация” тамойили асосида дуал таълим шаклида ташкил этилади. Мазкур тамойил асосида машғулот ўтказиш ўзининг жуда катта ижобий самарасини беради. Бунда бўлажак судья машғулотлар давомида ҳар бир суд процесси иштирокчиларини, яъни судья, прокурор, судланувчи, даъвогар, жавобгар, гувоҳ, эксперт, таржимон, мутахассис кабиларнинг ролида имитациялар орқали қайта-қайта чиқишлар қилади, процесс иштирокчилари билан мулоқотга киришади. Натижада у касбий кўникмаларини Академиянинг ўзида таълим олиш жараёнидаёқ шакллантиради.
Дуал таълимнинг моҳияти шундаки, у – билим олувчига таълимни ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш билан бирга олиб бориш имкониятини берувчи тизимдир. Бунда уларга мазкур муассасалардан устоз бириктирилади. Мақсад - суд тизими учун малакали ва замонавий касбий кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш ва касбни эгаллашга кенг имконият яратиш бўлиб ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу тизим Германия, Австрия, Швейцари ва Корея Республикаси каби мамлакатларда жуда катта ўрин эгаллайди.
Касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчиларининг амалий кўникмасини шакллантириш мақсадида амалий машғулотлар деонтологик услубда ўтказилади. Бунда тингловчилар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура, суд-экспертиза ва бошқа давлат органлари ва муассасалари фаолиятида бевосита иштирок этиши таъминланади.
Фармонда таълим жараёнининг деонтологик усулда амалга оширилишини белгиланиши ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳатларидан ҳисобланади.
Деонтология, аввало, судьянинг бурчи, обрўси, қиёфаси, номуси ва виждони ҳақидаги фан ҳисобланади. Зеро, деонтология юнончада “бурч”, “ахлоқ” маъноларини англатади. Деонтологик усул эса, судья одобига оид нормаларни таълим жараёнининг узвий қисмига айлантириш орқали амалга оширилишини англатади. Зеро, судьяга Судьялар одоби кодеси қоидалари мазмун-моҳияти машғулотлар жараёнида мутассил сингдириб борилади ва бу уларнинг бенуқсон обрў-эътиборини сақлаши ва янада шакллантириши заруриятидан келиб чиқади.
Бундан ташқари, фармонда касбга қайта тайёрлаш курсларида суд мажлисларини реал вақт режимида кузатиш ва судьянинг процессуал ҳаракатларини таҳлил қилиш имконини берувчи “виртуал суд” машғулотлари жорий этилиши назарда тутилган. Шунингдек, ҳужжат талабига кўра, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича ўқув дарслари ташкил этилади. Зеро, бўлажак судья суд мажлисларини кузатган ҳолда унга судьянинг процессуал ҳаракатларини таҳлил қилиш имконияти яратилмоқда. Бу ҳолат, ўз навбатида, албатта, курсни тамомлаган бўлажак судьяни касбий кўникмаларини шакллантирилишида ўзининг ижобий самарасини ўтказмасдан қолмайди. Чунки халқимизда “ юз марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал”, деган нақл айнан шу жойда ўз аҳамиятини кўрсатади.
Академияда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб “Суд фаолияти” мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастури асосида ўқитиш ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган. Бу босқичда ўқув жараёни таълимнинг кундузги ва кечки шаклларида ташкил этилади.
Академияга қабул қилишда номзодларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим ташкилотларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Одил судлов Академияси том маънода суд тизими учун кадрлар тайёрлайдиган асосий муассаса бўлди, десак муболаға бўлмайди. Эндиликда таълим жараёни “устоз-шогирд” анъанаси асосида , яъни “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойилига таянилган ҳолда олиб борилади. Фикримизча, бу жуда ҳам тўғри ва адолатли ечим. Чунки, узоқ йиллик тажриба шуни кўрсатмоқдаки, махсус йўналишларда судья лавозимида ишламаган, суд процессини бевосита олиб бормаган ва уни ўз танасидан “ўтказмаган” шахснинг касбий тайерлашга жалб қилинганидан кутилган самара бўлгани йўқ. Чунки бундай вазиятда ҳуқуқ нормаларини у ёки бу вазиятда қўллаш, суд амалиётидаги муаммоларни таҳлил қилиш, уларнинг мақбул ечимини ишонарли тарзда етказиб бериш имконияти бўлмайди. Чунки профессионал бўлмаган, масаланинг фақат назарий жиҳатларини ёритишдан нарига ўтилмайдиган машғулотларда амалий кўникмалар шаклланиши қийин. Шу маънода Президент фармони талаби бу борадаги ёндашувни тубдан ўзгартиришни тақозо қилади.
Хулоса қилиб айтганда, фармон билан судьялик лавозимига номзодлар тайёрлашнинг замонавий талаблари ва унинг шаффоф ва холис механизмлари жорий этилмоқда. Бу эса назарий ва амалий кўникмаларга эга бўлган судьялар корпусини шакллантириш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Илҳом Насриев,
юридик фанлар доктори, профессор