Одил судлов академияси расман фаолият бошлади
Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш
тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ташкил этилган Одил судлов академияси суд-ҳуқуқ тизимида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида алоҳида аҳамият касб этади.
Айтиш мумкинки, суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали судьялар корпусини шакллантиришнинг янги даври бошланмоқда.
Суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, интерфаол ўқитиш услублари ва илғор ахборот технологиялари ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш орқали уларда касбий ва маданий кўникмалар шакллантириш Академия фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Шунингдек, суд фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ва судьялар малакасини оширишга ихтисослашган хорижий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам мазкур ихтисослаштирилган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасасининг асосий вазифалари сифатида белгиланган.
Одил судлов академияси очилиши тадбирида мамлакатимиз суд тизими мутасаддилари, давлат ва жамоат арбоблари, суд фахрийлари, шунингдек, Туркия, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон ва Озарбайжон давлатларининг судьялар ҳамжамиятлари етакчилари, ихтисослашган таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этиб, изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва уларнинг амалий натижалари эътироф этилди. Истиқболдаги вазифалар ва уларнинг ижроси хусусида сўз юритилди. Шунингдек, академияда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди.
Шу куннинг ўзида Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон Республикаларининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ва судьялар малакасини оширишга ихтисослашган таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан англашув меморандуми имзоланди.
Бугунги тадбирнинг узвий давоми сифатида эртага “Янги Ўзбекистонда малакали судьялар корпусини шакллантириш: ислоҳотлар самарадорлиги ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 2025/2026 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг касбий қайта тайёрлаш ўқув курсларига 164 нафар тингловчи қабул қилинган бўлиб, улар жиноят ҳуқуқи, фуқаролик ҳуқуқи ҳамда маъмурий ва иқтисодий ҳуқуқ йўналишлари бўйича таҳсил олади.