Остонада халқаро форум бўлиб ўтди
Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилганининг 10 йиллиги ва ушбу мамлакатнинг Туркий давлатлар суд-ҳуқуқ кадрларини тайёрлаш тармоғига раислиги доирасида "Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали одил судлов фаолияти: миллий анъаналар ва халқаро стандартлар мувозанати" мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг судьялар ҳамжамиятлари раҳбарлари, Одил судлов ва Адлия академиялари масъуллари, ҳуқуқшунос олимлар, экпертлар иштирокида ўтган анжуманда адолатни самарали таъминлашда миллий ҳуқуқ тизимини халқаро меъёрлар билан уйғунлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари, бунда жамиятда шаклланган тарихий-ҳуқуқий анъаналарга мувозанатли ёндошув масалаларида фикр алмашилди.
Шунингдек, глобаллашув шароитида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, рақамли суд, суд фаолиятида сунъий интеллектни қўллаш, суд-ҳуқуқ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва судьялар корпусини шакллантиришда Туркий давлатлар ўртасида илғор тажрибалар алмашинуви борасида қатор таклифлар ҳам муҳокама қилинди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров бошчилигида Одил судлов академияси масъулларидан иборат делегация иштирок этди.
Вакилларимиз мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, айни жараёнда одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш, суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш ҳамда судлар фаолиятига рақамлаштириш технологияларини жорий этиш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирлари тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Кеча бошланган халқаро форум бугун ўз иши якунлади.
(Фото: Қозоғистон Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати)









