"Рақамли суд” концепцияси: хорижий тажриба, миллий қонунчилик истиқболлари

4 Ноябрь 2025 11:13 192 Чоп этиш

Суд тизимини рақамлаштириш, замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш нафақат соҳа фаолияти самарадорлигини ошириш билан бирга одил судловнинг ошкоралиги, очиқлиги ва шаффофликни таъминлаш, инсон омилини чеклаш орқали турли суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш, энг муҳими, аҳолини судга нисбатан ишончини янада мустаҳамкалашга ҳам хизмат қилади. Давлат раҳбарининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан эса судлар фаолиятини рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида устувор мақсадлар белгиланди.

Фармонда «Рақамли суд» концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилганига алоҳида эътиборга молик. Бунда судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатларни шакллантириш, мурожаатларни электрон шаклда юбориш, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмагани ҳолда процессда масофадан иштирок этиши, тарафларга ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имкониятини яратиш, шунингдек, ижро варақаларини автоматик равишда ижрога юбориш, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомаларини реал вақт режимида матн шаклида тайёрлаш ва суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик шакллантириш вазифалари белгиланди.

Жорий асрда суд тизимларини рақамлаштириш давлат ҳокимиятининг модернизация қилишнинг ажралмас қисмига айланди. Дунёдаги кўпгина мамлакатларда рақамли суд (“Digital Court”) электрон платформаси жорий этилиб, суд фаолиятини автоматлаштириш, инсон омилини камайтириш ва шаффофликни таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Масалан, Эстонияда суд тизими тўлиқ электронлаштирилган. Барча суд ҳужжатлари “e-File” тизими орқали юритилади. Судга ариза бериш, далилларни юклаш ва мажлисда иштирок этиш онлайн тарзда амалга оширилади. Фуқароларга “ID-карта” ёрдамида тизимга кириб, иш ҳолатини реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилган.

Жанубий Корея 2020 йилдан бошлаб “AI Court” лойиҳасини амалга ошириб келинмоқда. Бунда судьялар ва прокурорлар сунъий интеллект ёрдамида иш юритади, тизим ўхшаш ишлар бўйича қарорларни таҳлил қилади. Суд биноларида “smart courtroom” технологиялари жорий этилган - аудио/видео ёзувлар автоматик тарзда архивланади.

Ҳиндистон, аҳоли кўплигини инобатга олиниб, дунёдаги энг йирик электрон суд платформаси – “eCourts Project”ни ишга туширган. Миллионлаб фуқаролар суд ишларини смартфон орқали кузатишади. Суд жараёнлари видеоконференция орқали ўтказилади. Ҳужжатлар давлат маълумот базалари билан интеграция қилинган.

Сингапур давлатида “Paperless Justice”(қоғозсиз адлия) амалиёти жорий этилган.. Барча иштирокчилар (судья, адвокат, фуқаро) ягона тизим орқали мулоқот қилади. Суд мажлислари учун автоматик тайинлаш ва календар функциялари мавжуд.

Буюк Британияда инсон омилини сақлаган “рақамли адлия”  электрон тизими жорий этилган. Ушбу давлатда “Online Courts” тизими фуқаролик ишларини рақамли кўриш имконини берса-да, инсон омилини тўлиқ йўқотмаган. Сунъий интеллект фақат тавсиялар беради, суд қарорини эса судья қабул қилади. Рақамли тизимлар ҳуқуқий хато хавфини олдини олиш учун доимий мониторингдан ўтади.

Илғор хориж давлатлари тажрибалари  мамлакатимизда “Рақамли суд” концепцияси доирасида миллий қонунчилигимизга сунъий интеллектни суд қарорини тайёрлашда ёрдамчи восита сифатида қўллаш лозимлигини, қарор қабул қилиш ҳуқуқини судьяда қолдириш ҳақидаги қоидаларни киритиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда аҳолининг турли ҳудудларида интернет имкониятларини фарқ қилишини инобатга олиб, мобил-қўлланма интерфейслар орқали суд тизимига кириш имкониятини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда қоғозсиз иш юритиш тизими босқичма-босқич жорий этилаётгани билан бирга, ҳозирча тўлиқ амалга ошмаган. Сингапур давлатининг ягона тизим орқали мулоқотни амалга ошириш модели ҳам ижобий тажриба сифатида кўрилиши мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлат раҳбарининг фармони  “Рақамли суд” концепцияси ягона тизимни яратиш билан бир қаторда одил судловнинг сифати ва самарадорлигини янада оширишга, суд фаолиятини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, пировард натижада фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тезкорлик билан ҳимоя қилишга ҳуқуқий замин яратади.  

 

Эркинжон Собиров,

 Одил судлов академияси ўқитувчиси,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech