Йиқилганни тепмайдилар...

20 Октябрь 2025 10:35 395 Чоп этиш

“YouТube” видеохостингидаги “Elparvar” каналида эълон қилинган ушбу лавҳа тўғридан тўғри фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга оид низо хусусида бўлса-да, асосий эътибор сабаб-бесабаб собиқ судьяга қаратилгани натижасида “виртуал жиноий айблов”га айланиб кетган. На низо мазмуни очилган, на унинг моҳиятига эътибор қаратилган! Мавзуни етарлича ўрганмаган муаллифнинг янглиш талқинлари шундай тасаввур уйғотадики, собиқ мансабдор ва унинг укаси бир бечоранинг хусусий мулкини юзингда кўзинг борми демай тортиб олишган гўё...

Аслида-чи?

Аввалига ойдинлик киритиш лозим: низо хусусий мулк  устида кечгани йўқ. Шундай экан, “қонуний рейдерлик” ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Гап (низо) Ҳазорасп тумани Марказий бозор ҳудудидаги 303-сонли савдо дўкони устида кетмоқда. Ушбу дўкон “Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси дирекцияси” балансида бўлиб, ҳеч кимга хусусий мулк сифатида берилмаган.

Низога келсак. 2013 йил 9 ноябрь куни Дирекция ва фуқаро Б. Самандаров ўртасида 303-сонли савдо дўкони қурилиши бўйича шартнома имзоланади. Шартнома 24 ойга тузилган бўлиб, унга кўра, фуқаро шу вақт мобайнида тегишли тўловларни амалга ошириши, Дирекция савдо дўконини  қуриб, фойдаланишига топшириши керак эди. Шартнома шартларига тарафлар бирдек оғишмай риоя этган, деб бўлмайди. Бироқ бу ҳол икки ўртада низо келтириб чиқармайди. Аксинча, 2016 йилнинг 25 августида мазкур дўкон биносига қўшимча жиҳозлар қуриш учун тарафлар ўртасида (2013 йил 9 ноябрдаги мавжуд 1-сонли шартномага) қўшимча шартнома имзоланади.

Низо нимадан келиб чиқди?

Гап шундаки, 303-сонли савдо дўкони бўйича  шартнома мавжудлигига қарамай, худди шу мазмун ва шу объект(савдо дўкони) қурилиши бўйича  Дирекция бошқа бир фуқаро - Р. Курбанова билан (2015 йил 15 декабрь) шартнома тузади. Аммо орадан бир ой ўтиб (2016 йил, 15 январь), Р. Курбанова тегишли тўловларни амалга оширган бўлса-да, Дирекция томонидан у билан тузилган шартномани бекор қилинади. Ва шунинг ўзи дўкон икки фуқаро ўртасида талашилиб, бири бошқасининг (гўёки “дасти узун” мансабдор қариндоши ёрдами билан) “бурнини қонатганига” оид иддаоларда асос йўқлигини кўрсатади. Шу ўринда Р.Қурбанованинг (ўзи билан тузилган) шартномани бекор қилиш ҳақидаги Дирекция буйруғини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича судларда рад этилганини айтиб ўтиш жоиз. Мазкур суд ҳужжати қонуний кучда бўлиб, кейинги суд жараёнларига алоқаси йўқ.  

 2023 йилга келиб, Дирекция энди фуқаро Б. Самандаров билан тузилган (2013 йил 9 ноябрдаги) шартномани бекор қилишни сўраб, судга даъво киритади. Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди ҳал қилув қарори (2023 йил 12 апрель) билан даъвони қаноатлантириш рад этилади. Ушбу ҳал қилув қарори  тегишли тартибда юқори суд инстанцияларида кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилган.

Судга келган ҳамма ўзини ҳақ, деб билади, албатта. Шу маънода куйиб-пишиб, бор аламини собиқ судьяга ағдарган ҳолда блогерга интервью берган иш бўйича тараф вакилини тушуниш мумкиндир эҳтимол. Бироқ улар ҳам тушунишлари керакки, Р. Қурбанова билан тузилган шартнома суд тартибида эмас, балки Дирекция ташаббуси билан бир томонлама бекор қилинган.

Гап кимнингдир кирдикорлари ҳақида кетар экан, бундай таъналарни Дирекциянинг собиқ мансабдорларига нисбатан қўллаш тўғрироқ бўлар балки. Чунки, айнан уларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида низо юзага келиб, фуқаролик судларида кўриб чиқилди. Қабул қилинган суд ҳужжатлари қонуний кучда. Қолаверса, “Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси дирекцияси” собиқ масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликка тортилганини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди.

Шу ўринда эслатиладки, ушбу муносабат суд қарорлари қонунийлиги бўйича Кенгаш хулосаси эмас, балки иш ҳолатларининг мухтасар баёни ҳисобланади.

Ниҳоят, лавҳанинг “бош қаҳарамони”га айлантирилган собиқ судья ҳақида.

Фуқаролик низоси иш бўйича жавобгарнинг акаси собиқ судья экани рост. Ушбу низога боғлиқ бўлмаган хатти-ҳаракати туфайли тизимдан кетиб, қонун олдида жавоб бераётгани ҳам тўғри. Шунинг ўзи унинг гўёки “дасти узун” ва ҳатто Олий судгача таъсир кўрсатиш “қудратига” эга эканини мутлоқ инкор этадики, шу мазмундаги иддаоларга тўла “Elparvar” лавҳасини йиқилган одамни тепишга ўхшатиш мумкин. Бу энди оқилнинг иши эмас.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech