Мулоқотлар давом этади
Кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси очилиши маросимининг мантиқий давоми сифатида бугун “Янги Ўзбекистонда малакали судьялар корпусини шакллантириш: ислоҳотлар самарадорлиги ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида халқаро конференция ташкил этилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2025 йил 21 август) Фармонида суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Одил судлов академияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, UNESCO, UNICEF, шунингдек Халқаро юристлар комиссиясининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича миллий тажриба ва халқаро мезонлар хусусида сўз юритилди.
Хусусан, мамлакатимиз бу борада амалга оширилган ислоҳотлар мазмун-моҳияти халқаро ҳамжамият эътиборига етказиш билан бирга Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Франция, Испания, Болгария ва Россия федерацияси тажрибалари билан яқиндан танишилди.
Шунингдек, судлар фаолиятига оид ахборот олиш, очиқлик, бола ҳуқуқларига доир ишларнинг судларда кўрилишининг хос хусусиятлари, бу борада судьялар ва судьялик лавозимига номзодларда касбий кўникмаларни шакллантириш, судьялар ихтисослашуви зарурияти, янги ҳуқуқий ҳужжатлар эҳтиёжи бўйича фикр алмашилди, таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди ҳамда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Алоҳида қайд этилдики, ўзаро тажриба алмашинуви профессионал судьялар корпусини шакллантиришнинг янада самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилашда алоҳида аҳамият касб этади.