Беназир олим, фидоий арбоб, талабчан устоз эди...

27 Октябрь 2025 16:21 581 Чоп этиш

Миллий юридик фанимиз дарғаларидан бири, халқимизнинг фидоий фарзанди академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов роппа-роса 100 йил аввал (1925 йил) табаррук замин – Туркистоннинг Сайрам қишлоғида таваллуд топган. Айни шу мўътабар тупроқ 1000 йил бурун умрини илму-ҳикматга бағишлаган ва тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бирига айланган Хожа Аҳмад Яссавий бобомизни ҳам улғайтирган эди...

Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг ҳаёти ва фаолияти наинки ҳавасли, балки ҳайратли ҳамдир. Мактабни битириб, катта ҳаёт йўлига қадам босиб-босмай  қўлига қурол олишга мажбур бўлади. Бўз йигит пайти Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига айланиб, “Ватан уруши” ордени ҳамда 12 та жанговар медаллари соҳиби сифатида ёруғ юз билан қайтади. Бироз вақт Тошкент шаҳридаги 12-Махсус лойиҳалаш-монтаж бошқармасида монтёрлик қилгач, Тошкент давлат юридик институти талабаси бўлади. Изланиш ва ўрганишга бўлган иштиёқи натижасида талабаликдан кейин таҳсилни аспирантурада давом эттиради. Аввал номзодлик, сўнг докторлик диссертацияларини ёқлаб, профессор илмий унвонига эга бўлади. Йиллар ўтиб, Фанлар академияси мухбир-аъзолари қаторидан ўрин олади ва ниҳоят, академик даражасига етади.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов ўзбек ҳуқуқшунослиги, хусусан, унинг алоҳида ва муҳим йўналиши бўлган “Фуқаролик ҳуқуқи” (цивилистика) фани бўйича мактаб яратган забардаст олим сифатида ҳақли равишда эътироф этилади. Айни шу йўналишда Ўзбекистон юриспруденцияси фани соҳасида биринчи юридик фанлар номзоди ва фан доктори ҳисобланиб, нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё, шунингдек МДҲ мамлакатлари академик доираларида катта ҳурмат қозонганини ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ёзилган шарҳ уч томда, ўзбек ва рус тилида нашр этилган.

Фуқаролик кодексининг ҳар бир моддасига ёзилган ушбу шарҳдан фуқаролик қонун ҳужжатлари, шунингдек нисбатан мураккаб ва ўзига хос хусусиятларга эга бўлган фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётида бугунги кунгача кенг фойдаланилиб келинмоқда.

Катта ҳажмли ва узоқ йиллик меҳнат натижаси бўлган  “Фуқаролик кодексига шарҳлар”да академик Раҳмонқуловнинг юксак интеллектуал салоҳияти яна бир бор  намоён бўлганини кўриш мумкин.

Шуни ҳам эътироф этиш жоизки, бугун - Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган том маънодаги демократик ислоҳотлар талабига жавоб берадиган янги авлод судьяларни тайёрлаш жараёнида, хусусан, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан суд тизими тарихида илк бор ташкил этилган Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари томонидан академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг бой илмий меросига мунтазам мурожаат қилиб келинади.  

Устоз томонидан амалга оширилган жуда кўплаб фундаментал илмий тадқиқотлар, ўқув қўлланмалар ва дарсликлари Академия тингловчиларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унда белгиланган нормаларни теран англаш ва суд амалиётда тўғри қўллаш кўникмаларини оширишга хизмат қилмоқда.

Жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда вужудга келадиган низоларни, яъни фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳолатини, мулк ҳуқуқи ва ашёвий ҳуқуқларнинг вужудга келиши ва амалга ошириш асосларини, мажбуриятларнинг асосий қоидаларини белгилайдиган муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқ соҳалари ва нормаларини фарқлаш ва тушуниб етишда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Академик Раҳмонқулов ўнлаб ташкилот ва идораларда масъулиятли ва юксак лавозимларда меҳнат қилди.  Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси И.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти директори, мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси каби юксак лавозимларда самарали фаолият кўрсатди.

Шунингдек ташқи ишлар вазирлигининг Юридик шўъбаси аъзоси сифатида халқаро муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишда алоҳида фаоллик кўрсатди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси устида иш бошланганда Бош қонунимизнинг “Жамият ва шахс” бўлимини ишлаб чиқувчи Ишчи гуруҳига раҳбарлик қилган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича комиссияси аъзоси сифатида олиб борган фаолияти ҳам алоҳида қадрланади.

Устоз қайси лавозимда ишламасин, илмий фаолиятини уйғун тарзда олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Давлат, бошқарув ва ҳуқуқнинг ривожланиш қонуниятлари” илмий кенгашига, шунингдек Фан ва техника давлат қўмитаси Ижтимоий-гуманитар фанлар эксперт кенгашига раҳбарлик қилди, қатор таълим ва  илмий муассасаларнинг докторлик ва номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган кенгашлари раиси сифатида  кўплаб ёш тадқиқотчи ва олимларнинг илмий ишларига бош бўлди, юзлаб шогирдлар чиқарди.

Мен шундай улуғ инсонга замондош ва минглаб шогирдларидан бири эканимдан ҳақли равишда фахрланаман. У киши мен каби жуда кўплаб ҳуқуқшуносларга тўғри йўл кўрсатган, илмий изланишларга раҳбарлик қилган. Бу, албатта,  шогирдлар учун  бахт ва шарафдир...

Замон шиддати фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини тўлдириш, янада такомиллаштириш талабини қўяётгани  рост. Бунда Устознинг кўплаб шогирдлари олд қаторда экани ҳам ҳақиқат. Эътиборлиси шундаки, бу борадаги ишларда Устоздан қолган бой илмий мерос дастуруламал бўлмоқда.

Зотан, забардаст олим, бетакрор сиймо, академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг муносиб ва шарафли ҳаёти ҳамда бой илмий мероси бугунги авлодлар учун ИБРАТ МАКТАБИ ҳисобланади.

 Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech