Виждон - энг адолатли судья

28 Сентябрь 2025 14:40 347 Чоп этиш

Дунё адабиётининг детектив жанрида энг кўп ўқилган асарлардан бири – Агата Кристининг “Ўнта негр боласи” романидир. “Детектив жанрининг маликаси” деб тан олинган инглиз ёзувчисининг бу асари дунёда энг кўп таржима қилинган китоблар қаторига киради.

Ўша машҳур “Эркюл Пуаро”ни ҳам айнан Агата хоним ёзган. Бу хоним саксондан ортиқ романлар муаллифи.

Агата Кристи - “Ўнта негр боласи”

Роман ўн нафар одамнинг оролга чақирилиши билан бошланади. Улар турли қатлам вакиллари: судья, ҳарбий, собиқ полициячи, бойвачча, хизматчи, шифокор ва шу кабилар. Ҳар бирига турли баҳоналар билан таклифнома юборилган. Улар ўйлайдики, оролда уларни чиройли ҳордиқ, шоҳона муносабат ёки иш юзасидан учрашув кутарди. Аммо воқеа умуман бошқача тус олади.

Оролга келган заҳотиёқ меҳмонлар деворга илинган ғаройиб шеър билан танишади. Унда “ўнта негр боласи” ҳақида гап боради ва ҳар мисрада битта бола қандайдир сабаб билан ҳалок бўлиб боради. Бу аввалига болалар қўшиғига ўхшаб туюлади, бироқ кўп ўтмай, воқеа ҳаётга кўчади.

Оролда фақат ўн киши бор эди...

Биринчи кечадаёқ меҳмонлардан бири ғалати тарзда ўлим топади. Қолганлар буни тасодиф деб ўйлайди, аммо кейинги кунларда ҳам ўлимлар давом этади. Ҳар бир ўлим шеърдаги сатрга мутаносиб содир бўлади. Масалан, бир мисрада бола маст ҳолатда ҳалок бўлса, оролда ҳам шу воқеа қайтарилади.

Меҳмонлар орасида ҳеч кимга ишонч қолмайди. Ҳамма бир-бирини айблай бошлайди, чунки оролда бошқа одам йўқ эди. Уларнинг орасида кимдир қотил экани аниқ.

Виждон - энг адолатли судья

Аста-секин маълум бўладики, оролга таклиф қилинганларнинг барчаси ўтмишда бирор гуноҳ содир этган. Улар қонундан қочиб, жазодан қутулиб қолишган. Аммо виждондан қочиш мумкин эмас. Қотил эса ўзини “адолат” қўли деб ҳисоблайди ва ҳар бирига қилган иши учун жазо тайёрлайди.

Асарда нафақат қотилни топиш сири, балки ҳар бир инсоннинг ўтмишидан келиб чиққан қора излари ҳам очилади. Бу жиҳат романни оддий детектив эмас, балки фалсафий асарга айлантиради.

Қотил ким?

Ҳикоянинг энг қизиқ нуқтаси – қотилнинг кимлиги. Ўқувчи ҳар саҳифада гумон қилади, бировга ишонади, кейин ўша ишонган кишиси ҳам йўқ бўлиб кетади. Натижада асар сўнгида чиқадиган ҳақиқат кутилмаган бурилиш сифатида ўқувчини ларзага солади.

Агата Кристи маҳорат билан ҳар бир детални ўйлаб ишлаган: қотилнинг ўйини, унинг режаси ва ўлимлар тартиби. Шу сабабли ҳам бу асар дунё бўйлаб миллионлаб нусхада сотилган ва жаҳон адабиётида энг кўп ўқилган детективлардан бирига айланган.

Бу асар нега бунчалик машҳур?

Биринчидан, сюжетнинг оддий ва шу билан бирга кучли драматизми. Бир орол, ўн киши, сирли шеър ва ўлимлар занжири. Ҳеч қандай қочиш йўли йўқ.

Иккинчидан, инсон виждонига бевосита таъсир қилади. Ҳар бир ўқувчи ўз-ўзига савол қўяди: агар мен ҳам қонундан қочган бўлсам, виждоним мени қачон ва қандай жазоларди?

Хулоса

“Ўнта негр боласи” – бу шунчаки қотиллик детективи эмас. У инсоннинг ўтмиши ва виждони уни қай даражада қийнаши мумкинлигини кўрсатади. Қонундан қочиш мумкин, аммо ўзингиздан эмас.

Асарни ўқиркансиз, ўзингизга савол берасиз: мен бу оролга тушиб қолсам, қайси гуноҳим ҳақида ўйлардим? Виждоним менга нимани эслатган бўларди?

Исомиддин Пўлатов

(Манба: Kun.uz)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech