Қаршидаги семинар ҳам муваффақиятли ўтди
Хабар қилинганидек, Қарши шаҳрида ҳам Қашқадарё вилоят судлари жиноят ишлари бўйича судьялари учун "Кибержиноятчилик: аниқлашдан суд ҳукмига қадар " мавзуида ихтисослаштирилган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тараққиёт шиддати ахборот технологиялари ривожи билан ўлчанмоқда. Ахборот технологиялари соҳаларидаги ихтиролар натижасида виртуал майдон ва унинг таъсири доимий равишда кенгайиб бормоқда. Ахборот маконининг мислсиз кенгайиб бораётгани тараққиётнинг ажралмас қисмига айланиши билан бирга янги – кибержиноятчиликни ҳам юзага келтирди. Кибержиноятчилик— ахборотни эгаллаш, уни ўзгартириш, йўқ қилиш ёки ахборот тизимлари ва ресурсларини ишдан чиқариш мақсадида кибермаконда дастурий таъминот ва техник воситалардан фойдаланилган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар йиғиндиси ҳисобланади. Бу борадаги жиноятчиликнинг олдини олиш, фош этиш, жазо муқаррарлигини ва қонун устуворлигини таъминлаш эса бугуннинг долзарб вазифасига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиялари ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кибержиноятчиликнинг долзарб масалалари, рақамли далилларни тўплаш, таҳлил қилиш ва суд амалиётида баҳолашнинг ҳуқуқий асослари хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, халқаро тажрибалар ҳамда замонавий тергов технологияларидан самарали фойдаланиш усуллари билан яқиндан таништирилди. Бундан ташқари кибержиноятчилик бўйича вазият, унга қарши курашишнинг миллий-ҳуқуқий асослари, процессуал қонунчиликнинг янада такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди, қатор таклифлар ўртага ташланди.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.



