Расмий муносабат
Лавозимидан озод этилган судьянинг ишга тиклашга оид даъво-аризаси суд томонидан иш юритувга қабул қилинмагани (шу мазмундаги биринчи суд инстанциясининг ажрими юқори суд инстанцияларида ўзгаришсиз қолдирилган) ижтимоий тармоқларда турли талқинлар билан муҳокама қилинмоқда. Муҳокамаларда судларнинг бундай ва бирдай тўхтамга келаётгани иш бўйича жавобгар судьялар ҳамжамияти органи экани, гўёки судьялар ушбу органга қарши бораолмаслиги мазмунида изоҳ-муносабатлар ҳам учрамоқда.
Судьялар дахлсизлиги бузилиши, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилиш Судьялар олий кенгашининг устувор вазифалари сирасига киради. Шундай экан, муайян суд ишларига Кенгаш томонидан гўёки босим ўтказиш эҳтимоли наинки қонун, балки мантиққа ҳам тўғри келмайди.
Иккинчидан, судьяларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этишнинг хос ҳуқуқий тартиблари бор. Хусусан, судьянинг лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги қарор тўғридан-тўғри Кенгаш томонидан қабул қилинмайди. Бундай ваколат жойлардаги судьялар малака ҳайъатига тегишли бўлиб, ушбу тузилма томонидан қабул қилинган қарор, тегишли шикоятга кўра, Судьялар олий малака ҳайъати, сўнг Судьялар олий кенгаши томонидан кўриб чиқилиши мумкин.
Лавозимидан озод этилган судьялар, жумладан, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган туман суди собиқ раисининг ҳам ваколати мазкур тартибда муддатидан илгари тугатилган. Яъниким, туман суди раисига нисбатан ўтказилган хизмат текшируви натижалари вилоят судлари судьялари малака ҳайъати муҳокама этилиб, судьялик ваколатларини муддатидан илгари тугатиш интизомий жазоси қўлланилган. Ушбу қарор тегишли тартибда Судьялар олий кенгаши томонидан коллегиал тартибда кўриб чиқилиб, тўғри ва асосли деб топилган. Қарор тафсилотлари шахсга оид маълумотлар, шунингдек, хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатларга ҳам маълум даражада тааллуқлиги боис очиқланиши мақсадга мувофиқ эмас.
Бундан кўринадики, туман судининг собиқ раисининг лавозимидан озод этилгани битта орган ёки шахслар номи билан боғлаш мутлақо асоссиз.
Шу мавзуда сиздирилаётган хабарларда вилоят судлари судьялари малака ҳайъати раиси гўёки сирли равишда вазифасидан олингани алоҳида урғу берилади. Бу иддаода ҳам асос йўқ. Негаки, қонун билан тасдиқланган тегишли низомга мувофиқ, малака ҳайъатлари раиси, ўринбосари ва аъзолари Кенгаш томонидан эмас, балки жойлардаги судьяларнинг конференцияларида беш йил муддатга сайланади.
Шу ўринда яна бир маълумот: айнан судьялар дахлсизлигини янада самарали таъминлаш мақсадида, илғор тажрибалардан келиб чиқиб, барча вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари (ёки ўринбосарлари) бир вақтнинг ўзида малака ҳайъатларига ҳам раҳбарлик қилиши амалиёти бекор қилинган.
Якунда таъкидланадики, туман суди собиқ раисининг фуқаролик тартибида судга мурожаат этиши, шунингдек, қабул қилинган суд ҳужжатини муҳокама қилиш ёки у бўйича тушунтириш бериш Кенгаш ваколатига кирмайди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати
