Cунъий интеллект: имконият масъулиятдан халос этмайди

28 Октябрь 2025 12:13 179 Чоп этиш

Рақамли технологиялар тараққиёти барча соҳаларда янги имкониятлар тақдим этаётган, сунъий интеллект замонавий цивилизация тараққиётининг муҳим омили сифатида намоён бўлгани айни ҳақиқат. Шу нуқтаи назардан сунъий интеллект ёрдамида одил судловга эришиш даражаси оширилишига шубҳа йўқ.  Давлатимиз раҳбари  “Мамлакатимиз “рақамлашган ва адолатли суд даври” остонасида турибди”, деб алоҳида таъкидлагани ҳам бежиз эмас.  Жорий йилнинг 25 август куни имзо чекилган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон  бу борадаги муҳим қадам ҳисобланади.

Судларда сунъий интеллектдан фойдаланиш борасидаги халқаро амалиёт ва илғор хорижий давлатлар муайян тажриба эга бўлиб улгурди. Бунда, асосан, ҳужжатлар айланмаси ва уларнинг таҳлилида фаол фойдаланилмоқда. Суд ишлари билан боғлиқ минглаб ҳужжатларни қисқа вақтда ўрганиш, муҳим маълумотларни саралаш орқали судьяларнинг иш юкламасини енгиллаштиришда сунъий интеллект беқиёс имкониятлар тақдим этмоқда. Шунингдек, қонун нормалари ва суд амалиётини ўрганиш, кўриб чиқилаётган ишларни олдин кўрилган ишлар билан умумийлик ёки ўхшашлигини аниқлаш, уларни таққослаш ёки прецедент сифатида фойдаланишда сунъий  судьяга ёрдамчи восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича Хитой пешқадам давлат ҳисобланади.  Ушбу мамлакатда “Ақлли суд” (Smart Court) номли интеллектуал тизими қарорлар қабул қилиш жараёнида тўғридан-тўғри қўлланилмоқда. Хитой Олий суди судьялар ҳар бир иш бўйича сунъий интеллект тавсияларига мурожаат қилади, агар  тизим тавсияларидан четга чиқса, судья ўз қарорини ёзма равишда асослаб бериш шарт этиб белгиланган. Маълумотларга кўра, Хитойда сунъий интеллект ҳар куни 100 мингга яқин ишни таҳлил қилади. Ушбу жараён бефарқлик, эътиборсизлик ёки коррупция каби омилларнинг олдини олишга хизмат қилади. Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, “Ақлли суд” тизими судьяларнинг ўртача иш юкламасини учдан бир қисмга камайтирган.

Шу билан бирга, Хитой WeChat ижтимоий медиа-платформаси асосида “мобил суд” тизимини ҳам ривожлантирмоқда. Ушбу платформа орқали фуқаролар судга электрон тижорат ва муаллифлик ҳуқуқлари соҳасида фуқаролик даъволари билан мурожаат қилиш имкониятига эга. Суд мажлисини “робот-судья” олиб боради, аммо якуний қарор қабул қилиш ваколати инсон- судья  ваколатига киради. Бир йилдан ҳам камроқ вақт ичида “мобил судлар” 3 миллиондан ортиқ ишни кўриб чиққани ҳам эътиборга молик.

АҚШда ҳам суд-адлия соҳасига сунъий интеллект воситалари жорий этилган. Асосан, бу махсус хусусий тизимлар орқали амалга оширилмоқда. Масалан, Public Safety Assessment (PSA) тизими судгача очиқда қолдирилган шахснинг яна жиноят содир этиши ёки суд мажлисига келмаслик эҳтимолини баҳолайди. PSA  тизими  шахс илгари судлаган-ёки судланмагани, қўлга олиниш ҳолатлари, ёши, ижтимоий мақоми ва бошқа бир қанча  омилларни ҳисобга олади. Ушбу ахборотлардан келиб чиқиб, судьялар гумондорга нисбатан ҳибсда ушлаб туриш ёки гаров эвазига озод қилиш ҳақида суд ҳужжати қабул қилади.

