Рақамлаштириш: халқаро талаблар, таклиф ва имкониятлар

7 Ноябрь 2025 18:51 100 Чоп этиш

Замонавий халқаро ҳуқуқда чет эл судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш институти алоҳида аҳамият касб этади. Иқтисодиётнинг глобаллашуви, трансчегаравий инвестицияларнинг ўсиши ҳамда халқаро савдонинг фаоллашуви аниқ ҳуқуқий ва самарали механизм талаб қилади. Суд тизимлари рақамлаштирилаётгани ушбу жараёнга электрон ҳужжат айланиши, онлайн суд иши юритиш, блокчейн технологиялари ва смарт-шартномалар каби янги элементлар олиб кирмоқда. Ушбу инновациялар суд ва бошқа ҳуқуқий институтлар қарорлари ижроси масаласида ёндашувларни ўзгартирмоқда. Ўзгаришлар янги имкониятлар билан бирга  айрим муаммолар келтириб чиқараётгани ҳам бор гап.

Маълумки, хорижий суд ва арбитраж қарорларни тан олиш  ҳуқуқий келишувлар ҳамда халқаро ва ҳудудий юрисдикция тамойиллари асосида қурилган. 1958 йилда қабул қилинган Нью-Йорк конвенцияси ва ундан кейинги кўп томонлама шартномаларда мустаҳкамланган тамойиллар арбитраж қарорлари учун универсал стандартларни яратди. Янги халқаро ташаббуслар, хусусан, 2019 йилда қабул қилинган Хорижий суд қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги Гаага конвенцияси фуқаролик ва тижорат низолари учун ягона ҳуқуқий асосни шакллантиради.

Рақамлаштириш халқаро ҳуқуқий тамойиллар асосида янги шароитларга мослашишни талаб қилади. Бундай талаблар биринчи навбатда электрон имзолар, низоларни онлайн ҳал қилиш (ODR), рақамли далилларни қўллаш ва, табиийки, аутентификация стандартларини уйғунлаштириш заруратини келтириб чиқаради. Масалан, электрон апостил дастури (e-APP) аллақачон ҳужжатларга ишлов бериш муддатини 70 фоиздан кўпроққа қисқартириб, ўз самарадорлигини исботлади.

Европа Иттифоқи амалиёти интеграциянинг юқори даражасини кўрсатмоқда: «e-Justice Portal» ва «e-CODEX» лойиҳаси орқали трансчегаравий юридик маълумот алмашиш учун рақамли инфратузилма яратилди. Шунга ўхшаш ташаббуслар АТР доирасида (АТЭСнинг трансчегаравий махфийлик қоидалари тизими)
ва ЮНСИТРАЛ фаолиятида (электрон имзо ва савдо тўғрисидаги намунавий қонунлар) ҳам ривожланмоқда.

Ўзбекистонда суд тизимини рақамлаштириш фаол ислоҳ қилинмоқда. Кейинги беш йилда чет давлат қарорларини тан олиш тўғрисидаги ишлар сони 65 фоизга ошган ва уларни кўриб чиқишнинг ўртача муддати тахминан олти ойни ташкил этади, бу дунёдаги ўртача кўрсаткичлардан юқори.

Давлатимиз раҳбарининг "Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони электрон одил судловни ривожлантириш, судлар, адвокатлар ва тарафлар ўртасидаги мулоқотнинг ягона рақамли платформасини яратиш, миллий тизимларни халқаро стандартлар билан интеграциялаш каби стратегик йўналишни белгилаб берди. Ушбу чора-тадбирлар суд тизимига ишончни янада мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Илмий изланишлар, шунингдек, замонавий рақамли воқеликни ҳисобга олган ҳолда "Чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисида"ги консолидациялашган қонун зарурлигини таъкидлайди. Бундай қонун тан олинган суд қарорларининг ягона электрон реестрини яратиш, рақамли интерфейсларни жорий этиш ва электрон имзоларни уйғунлаштиришни назарда тутади.

Ижобий тенденцияларга қарамай олдинда қатор ечимини кутаётган масалалар борлигини эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Хусусан, суд ҳужжатларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги нормаларнинг турли кодекслар ва халқаро шартномаларда тарқоқ экани шулар жумласидандир.

Шунингдек, ахборот хавфсизлиги ва ўзаро ишонч нуқтаи назаридан минтақавий ва халқаро миқёсда тан олинган электрон имзолар ва рақамли идентификациянинг универсал стандартига ҳам эҳтиёж мавжуд. Ҳозирги амалиёт ишларни кўриб чиқиш муддатлари давомийлиги сақланиб қолмоқда, бу эса ҳуқуқий ҳимоя самарадорлигига таъсир ўтказмай қолмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тан олинган суд қарорларининг миллий электрон реестрини ва ижрони автоматлаштириш учун низоларни онлайн ҳал қилиш ҳамда смарт-шартномаларни жорий этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Шунингдек, Европа Иттифоқи ва МДҲ давлатлари билан электрон имзо ва идентификациялаш стандартларини уйғунлаштириш ҳамда Марказий Осиёда суд қарорларини тан олиш бўйича минтақавий платформани шакллантириш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бундан ташқари тан олиш жараёнларининг шаффофлиги ва ишончлилиги учун блокчейн технологияларидан фойдаланиш ҳам муҳокама марказида турибди.

Рақамлаштириш шароитида чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ва ижро этиш нафақат ҳуқуқий тартибга солиш масаласи, балки миллий суд тизимига ишонч, инвестициявий жозибадорлик ва халқаро ҳамкорлик омилидир. Ўзбекистон учун бу соҳада рақамли механизмларни ривожлантириш жаҳон ҳуқуқий маконига интеграциялашувни акс эттирувчи стратегик устувор йўналишга айланмоқда. Зотан, халқаро стандартлар ва рақамли технологияларни самарали бирлаштириш XXI аср талабларига жавоб берадиган қарорларни тан олиш ва ижро этишнинг замонавий экотизимини шакллантириш имконини беради.

 Дилмурод Каримов,

 Олий суд судьяси, халқаро ҳуқуқ магистри

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech