Янгиланиш шиддати
Куни кеча марказий теленакаллардан бирида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси фаолиятига оид махсус кўрсатув эфирга узатилди. Унда яқинда давлатимиз раҳбари фармонига (21.08.2025й. ПФ-141-сон) мувофиқ, Одил судлов академияси ташкил этилганлиги ҳақида ахборот берилиши билан чеклангани йўқ, балки мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юртилиши билан бирга Академияга бўлиб ўтган қабул синовлари ҳамда унинг натижалари хусусида ҳам кенг маълумотлар берилди. Кўрсатув “Янгиланиш шиддати” рукни остида эфир юзини кўрганида катта маъно мужассам.
Тараққиёт шиддати турли ижтимоий муносабатларни юзага келтирар экан, уларни тартибга солувчи янги ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар эҳтиёжи юзга келиши, демакки, ижтимоий адолатни таъминлаш учун суд тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласи кун тартибига чиқаверади. Янгиланишлар эса замон ва тараққиёт шиддатига ҳамоҳанг бўлиши керак. Шу маънода суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантириш, шунингдек, «Ўзбекистон-2030» стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон судьялар ва суд аппарати ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг мутлақо янги тизими жорий этилишига қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Фармон билан амалдаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилиши суд тизимида янги давр бошланганига далолат қилади.
Эндиликда, судьяликка номзодларни тайёрлашнинг янги тизими жорий этилиб, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб, судьяликка номзодлар Академияда махсус олти ойлик қайта тайёрлаш курсларини ўташлиги ва бу жараён давлат гранти асосида ташкил қилиниши белгиланди. Таълим жараёнида «назария – амалиёт – имитация» тамойили жорий этилаётгани, «Виртуал суд» машғулотлари ташкил этилиб, сунъий интеллект технологиялари ўқув жараёнига киритилиши ҳамда якуний аттестациядан ўтган номзодлар судьяликка тайинланиш ҳуқуқини қўлга киритишига доир янги тартиблар ушбу тизим нафақат билим бериш, балки номзодларнинг шахсий сифатларини ҳам синовдан ўтказиш имконини яратади.
Судьялар одоб кодексига кўра, судья ўз билим ҳамда малакасини мунтазам ошириб бориши шарт (13-модда). Фармоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда судьялар малакасини оширишнинг мутлақо янги тизими, уларнинг малакасини мунтазам ошириш бўйича аниқ тартиблар белгиланди. Ушбу тартиблар судьяларнинг мунтазам малакаси ошириб боришига кенг шароит яратиши билан бирга унинг самарадорлигини ҳам оширади.
Янги тартибга кўра:
- беш йиллик муддатга тайинланган судьялар - ҳар икки йилда икки ҳафталик курсда ўқитилиши;
- ўн йиллик муддатга тайинланган судьялар - ҳар уч йилда икки ҳафталик курсда қатнашиши;
- Олий суд судьялари ва муддатсиз тайинланган судьялар - ҳар уч йилда бир ҳафталик курсдан ўтииши;
- суд аппарати ходимлари - ҳар икки йилда малака ошириш курсларида таҳсил олиши белгиланди.
Шунингдек, Фармонда магистратура ва илмий фаолият йўналиши бўйича 2026/2027 ўқув йилидан Академияда «Суд фаолияти» магистратура йўналиши очилиши назарда тутилиб, бу йўналишда бир йиллик ўқув дастурини битирганларга давлат намунасидаги диплом берилиши белгиланди. Шу билан бирга, Академияда суд тизимига оид илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида илмий-тадқиқот марказига айланиши ҳам назарда тутилган вазифалар белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, Одил судлов академияси мамлакатимизда суд тизимини тубдан янгилашда ҳал қилувчи аҳамият касб этиб, судьялар профессионализми ошишига, суд ишлари сифатли ва тезкор ҳал этилишига, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи мустаҳкамланишига, суд тизими ва суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича халқаро стандартлар талабларини бажаришга ҳамда кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш орқали суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичга кўтарилиши хизмат қилади.
Шерзод Абдуқодиров,
Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича
Бўка туман судининг раиси,
юридик фанлар доктори