АҚШнинг ҳуқуқий тизимида сунъий интеллектдан қўшимча жараёнларда ҳам фойдаланилмоқда. Масалан, Орегон штатида юзни таниш тизими фуқароларнинг суд биноларига киришини назорат қилса, Нью-Мексика штатида судларда “Clara” номли виртуал ёрдамчи фаолият кўрсатади Ушбу тизим адвокати бўлмаган ёки инглиз тилини яхши билмайдиган, шунингдек эшитиш қобилиятида муаммолари бор шахсларга тегишли хизматлардан фойдаланишда ёрдам бермоқда.

Шубҳасиз, сунъий интеллект судлов жараёни учун янги имкониятлар яратади. Бироқ уни қўллашда маълум талаблар ҳам бўлиши табиий. Хорижда ўтказилган тадқиқотларга кўра, сўралганларнинг 86 фоизи сунъий интеллектдан фойдаланиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган хатолар ва салбий оқибатлардан хавотирда эканлигини билдиришган. Тўғри, судья сунъий интеллект ёрдамида иш ҳажмини камайтириши мумкин. Тизим коррупция ва ҳиссиётларга берилмайди, қонун нормаларига аниқ риоя қилади ва бошқа қатор омилларни ҳисобга олади. Бунда масалага инсонпарварлик нуқтаи назаридан кўра, техник ва формал қараш устувор аҳамият касб этишини эътибордан соқит қилиб бўлмайди.

Бугунги кунда сунъий интеллект суд-ҳуқуқ тизимига реал вақт режимида жорий этилмоқда. Аммо бу жараённинг ҳуқуқий асослари ҳали тўлиқ шаклланмаган. Европа Иттифоқида бу борада дастлабки уринишлар 2018 йилда бўлганини таъкидлаш лозим. Шу йили Европа адолат самарадорлиги комиссияси суд тизимида сунъий интеллектдан фойдаланишга оид хартияни эълон қилган. 2023 йилда Англия ва Уэльс судлари учун махсус қўлланма қабул қилинган бўлиб, унда судьяларга сунъий интеллектдан фойдаланишга рухсат берилди. Шу билан бирга қатор чекловлар ҳам белгиланган. Бу қоидалар судларда сунъий интеллектдан ҳар қанча фойдаланилса-да, якуний қарор қабул қилиш ваколати инсон-судьяда эканини кўрсатади.

Сунъий интеллект ҳақиқатдан ҳам суд ҳужжатларини яратишга қодир, чунки у катта ҳажмдаги ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш, қонунлар бўйича аниқликларни топиш ва расмий ҳужжатларга ўхшаш матн туза олади. Аммо сунъий интеллектда масъулиятнинг йўқлиги, автоматика асосида тайёрланган ҳужжатларнинг муаллифи бўлмаслиги сабабли уларнинг ҳуқуқий кучга эга эмаслиги, суд ёки ҳуқуқий жараёнда турли ҳолатларнинг вужудга келиши, мавжуд фактларни баҳолаш ва шахснинг ҳаракатларни квалификациялаш заруриятининг мавжудлиги ва бу вазифани фақат инсон ақлий қобилияти ҳамда тафаккурига боғлиқ ҳолда бажариши мумкинлигини эътиборга олиш зарур. Яна шуни айтиш керакки, сунъий интеллект судьяга ва суд ходимларига кўмаклашувчи муҳим воситадир, аммо унинг ишончга сазовор бўлиши учун ҳар доим инсон томонидан назорат қилинмоғи лозим. Шу боис тўлиқ, мустақил суд ҳужжатларини тайёрлаш ва уларга юридик баҳо бериш вазифасини фақат инсон бажаради. Яъниким, имконият судьядан масъулиятни халос этмайди

Яқин келажакда сунъий интеллект суд жараёнларининг узвий қисмига айланиши табиий. Бироқ энг асосийси – технология адолатга хизмат қилиши, инсон ҳуқуқларини таъминлаши ва жамиятда ишонч уйғотиши керак. Аждодларимиз айтганидек, “Адолат – давлат пойдевори”. Сунъий интеллектга эса шу пойдеворни мустаҳкамлайдиган янги восита сифатида қаралиши лозим.

Зафаржон  Омонов,

 Одил судлов академияси ўқитувчиси,

юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech