Тақанинг устида от бор
Модомики, Кенгаш ташаббуси билан Зангиотадаги жазони ижро этиш муассасасида бўлиб ўтган маърифий тадбир ижтимоий тармоқлардаги айрим каналларда кучли изтеҳзо билан муҳокама қилинаётган экан, муносабатни шунга монанд равишда бир ҳангомани эслаш билан бошлаш маъқул кўринди.
Жазо ўтаётган маҳбус янги келган шеригидан сўрабди:”Неча йил берди сенга?”. Жавоб: “Олти йил”. “Нима жиноят қилгандинг?”. “Тўртта тақа ўғрилагандим!”. “Иби-и,тўртта тақага шунча муддат бердими?”. Янги маҳбус шивирлабди: “Биров билмасинку-я, тўртта тақанинг устида битта от бор эди...”.
Нима дейилмоқчи?
Кенгаш ташаббуси билан ўтган маърифий тадбирнинг тармоқдаги муҳокамаларида асосан “тўртта тақа” тилга олинмоқда: “Кенгаш муассасага бориб, концерт қўйибди, нима, бошқа иши йўқми?”. Шу, холос. Айтарли бошқа гап йўқ.
Ваҳолангки, шу ҳақдаги Кенгаш ахборотига кўз югуртирган одам тадбир ўтказишдан мақсадни, демакки, “тўрт тақа устидаги отни” бемалол кўриши мумкин. Яъниким, “...тадбирдан мақсад мажлис эмас, балки мулоқотдир. Чунки, жазодан мақсад тарбия экан, айни жараён маҳкумаларда қандай кечаётгани, уларнинг қатъий тузалиш йўлига ўтиши ва ҳозирданоқ ижтимоий ҳаётга кўникмалар шакллантиришдек хайрли ишга ҳисса қўшмоқ судьялар ҳамжамияти вакилаларининг ҳам маънавий бурчи ҳисобланади”. Мана, мақсад. Хўп, унинг нимаси ғайритабиий?
Иккинчидан, тадбирга аёл судьялар таклиф этилгани ҳам бежиз эмас. Чунки, судьяларнинг жазони ижро этиш муассасаларида бўлиши қонун ижроси, суд ҳукмлари натижасини бевосита кўриш, кузатиш имкониятини беради. Бу эса суд қарорлари қабул қилишда масъулиятни янада ошириш билан бирга коррупцияга қарши шахсий иммунитет шаклланишига ҳам хизмат қилади, тадбирнинг бош мақсадларидан бири ҳам шу, аслида! Шу тарзда “Бирни кўриб фикр қил, бир кўриб шукр...” деган ҳикматни эслатиш мақсадга мувофиқ эмасми? Қуруқ ваъзхонликдан кўра, шундай таъсирли воситалар тизимда коррупциянинг олдини олиш, ижтимоий адолат таъминланиши самарадорлигини оширишга қўшимча туртки бўлмайдими?!
Тадбир доирасида сайёр суд мажлиси ўтказилиб, 9 нафар маҳкума жазонинг ўталмаган қисмидан шартли равишда озод этилгани, яна 20 нафарининг жазоси енгилроғи билан алмаштирилгани ҳам тармоқдаги муҳокамаларда гўёки эътибордан четда қолаётганидан келиб чиқиб, “тўртта тақа устидаги от” борлигини эслатиш лозимдай.
“Концерт берилиши”га келсак... Бўлиб ўтган жонли мулоқотларда аксарият маҳкумалардан яккаш бир гап эшитиш мумкин: “Адашдим, пушаймонман...”. Қилмишидан пушаймонлигини айтиб, афсус-надоматдаги барчага бирдек енгиллик бериш иложсиз, албатта. Бунинг қонуний тартиблари бор. Бироқ бироз таскин, умид ва иштиёқ бериш учун тадбирнинг бадиий қисми бўлиши мақсадга мувофиқ кўриндики, бунда ҳам ғайритабиийлик йўқ: бу - инсонийликнинг оддий ифодаси, холос. Ифодаки, унинг замирида, ким бўлмасин, инсон қадрига ҳурмат ётибди...
Буни тушунган, тушунаётганларга раҳмат. Акси ҳолига, бошқа гап ортиқча.
Турсунали Акбаров,
Судьялар олий кенгаши
матбуот котиби