Судьялар мустақиллигини амалда таъминлаш – давр талаби
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида барча давлат органлари фаолиятида демократик тамойилларни жорий этиш, уларни янги жамиятнинг шиддатли ислоҳотлари талабларига мослаштириш, замонавий тенденциялар асосида иш самарадорлигини кўтаришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлат ҳокимиятининг алоҳида мустақил, муқим тармоғи бўлган суд органлари фаолиятини тубдан демократлаштириш, очиқ ва шаффоф тартиб-таомиллар асосида ривожлантириш мақсадида 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва унда белгиланган янги вазифалар юқорида айтиб ўтганимиздек, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий принципларни таъминлашнинг мантиқий давоми бўлди.
Фармоннинг амалий аҳамияти шундаки, судлар фаолиятини ташкил этиш ва уни бошқариш, судьялар мустақиллигини амалда таъминлаш жараёнида муайян ваколатларга эга ҳамда бир-биридан ўзаро мустақил бўлган судьялар ҳамжамияти органларининг ўрни ва ролини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллашувига олиб келади.
Шу билан бирга, судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти билан боғлиқ халқаро ҳужжатларда белгиланган илғор демократик тамойилларнинг миллий қонунчиликка сингдирилишини таъминлайди. Ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга, малакали судья кадрларни тайёрлаш, улар орасидан энг муносибларини танлаш ва судьялик лавозимларига тайинлашнинг очиқ, ошкора ва шаффоф механизмларини жорий этиш имкониятларини оширади. Умуман, судьялар ҳамжамияти органларининг фаолиятини тартибга соладиган миллий қонунчиликни янги, прогрессив нормалар билан бойитиб, иш динамикасини оширади.
Биз учун энг муҳими, Фармонда белгиланган вазифалар Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари жамоасига ҳам бир қатор масъулиятли вазифаларни юклайди.
Хусусан, суд мустақиллигига оид илғор стандартларни жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бўлимнинг тегишли бандида судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш вазифаси қўйилган.
Бу академиянинг асосий мақсади, яъни бўлажак судьяларни тайёрлаш бўйича олти ойлик ўқув курсларида таҳсил олаётган тингловчилар (бўлажак судьялар)нинг, шунингдек, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш жараёнида уларнинг ахлоқий юксалиши, қалбан улғайиши, виждонан покланиши, судьянинг маънавий камолотини таъминловчи янги, замонавий ва таъсирчан ўқув қўлланмаларини яратиш ва тизимли жорий этишни тақозо қилади.
Бунинг учун академиядаги ҳар бир кафедра, ҳар бир ўқитувчи ўзининг кундалик фаолиятида янгича ёндашув, илмий ва педагогик изланишлар олиб бориши лозим. Айниқса, Касбий кўникмалар кафедраси ўқитувчилари юксак ахлоқий-иродавий ҳамда касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш самарадорлигини оширишга амалий таъсир кўрсатадиган методикаларни ишлаб чиқиши ва амалиётга татбиқ этиши мақсадга мувофиқ.
Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада олдимизга қўйилган яна бир муҳим вазифа борки, бу бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш билан изоҳланади. Шу маънода, ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги, аввало, Одил судлов академияси фаолияти самарадорлиги билан чамбарчас боғлиқ, албатта.
Шундан келиб чиқиб, бугунги жамиятда судьяларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини шакллантиришнинг янги методологиясини ишлаб чиқиш билан боғлиқ тадқиқотларга бўлган зарурият тобора кучайиб бораётганини инкор этиб бўлмайди. Табиийки, ушбу зарурият соҳада чуқур илмий-амалий ва назарий ёндашувлар асосида фундаментал тадқиқотлар олиб боришни, қолаверса, судьяларни тайёрлаш жараёнида касбий билим ҳамда кўникмалари билан биргаликда, уларнинг маънавий камолотига алоҳида эътибор қаратишни талаб этади.
Ҳужжатда суд мустақиллиги кафолатларини кучайтириш борасида янги вазифалар ҳам назарда тутилган. Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормаларини суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш масалалари шулар жумласидан. Бу ҳам академиянинг суд соҳасида юксак малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш заруриятини вужудга келтиради. Бунинг учун Одил судлов академияси суд тизимида замонавий фикрлайдиган, ҳалол ва юксак салоҳиятли янги авлод судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгилаши шарт.
Академия тингловчиларига суднинг барча йўналиши — фуқаролик, жиноят, маъмурий ёки иқтисодий ишларни кўришда ҳақиқий ҳолатни аниқлаши ва амалдаги қонунлар асосида ҳуқуқий баҳо бериши, ўз қарорининг нафақат қонуний ва асослантирилганлигига, балки адолатлилигига ҳам эътиборли бўлиши зарур. Ана шундагина, жамоатчиликнинг суд органларига нисбатан ишончи ортиб, жамиятда суд чинакам адолат қўрғонига айланади.
Умуман, мазкур Фармон ва унда белгиланган вазифалар академияда ўтказиладиган ўқув жараёнларини янги жамият қўяётган юксак талаблар — замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан амалиётда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, суд фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан тўла таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.
Пировард натижада судьяларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш даражаси янги босқичга олиб чиқилиб, миллий суд тизимини халқаро стандартларга яқинлаштириш, малакали ва маънавий етук судьялар корпусининг шаклланишида муҳим амалий аҳамият касб этади.
Шерзод Абдуқодиров,
Ўзбекистон Республикаси
Одил судлов академияси ректори,
юридик фанлари доктори
(Манба: "Халқ сўзи" газетаси, 2025 йил 8 декабрь.)
