Судьялар форуми: амалиётдаги айрим масалалар муҳокама қилинди

19 Ноябрь 2025 19:37 191 Чоп этиш

Бугун Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг фуқаролик ишлари бўйича судлар судьялари онлайн-форуми бўлиб ўтди.

Эътироф этилдики, Кенгаш ҳузуридаги Судьялар клубининг электрон платформаси  судьялар учун хос мулоқот майдонига айланди. Клуб масъул аъзолари томонидан берилаётган моддий ва процессуал қонун нормаларини қўллаш бўйича тавсиявий маслаҳат ва тушунтиришлари суд ишлари сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида  Клубнинг электрон платформасида жами 14567 та мавзу  муҳокамаси юзасидан 548708 та фикр билдирилган. Фуқаролик ишлари бўйича суд амалиёти юзасидан муҳокама қилинган мавзулар сони 3672 тани ташкил қилиб, улар бўйича 189814 та изоҳ қолдирилган.

Форумда Клуб электрон платформаси доирасидаги муҳокамаларда фуқаролик судлари томонидан кўрилаётган уй-жой, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида мулк ҳуқуқини вужудга келиши тўғрисидаги қонунчиликни бир хилда қўлланилиши юзасидан тавсия берилишига эҳтиёж юзага келгани қайд этилди.

Айтилдики, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан уйга киритиш, ундан фойдаланиш тартибини белгилаш, уйдан кўчириш ва фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш билан боғлиқ низолар кўриб чиқилишида муайян муаммо ва тушунмовчиликлар юзага келаётгани инкор этилмайди. Ушбу туркумдаги кўриб чиқилган ишлар таҳлили шундай тушунмовчиликларга ҳуқуқий ечим топиш, процессуал қонун нормаларини қўллашдаги хато ва камчиликларни бартараф этиш орқали  ягона суд амалиётини  шакллантириш зарурияти мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан,  ушбу туркумдаги ишларни бир суддан бошқа судга ўтказиш, давлат божини белгилаш ва кечиктириш асослари, муниципал, идоравий уй-жой фонди турар-жойларидан фойдаланиш, уй (квартира) мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек доимий яшаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мулк эгасининг ҳуқуқининг  ҳар қандай бузилишига доир низолар бўйича қабул қилинган суд қарорларида турфа хиллик ҳолатлари кузатилмоқда.

Муҳокамаларда ишда қатнашувчи шахсларнинг уйда яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқи қайси асосда вужудга келгани, уйга киритиш ишларида даъвогарнинг уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи мавжудлигини аниқлаш,  уй-жойдан фойдаланиш тартибини белгилашда уйнинг ҳолати, ҳар бир шахснинг эҳтиёжлари ва имкониятларини ҳисобга олиш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек,  уйдан фойдаланиш ҳуқуқи йўқотилган деб топиш ҳақидаги фуқаролик ишларини кўришда ишнинг ҳақиқий ҳолатини, шахс узоқ муддат уй-жойда яшамаганлиги, фойдаланмаганлиги ва бошқа яшаш жойига кўчиб кетганлиги ҳолатини аниқлаш ҳам мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Бундан ташқари  вояга етмаган шахсларни турар жойдан кўчириш ва фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги ишларни кўришда, уларнинг қонуний вакилларини суд ишига жалб этмаслик суд қарори бекор қилинишига асос бўлиши ҳам эслатилди.

Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 22-сонли қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар  ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech