Истакнинг ўзи кифоя эмас...

7 Октябрь 2025 14:39 319 Чоп этиш

Telegram” мессенжеридаги “Manifest” канали маъмури таъкид этганидек,  “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, дарҳақиқат, Кенгаш судьяларнинг (Олий суд судьяларидан ташқари) ушбу лавозимда бўлиш ёшини уларнинг розилиги билан беш йилгача узайтириш ваколатига эга. Муаллиф, шундан келиб чиқиб савол қўядики, хўп, Кенгаш  айрим судьяларни қандай мезон ва асосларга кўра судьялик лавозимида бўлиш ёшини узайтирмоқда (ёки рад этмоқда)?

Саволдаги истеҳзо ўз йўлига. Бироқ жавобдан аввал изоҳ лозимки, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 71-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши етмиш, бошқа судлар судьялари учун — олтмиш беш ёш этиб белгиланган.  Олий суд ва бошқа  судлар судьяларининг ушбу лавозимда бўлиш ёшини уларнинг розилиги билан беш йилгача узайтирилиши мумкинлиги ва  унинг тартиблари ҳам ушбу моддада қайд этилган.

Жавобга келсак,  судьялик лавозимида бўлиш ёшини узайтириш билан  янги ваколат муддатига тайинланиши тартиби бошқа-бошқа бўлса-да, бироқ талаблар бир хил. Яъниким, судьянинг ушбу лавозимда бўлиш ёшини узайтиришда ҳам “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасида кўрсатилганидек, унинг обрў-эътибори, ҳалоллиги, холислиги, адолатлилиги ва лаёқатлилигига асосий мезон сифатида қаралади. Шунингдек, қабул қилган суд қарорларининг барқарорлиги (рейтинг кўрсатгичлари), одил судловни амалга ошириш ва қонунчилик нормаларини қўллаш борасидаги тажрибаси, жамоатчиликнинг унинг касбий фаолияти ҳақидаги фикри билан бир қаторда саломатлиги ҳақидаги хулоса ҳам инобатга олинади.

 Кенгашнинг тегишли қарори эса коллегиал қабул қилинади.

Кўринадики, судьялик лавозимида бўлиш ёшини узайтириш учун истакнинг (розилик) ўзи камлик қилади, талаблар жиддий ва мақомга яраша.

Маълумот учун: 2024-2025 йилларда 4 нафар туман суди раисининг судьялик лавозимида бўлиш ёши  ваколати муддатларининг қолган даврига; 5 нафар судьянинг ушбу лавозимда бўлиш ёши икки йилга узайтирилган.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech