Кенгаш ташаббуси билан ЖИЭМда маърифий тадбир бўлиб ўтди

16 Октябрь 2025 12:44 168 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Зангиота туманидаги 21-сонли жазони ижро этиш (аёллар)  муассасасида навбатдаги маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Хайрли анъанага айланиб бораётган мазкур тадбирда Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари судларида фаолият кўрсатаётган аёл судьялар, шунингдек, санъат ва адабиёт вакилларидан иштирок этди.

Бундай тадбирлар муайян тартиб асосида, бироқ ортиқча расмиятчиликсиз ўтиши табиий. Чунки,ташрифдан мақсад мажлис эмас, балки мулоқотдир. Зотан, жазодан мақсад тарбия экан, айни жараён маҳкумаларда қандай кечаётгани билан танишиб, уларнинг қатъий тузалиш йўлига ўтиши ва ҳозирданоқ ижтимоий ҳаётга кўникмалар шакллантиришдек хайрли ишга ҳисса қўшмоқ судьялар ҳамжамияти вакилаларининг ҳам маънавий бурчи ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, жонли мулоқотда синовларда ҳикмат, хатоларда сабоқ борлиги, жаҳолатнинг малҳами маънавият эканига алоҳида урғу берилди. Инсоннинг ўзини ўзи тарбиялашда китобдан яхши восита йўқ, маърифатга ошно бўлганлар бировга кўр-кўрона эргашмайди, тақлид қилмайди, демакки, ҳаётда адашиш эҳтимоли ҳам камаяди.

Шунингдек, алоҳида қайд этилдики, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда маҳкумларнинг қонунга итоаткор, жамият турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, китоб ўқишга жалб қилиш орқали маҳкумларни ахлоқан тузатиш масаласи қонун даражасида мустаҳкамланаётгани давлатимиз томонидан олиб борилаётган бағрикенглик ваинсонпарварлик сиёсатининг яна бир ифодасидир. Жиноят кодексига киритилиши таклиф этилаётган янги нормага кўра, жазо муддатини тўлиқ ўташи лозим бўлган маҳкумларга нисбатан тасдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқиган ва белгиланган тартибда имтиҳон топширган тақдирда жазо 3 кунга қисқартирилиши кўзда тутилмоқда. Кутилаётган мазкур янгилик ўзини ўзи тарбиялаш орқали тузалиш йўлига ўтиш учун яна бири имконият тақдим этади.

Жонли мулоқот якунида аёл судьялар томонидан маҳкумаларга китоблар совға қилди.

Тадбирнинг судьялар учун ҳам аҳамияти катта. Жазони ўташ муассасасидаги мантиясиз мулоқотлар биринчи навбатда қонун ижроси, суд ҳукмлари натижасини бевосита кўриш, кузатиш имкониятини беради. Айни жараён суд қарорлари қабул қилишда масъулиятни янада ошириш билан бирга  коррупцияга қарши шахсий иммунитет шаклланишига ҳам хизмат қилади.  Тадбирнинг бош мақсадларидан бири ҳам шу, аслида! 

Тадбир доирасида сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Унда 29 нафар маҳкуманинг илтимосномалари кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Бунинг натижасида  9 нафар маҳкума жазонинг ўталмаган қисмидан шартли озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди, 20 нафари қолган жазони ўташ учун манзил-колонияларга ўтказилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech